Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:58

Тожикистонда имомлар ишдан олинмоқда


Тожикистонда “дунёқараши замон талабига жавоб бермайди”, деб қаралган 26 нафар имом масжидлардан ҳайдалди. Ҳукумат қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита масъулларидаги маълумотларга кўра, ўтган йил давомида тахминан 250 нафар имом имтиҳон қилинган.

26 нафар имомнинг вазифасидан бўшатилгани ҳақида Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳим Холиқов журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди.

- Айрим имомларимизнинг диний ва дунёвий билим савияси бугунги замон талабларига умуман жавоб бермайди. Шунингдек, уларнинг кўпчилиги шариат қонунлари билан бирга қонунчилигимиздан ҳам бехабарлар. Шуни назарга олган ҳолда, биз 26 нафар имомга бу йўналишда ўз билимларини мукаммал қилмагунларича масжидларда фаолият қилишларини чекладик, - дея билдирди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Холиқов.

Ҳукумат мулозими Холиқов айнан қайси шаҳар ва тумандаги масжид имомлари вазифасидан олингани ҳақида тўла маълумот беришдан тийилишини билдирди.

Расмий яқин кунларда республика имомларининг билим даражасини ошириш мақсадида қисқа муҳлатли курслар жорий қилинишини ҳам қўшимча қилди.

Имомлар фаолияти бўйича тадқиқотлар олиб бораётган жамиятшунос Мунира Иноятова фикрича, республика масжидларидаги аксарият имомлар диний таълимни уй шароитида олганлиги сабабли уларнинг диний ва дунявий билим савияси бугунги давр талабига мос эмас.

- Дин уламолари, яъни имомларимиз жойларда иш олиб боришни билмайдилар. Менимча, биз дин уламоларининг диний ва дунёвий билим савиясини, малакасини оширишга хизмат қила оладиган бир идора ташкил қилишимиз зарур, - дея фикр билдирди жамиятшунос Иноятова.

Сўғд вилоятидаги масжидларнинг бирида имомлик қилаётган Абдураҳим Мирзомуҳаммадов иқтидордаги ҳукумат биргина Душанбе шаҳрида фаолият қилаётган Ислом олийгоҳи билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир вилоятда ана шундай ислом марказларини ташкил топтирсагина кўзланган мақсадга эришилиш мумкинлигини таъкидлайди.

- Имомларимизнинг билим савиясини замон талабига мувофиқлаштириш учун ҳар бир вилоят биттадан диний таълим марказлари ташкил қилиш лозим, агар асосий мақсад имомларнинг билим савияси яхшиланиши бўлса. Лекин агар фақат Душанбе шаҳридаги биттагина Ислом институти билан чекланиб қолинса, ўша “эски ҳаммом, эски тос” бўлиб қолаверади, бу йўналишда қоғозбозликдан бошқа нарса бўлмайди, - деган ишончда “Нури иймон” масжиди имоми Абдураҳим Мирзомуҳаммадов.

Гарчи Тожикистон конституциясида дин давлатдан ажратилгани белгилаб қўйилган бўлса-да, иқтидордаги ҳукумат сўнгги бир неча йил давомида имомлар ва масжидлар фаолиятини қаттиқ назорат остига олиб келади.

Тожикистон ҳукумати таклифи билан ўтган йили қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун бандларидан бирида имомлар маҳалла фуқаролари томонидан овоз бериш йўли билан бу вазифага сайланиши белгиланганди.

Тожикистонда “имомлар фаолиятини тартибга солиш” кампанияси 2007 йил бошлаб юборилган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Тожикистоннинг Хатлон, Сўғд вилоятлари ва Душанбе шаҳрида тахминан 250 нафар имом ҳукумат қошидаги Дин қўмитаси мутахассислари томонидан имтиҳон қилинган.

Тожикистон ҳукумат расмийларининг имомлар фаолиятида кузатган яна бир нуқсон уларнинг намозхонларга қилаётган амри маъруфларида экан.

- Иш шу даражага бориб етганки, айрим таниқли дин уламолари ўз амри маъруфларини бошқаларга хусумат ва ҳатто уларни таҳқирлаш қуроли қилиб олган. Шуни назарга олган ҳолда, биз 52 та амри маъруфни ўз ичига олган 140 саҳифадан иборат “Мавъиза” китобини яқин кунларда нашрдан чиқариб, имомларимизга тақдим қилишга бел боғладик. Зора, шундан сўнг айрим имомларимиз амри маъруф қоидаларини тушуниб етсалар, - деди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Холиқов жаноблари.

Яқин кунларда ёруғ кўриши айтилаётган мазкур китобдан ота-она ҳурмати, ватанпарварлик, қўшнилар ҳақи каби мавзулар ўрин олган бўлиб, у йилнинг 52 ҳафтаси давомида жума намозларига тўпланадиган намозхонларга ўқиб борилади.

Ўз исмини айтмаган ва микрофонга гапирмаган тожикистонлик имом амри маъруфларни ўз ичига олган бу китобнинг ҳукумат томонидан жамиятга тақдим қилинишини ”коммунистик тузумга қайтиш”, дея баҳолади. У бугунги кунда виждон эркинлиги кафолатланган намозхонлар ва уларга амри маъруф қилиши вожиб бўлган имомлар ҳукумат идоралари томонидан қаттиқ назорат қилинаётганидан ташвиш билдирди.

Дин қўмитаси масъуллари эса бу иддаоларни рад этиб, бундай тартиб бир қатор ислом мамлакатлари, жумладан, Туркия, Эрон, Қатар ва Бирлашган Араб амирликлари тажрибасида бор эканини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG