Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:05

Дунёда озиқ-овқат нархи ошмоқда, ўзбек ҳокимлари буғдойзорларни пайҳон қилмоқда


Нархларнинг ошиши ўзбекистонликларнинг аҳволини янада қийинлаштирди, дейди кузатувчилар.
Нархларнинг ошиши ўзбекистонликларнинг аҳволини янада қийинлаштирди, дейди кузатувчилар.

Жаҳон банкига кўра¸ озиқ-овқат нархларининг ошгани кейинги ярим йил ичида ривожланаётган мамлакатларда 44 миллионга яқин аҳолининг қашшоқлашишига сабаб бўлган. Ўзбекистонда ҳам ўтган йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи 50-100 фоизга ошди.


Жаҳон банки ҳисоботига кўра, ўтган йилнинг июнь ойидан жорий йил январигача дунёда буғдой нархи деярли икки баравар ошди, маккажўхори 73 фоизга қимматлаган. Лекин гуруч нархининг сезиларли даражада ошмаган.

Шакар ва истеъмол ёғлари нархлари ҳам кескин кўтарилган. Буғдой нархи Тожикистонда 37 фоизга, Қирғизистонда 54 фоизга ошгани кузатилди, дейилади ҳисоботда.

Озиқ-овқат нархларининг 2008 йилдаги рекорд даражасига етишига 3 фоиз қолгани хулоса қилинган ҳисобот дунёнинг иқтисодлари энг йирик 20 давлат молия вазирларининг Париждаги йиғини олдидан эълон қилинди.

Жаҳон банки Интернет сайтида банк президенти Роберт Зоелликнинг ушбу сўзлари келтирилади:

“Жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархлари хавфли даражага кўтарилмоқда ва дунё бўйлаб ўн миллионлаб қашшоқ аҳолининг ҳаётига таҳдид солмоқда. Нархларнинг ошиши аллақачон миллионлаб одамларнинг қашшоқлашишига олиб келди ва даромадининг ярмидан кўпини овқатга сарфлаётган миллионлаб кишилар учун муаммолар яратмоқда.”

Жаҳон банки президенти Роберт Зоеллик даромадининг ярмидан кўпини озиқ-овқатга сарфласа, у қашшоқликка дучор бўлади, деб айтди. Агар шу тамойилдан келиб чиқадиган бўлсак, ўзбекистонликлар озиқ-овқатга даромадининг қанчасини сарфлаяпти, деган саволга жавоб олиш ўринли бўларди, зеро Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистон ҳақида гап йўқ.

Суҳбатдошимиз сурхондарёлик ўқитувчи Фахриддин. Саккиз жонли оилада у якка боқувчи. Оладиган маоши 400 минг сўм. Бу маош 100 фоиз пластик карточкага ўтказилади. Нақд пул қилиш учун у ҳар 100 мингнинг 15 фоизидан кечишга мажбур. Хўш, қўлига 360 минг сўм ҳам қолди дейлик, нимага сарфлайди у?

- Мана бозорга чиқамиз. Бир ойда икки қоп ун олишга тўғри келади. Икки қоп унни ҳисоблаб кўринг. Келинг ўртача 150 минг дейлик. Бир ойга 5-6 кило мой кетаяпти. Ўшанинг ўзи 20 минг. Мана гўшт ейсиз. Бир кило гўшт пластик карточкага 12 минг бўлган. Бир ойга тўрт-беш кило гўшт ейсиз. Унинг ўзи ҳам 50 минг бўлаяпти. Мен энди жуда зарурларини айтаяпман.

Ана энди гуручга ўтайлик. Гуруч нархи бизнинг бозорда 1500 сўмдан 2000 сўмгача бор. 10 кило гуруч оласиз. Картошка бозорда 1000 сўм. 20 кило картошка оласиз. Ўшанинг ўзи билан мана 270 минг сўм. Пиëз оласиз. Пиëз ҳам 800-1000 сўм. Шу билан мана 300 мингга бориб қолди. Бундан ташқари бошқа озиқ-овқатларни ҳисобланг. Конфет олиш керак, бошқа олиш керак. Ҳаммасини битталаб ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, етмайди. Ўртамиëна қилсангиз, учма уч бўлиб қолади. Лекин ҳамма озиқ-овқатни ҳам пластик карточкага олиб бўлмайди,-дейди Фахриддин.

Ўқитувчига кўра бир йил олдин ана шу озиқ –овқат маҳсулотларининг деярли тенг ярим нархига харид қилиш мумкин эди:

- Масалан ҳозирги кунда бозорларда Қозоғистон унлари 85 мингдан турибди. Ўтган йили 50-60 минг атрофида эди. Ўзимизнинг туман, қўшни туман ишлаб чиқараëтган унлар 65 минг нархланди. Ўтган йили 35 минг сўм атрофида эди. Ўсимлик мойи тўғрисида айтадиган бўлсак, шу кеча кундузда бозорнинг ичида нархи 4500 сўмни ташкил қилаяпти. Маҳаллаларга олиб келиб тарқатиладиган нархи эса 2800 сўм атрофида. Ўтган йили бу мойлар бозорнинг ўзида 2800 сўм эди. Маҳаллаларда 1800-2000 сўм атрофида тарқатилар эди.

Ва бир йил орасида Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат турлари бўлган ун ва ўсимлик ёғи 100-80 фоизга қимматлади,-деб хулоса қилади ўқитувчи.

Ўзбекистонда ўтган йили иш ҳақлари, пенсия ва нафақалар 42 фоизга оширилди. Бироқ ўзбекистонликлар маошларининг асосий қисмини озиқ-овқатга сарфламоқда.

Мамлакатда озиқ овқат маҳсулотлари етиштирувчилар асосан фермерлар ҳисобланади. Бироқ кузатувчиларнинг айтишларича, фермерлар мустақил эмас. Улар ўзи истаган маҳсулотни экиш ҳуқуқидан маҳрум. Асосий ерларга давлат монополияси бўлган буғдой ва пахта экилади. Давлат фермерлардан буғдойни бозорга қараганда икки баравар паст нархда сотиб олади, режани бажармаган фермер эса еридан ажралиши мумкин.

Самарқандлик Абдурайим Бозоровнинг айтишича, озиқ-овқат маҳсулотлари тобора тақчил бўлиб бораётган бир пайтда, маҳаллий ҳокимиятлар хусусий секторларни ривожлантириш ўрнига оддий одамларни томорқаларидан ҳам маҳрум қилмоқда. Абдурайим Бозоров Каттақўрғон тумани ҳокими ям-яшил бўлиб ўсиб турган аҳоли буғдойзорларини ҳайдаб ташлаганини бунга мисол қилиб келтиради:

- Каримов бобонинг ҳам, халқнинг ҳам бахтига ҳаво яхши бўлиб туриб одамларнинг еб-ичиши анча яхши. Лекин келаси йил оғир бўлса керак деб ўйлаяпман мен. Чунки буғдой масаласи жуда оғир бўлиб кетади. Одамларнинг экиб қўйган буғдойини туман ҳокимлари тўнтариб ташлади. Ерни олиб қўйди. Одамларнинг 151 гектар томорқасини ағдариб ташлади. Шунинг камида 100 гектарига буғдой экилган эди. Буғдой экилиб майса бўлиб турган эди. Кейин қулупнай экилган эди. Ҳаммасини ағдариб ташлади.

Беш киши ҳокимнинг қабулига бордик. “Юқоридан келган қарор борми? Нимага асосан буни ағдардингиз? Томорқа берилсин деган қарор бор” деб айтдик. “Ағдарган бўлса, мен қайтариб бераман” деган гап қилди ҳоким. Халқ юқорига мурожаат қилган эди. Президентга телеграмма юборган эдик. “Президентга телеграмма борди” деган уведомление келди. Лекин у ëқдан жавоб йўқ ҳали. Агар баҳор яхши келиб қолса, лалми буғдой бироз яхши бўлади. Буғдой нархи бироз тушса керак. Ҳозир простой, маҳаллий тегирмон унининг бир қопини 40 мингдан олаяпмиз,-дейди каттақўрғонлик Абдурайим Бозоров.

Муштарийнинг хабари бор, ўтган йилнинг охирида Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги Ойтуғди қишлоғи аҳолисининг ям-яшил бўлиб турган томорқа буғдойзорлари ҳам туман ҳокимининг буйруғи билан ҳайдаб ташланган эди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ўтган йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботга кўра, 2011 йилда энг қашшоқ давлатларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари импортига кетадиган харажати 11 фоизга ошади. Ташкилот 2011 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган экинзорлар етарли даражада кўпайтирилмаса, дунё аҳолисини оғир кунлар кутаётганидан огоҳлантиради:

“Товар бозорларидаги нархлар ўсишининг бир қанча сабаблари бор. Об-ҳавонинг ёмон келиши маҳсулот таъминотида дефицитни барпо қилди, иккинчидан, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қиладиган айрим давлатларнинг валюта бозорларидаги тебранишлар бунга сабаб бўлди. Агар келгуси йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг асоси бўлган маккажўхори, буғдой ва дуккакли экинлар етиштириш кўпайтирилмаса, жаҳондаги озиқ-овқат нархлари янада кўтарилиши мумкин”, дейилади БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG