Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:31

Рамсфелд Андижон қирғини ҳақидаги фикрида собит


Ўзбекистонни АҚШ нинг Афғонистондаги урушидаги яқин ҳамкорга айлантириш ғояси муаллифи Доналд Рамсфелд эди.
Ўзбекистонни АҚШ нинг Афғонистондаги урушидаги яқин ҳамкорга айлантириш ғояси муаллифи Доналд Рамсфелд эди.

Озодлик билан суҳбатда АҚШ собиқ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига чиққанларнинг Ўзбекистонда исломий давлат қурмоқчи бўлган қуролли экстремистлар экани борасида ўз китобида баëн қилган фикрида қатъий эканини таъкидлади.


Бу фикрни саккиз йилга яқин АҚШ даги энг қудратли тизим – Мудофаа вазирлигини бошқарган Доналд Рамсфелд ўтган ой сотувга чиққан “Маълум ва номаълум” номли хотира китобида қайта-қайта келтирган эди.

Мазкур китобда келтирилган фикр-хулосалар юзасидан 15 март куни Рамсфелд билан суҳбатлашган Озодлик мухбири Пентагон собиқ раҳбаридан бундай хулосанинг қандай фактлар устига қурилганини сўради.

Зотан Рамсфелднинг ўз сайтида келтиришича¸ Рамсфельд сўровига кўра, Қарши-Хонобод базасида жойлашган ҳарбий разведка ходимлари тайёрлаган ҳужжатларда, Андижон исёнига исломчи кучлар эмас, балки оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятдан норози бўлган халқ норозилиги сабаб бўлгани айтилади.

Суҳбат давомида Озодлик мухбири собиқ Пентагон раҳбаридан бу зиддиятга ойдинлик киритишни сўради.

- Мен бу масалада ўз китобимда таъкидлаганим хулосада қатъийман. Разведка хизмати тўплаган маълумотлар ҳар хил манбадан олинган аҳолида-алоҳида маълумотдир ва улар синчковлик билан таҳлил қилиниб¸ калаванинг учи топилиб¸ кейин бир хулоса чиқариш учун асос ўлароқ хизмат қилади¸ холос. 2005 йилда¸ афсуски¸ бизда Андижон воқеалари ҳақида етарли маълумот йўқ эди ва биз нималар бўлганини унча яхши тушунмадик. Орадан 6 йилча ўтиб ҳам¸ Андижонда одамларнинг нима мақсадда кўчага чиққанига оид баҳс ҳамон давом этмоқда. Мен ўз китобимда ана шу воқеаларга ҳалол ва объектив баҳо беришга уриндим.

Албатта¸ бизнинг давлатимиз бошқа мамлакатдларда ҳам инсон ҳақлари ва демократия қарор топишидан манфаатдор ва биз одамлар ўз ҳукуматидан қониқмаган тақдирда унга ўз норозилигини билдиришга ҳақли эканини тан оламиз. Бу яхши нарса.

Аммо бошқа томондан¸ дунëдаги давлатларга бии-р қараб чиқайлик – уларнинг нечтасида Америкадаги каби демократик қадриятлар ҳукмрон? Сиëсий эркин тузумларни бармоқ билан санаса бўлади – бу бизнинг Ғарбий Европа¸ Австралия¸ Канада ва Япониядаги ҳамкорларимиз холос. Шу маънода¸ Марказий Осиë ва Ўзбекистон Америкага нисбатан сиëсий эркинликлар анча кам бўлган ягона минтақа ва давлат эмас.

АҚШ Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматини асоссиз равишда¸ ҳали фактлар тўлиқ маълум бўлмай туриб кескин танқид қилди ва мен буни Буш маъмуриятининг ташқи сиëсатдаги энг катта хатоларидан бири, деб биламан.

Хўш¸ орадан шунча вақт ўтиб нима ўзгарди? Бу танқиддан кейин Ўзбекистон сиëсий-иқтисодий жиҳатдан эркинроқ давлатга айландими¸ ëки аксинча? Бундай кескин танқид оқибатида биз нафақат хавфсизлик соҳасидаги яқин ҳамкоримиз ва Қарши-Хонобод базасидан айрилдик¸ балки Ўзбекистондаги демократик жараëнларнинг ортга қайтишига ҳам ҳисса қўшдик. Мени тушундингизми? деди Озодлик саволига жавоб қайтарган АҚШ собиқ Мудофаа вазири¸ ўтган ой АҚШ да сотувга чиққан "Маълум ва номаълум" деб номланган мемуар муаллифи Доналд Рамсфелд.
XS
SM
MD
LG