Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:30

Ўзимизнинг Санобар опа


Санобар Шерматова умрининг катта қисмини ватанидан узоқда ўтказган бўлса-да, Ўзбекистонга бўлган муҳаббати сўнмаган эди.
Санобар Шерматова умрининг катта қисмини ватанидан узоқда ўтказган бўлса-да, Ўзбекистонга бўлган муҳаббати сўнмаган эди.

12 март куни Москвада таниқли журналист, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича жаҳон бўйлаб тан олинган эксперт Санобар Шерматова билан видолашув маросими бўлиб ўтади. Яқинларининг айтишича, маросимдан сўнг марҳума ватани Ўзбекистонга олиб кетилади ва 13 март куни Тошкентдаги Чор минор қабристонида дафн этилади.


7 мартга ўтар кечаси бевақт вафот этган Санобар Шерматова
тилга олинган икки минтақада нима бўлаётганинигина эмас, балки аслида нима бўлаётганини биладиган журналистлардан бири эди.

Опа 80-йиллар охири ва 90-йиллар биринчи ярмида Озодлик радиоси билан тиғиз ҳамкорлик қилган эди.

Эътиборингизга ҳавола қилинадиган мақолани "Ўзимизнинг Санобар опа" деб сарлавҳаладик.

Демак, Санобар Шерматова Ўзбекистонда – ватанида дафн этиладиган бўлди.

У шу юртда туғилди. Шу юртда ўсиб унди. Шу юртдан учирма бўлди.

Лекин опа Москвада танилди. Ferghana.ru сайти ёзганидай "русчаси гўзал бўлган муаллиф руҳан асл ўзбек аёли эди. У бундан фахрланарди лекин муаммоли юрти учун доим куюнарди. Юртини соғиниб яшар, йилда бир бориб турарди".

Шунга ўхшаш гапни Озодлик радиосининг 90-йиллардаги директори Ёқуб Турондан ҳам эшитдик.

- 90 йилларда, Ўзбекистон мустақилликка эришганда, ундан олдин ҳам онда-сонда ëзиб турардилар. Аммо Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Ўзбекистонда демократик ҳаракатларни юзага келтириш ва ўша ерда очиқ матбуот, эркин матбуот юзага келиши учун у киши анча мақолалар ëзиб, фаолият қилган. Оғир шароитларда бўлса ҳам кўп ҳақиқий, самимий фаолият қилган у киши,- дейди Ёқуб Турон.

Таниқли мухолифатчи, шоир ва журналист, бир неча йиллардан бери муҳожиратда яшаётган Ёдгор Обид ҳам 90-йилларнинг биринчи ярмида Озодлик радиоси билан Москвадан туриб ҳамкорлик қилган.

Санобар Шерматова билан Москвада бирга ишлаган йилларини Ёдгор ака мана бундай эслади.

- Аслида мен Санобархонни 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларида Тошкентда учратганман. У пайтда Анвар Усмонов билан бирга, кейин бошқа мухолифат вакиллари билан бирга юрганмиз. Тақдир тақозоси билан Москвага бориб қолганимда, кўп вақт бирга ишлаганмиз. Санобархон “Московские новости” газетасида ишларди. Кейин мени Озодлик радиосига ҳамкорлик қилишга биринчи бўлиб таклиф қилган ва менга бироз йўл-йўриқларни кўрсатган Санобархон эди,- дейди Ëдгор Обид.

Санобарни мутлақ кўпчилик рус тилида ёзадиган журналист сифатида танийди, лекин у ўз она тилини ҳам жуда нозик ҳис қилар эди, дейди Ёдгор ака.

- У ўз она тилини ҳам унутиб қўймаган ва ҳатто жуда яхши биларди. Бошқа ўзбек журналистларининг ëзувларини ҳам вақти келганда танқид қилган пайтлари бўлган. Рус тилида “полевой комнандир” деган жумла бор. Шунинг ўзбекчага тўғридан-тўғри таржимаси дала командири. Аслида бунинг рус тилида икки маъноси бор. Поле - дала ва поле боя – жанг майдони деган маънода ҳам ишлатилади. Бу рус тилида тўғри, лекин ўзбек тилига тўғри келмас эди. Шуни биринчи бўлиб Санобархон менга “Ëдгор ака, мана дала командири деган сўзни ишлатишаяпти. Аслида полевой командир дегани жанговор маънони билдиради. Шундай қилиб ишлатсак, нима дейсиз?” деб мендан маслаҳат сўраган. Менга маъқул бўлди жуда бу гапи. Ҳайратландим. Ўзбек тилини чуқур биладиган одамгина бунинг фарқига бориши мумкин эди,- дейди Ëдгор Обид.

Озодликнинг яна бир собиқ мухбири Носир Зокир Санобар Шерматова журналистикасини "объектив ва холис журналистика мактаби", деб атар экан, 90-йиллар бошларида кўпчилик қатори ўз умидларини демократик ҳаракатга боғлаганини ва натижада баъзи материалларида демократларга ён босиш ҳолатларига йўл қўйганини тан олади.

- Бўлаëтган воқеаларга ўта чуқур, ë мухолифат томонга ë ҳукумат томонга оғиб кетмаган ҳолда холис ахборот берарди. Бизнинг ҳавасимизни келтирарди. Биз энди ўша пайтларда сиëсий жараëнлар бўлиб турган, озгина оғиб кетиб қолардик мухолифат томонга. Лекин Санобархон ҳеч қачон бир томонга оғмасдан холис ахборотларни берарди,- дейди Носир Зокир.

Носир Зокир каби романтиклардан фарқли ўлароқ Санобар Шерматова нафақат бугун нима бўлаётганини, балки эртага нима бўлишини ҳам аниқ тасаввур қила оладиган журналистлардан бири эди.

- 1996 йил мен бир иш билан Россияга борганимда, беш-олти соат бирга гаплашиб, “Ўзбекистоннинг келажаги нима бўлади? Қайси йўлдан кетади?” деган саволларга, биз берганимизда, Санобархон “Носир ака хафа бўлманглару, сизларга қийин бўлади энди. Жуда қийин бўлади. Ҳаттоки ташқарига чиқиб кетадиган кучлар ҳам бундан бу ëғига кўпаяди агар ҳозирги система бўлиб турадиган бўлса. Сизларга қийин бўлади” деган фикрларни айтган эди,- дейди Носир Зокир.

Сўнгги бор Санобар опа билан гаплашганимга икки ҳафтаям бўлгани йўқ.

Ўша суҳбат чоғида опанинг яқиндагина Қирғизистондан қайтганини билдим. У кимлар билан учрашгани тўғрисида, бу мамлакат билан боғлиқ умидларию ташвишлари тўғрисида айтиб берган эди.

Режалари билан ўртоқлашган, янги китоб устида иш бошлаганини айтган эди.

Бирдан йўқотиб қўйдик опани.

Китоби ҳам энди ёзилмайди.

Алвидо, Санобар Опа. Ўзимизнинг опамиз.
XS
SM
MD
LG