Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:42

Раҳмон ҳокимияти хавф остида қолганлар рўйхатида


Тожикистонлик таҳлилчиларнинг айримлари давлат раҳбари Имомали Раҳмон худди Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод каби катта ҳурмат-эътиборга эга эканини айтмоқдалар.
Тожикистонлик таҳлилчиларнинг айримлари давлат раҳбари Имомали Раҳмон худди Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод каби катта ҳурмат-эътиборга эга эканини айтмоқдалар.

Ер юзидаги турли давлатлар ички сиёсий муҳитини ўрганган “Time” журналининг ёзишича, узоқ йиллардан бери ҳукмронлик қилиб қелаётган ўн авторитар давлат раҳбарлари кутилмаганда юз бериши мумкин бўлган давлат тўнтариши туфайли тахтдан қулаши мумкин.

“Time” журнали рўйхати бошидан Миср президенти Ҳусни Муборак жой олган. Сўнгра Жазоир, Эрон, Судан, Белорус, Яман, Зимбабве, Шимолий Корея президентлари ва Саудиа Арабистони подшоси ҳам шу рўйхатга киритилган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон рўйхатнинг саккизинчи қаторидан жой олган. “Time” экспертлари таҳлилича, Имомали Раҳмон раҳбарлигидаги Тожикистон қонунбузарлик авж олаётган қашшоқ давлат саналади. Шунингдек, Афғонистонга қўшни бўлган бу мамлакат наркотиклар ноқонуний савдоси учун энг қулай бўлган транзит давлат ҳамдир.

“Time” журнали экспертлари мулоҳазасича, Имомали Раҳмон ўз авторитар сиёсатини экстремизм ва террорчиликка қарши йўналтирганини намойиш этса-да, аслида Тожикистонни ўз мулки сифатида бошқариб келади.

Мақола муаллифлари Имомали Раҳмон бошқараётган ҳукумат Тожикистон устидаги қора булутлар туфайли ағдарилишига шубҳа қилмайди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази раис муовини Сайфулло Сафаров америкалик экспертлар иддаолари ўринсизлигини таъкидлайди.

- Менинг фикримча, уларнинг айтганлари сиёсий жиҳатдан ҳам, илмий жиҳатдан ҳам асосланмаган. Чунки, масалан, Эрон давлат раҳбари Маҳмуд Аҳмадийнажод маълум обрў-эътиборга эга ва давлати эса жуда қудратли. Шунингдек, Лукашенко давлати ҳам собиқ шўро давлатлари орасида ижтимоий жиҳатдан жуда осойишта давлат, президентнинг ўзи ҳам обрўли. Президентимиз жаноб олийлари ҳам шу каби. Дунёда ўта авторитар ва ҳатто тоталитар саналган давлатлар бор. Лекин америкалик экспертлар нима учун уларни назардан четда қолдирганлигига ҳайронман, - дейди тожик расмийси Сайфулло Сафаров.

Бироқ Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдолов “Time” журналида нашр қилинган мулоҳазалар ва авторитар ҳукмдорлар бошида айланаётган хатар ҳақиқатга яқинлигини айтади.

- Давлат мулкини хусусийлаштириш ортидан жуда қисқа вақт ичида катта сармоялар эгасига айланган “янги тожиклар” билан жамиятдаги қашшоқлар орасида тўқнашув келиб чиқиш хавфи кун сайин кучаймоқда. Мен буни қайта-қайта айтганман, бу масалага давлат ҳам, депутатларимиз ҳам жиддийроқ аҳамият қаратиши лозим. Бу ишнинг охири катта бахтсизлик олиб келиши аниқ, - дер экан Тожикистон қуйи палатаси депутати Шоди Шабдолов дунё давлатларида рўй бераётган халқ ғалаёнларига айнан қашшоқлик сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Коммунистлар партияси раҳбари Шоди Шабдолов республикада кечиктирмай жиддий иқтисодий ислоҳот ўтказиш лозимлигини ва мавжуд муаммоларни тезроқ ҳал қилиш зарурлигини айтади.

- Акс ҳолда, биз ўз мустақиллигимизни қўлдан беришимиз мумкин, - дейди коммунистлар раҳбари Шабдолов.

Аснода яқин орада ўз ҳокимиятидан ажралиб қолиш хавфи остида бўлган авторитар ҳукмдорлар рўйхатига Марказий Осиё лидерларидан фақат Имомали Раҳмон киритилган.

Мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов бу ерда асосан давлатлар иқтисодий вазияти назарга олинган ҳолда минтақа давлатларидан фақат Тожикистон президенти қора рўйхатга кириб қолган, дея мулоҳаза билдиради.

- Менимча, бу рўйхат давлатларнинг ҳозирги иқтисодий шароити назарга олинган ҳолда тузилган бўлса керак. Мен Марказий Осиёдаги авторитар давлатлар қаторига Ўзбекистонни ҳам киритган бўлар эдим. Чунки бу давлатда демократик принципларга умуман амал қилинмайди. Бу биргина менинг фикрим эмас. Бу борада жуда кўплаб хорижий ташкилотлар ҳам ўз ҳисоботларида ёзган. Лекин бу давлат Тожикистонга нисбатан иқтисодий жиҳатдан бой ва катта озиқ-овқат заҳираларига эга бўлгани учун ҳам “Time” экспертлари назаридан четда қолган, деб ўйлайман, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов.

Қарийб етти миллион киши истиқомат қилаётган Тожикистон аҳолисининг тақрибан 70 фоизи қашшоқликда умргузаронлик қилаётганини ўтган йили давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг ўзи ҳам тан олган эди.

Аҳолисининг катта қисми ишсиз бўлган Тожикистонда давлат саноат корхоналарининг қарийб 80 фоизи мамлакатда рўй берган фуқаролар урушидан (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) сўнг фаолиятини тўхтатган. Бу корхоналарнинг кўпи эса бугунги кунда президентга яқин бўлган шахслар томонидан хусусийлаштирилиб олингани айтилади.
XS
SM
MD
LG