Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Ливия ҳаво кучларининг йўқ қилингани айтилмоқда


Исёнчилар Қаддафийга қаршиликни давом эттирмоқда.
Исёнчилар Қаддафийга қаршиликни давом эттирмоқда.

Халқаро коалиция Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийнинг ҳарбий истеҳкомларига ҳужумларни давом эттирди. Коалиция кучлари Қаддафийга қарашли ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумларидан мудофаа тизимлари йўқ қилинганини айтмоқда. Айни пайтда, Қаддафийга содиқ кучлар билан исёнчилар ўртасида жанглар давом этаётгани хабар қилинмоқда.


Халқаро коалиция олти кундан бери Ливияни ҳаводан ўққа тутаётганига қарамасдан, Қаддафига содиқ кучлар ва исёнчилар ўртасида йирик шаҳарлар учун жанглар ҳам давом этмоқда.

Пайшанбага ўтар кечаси Триполида коалицияга қарашли учқич ёнилғи омборига ҳужум уюштирди.

Гувоҳларга кўра, пойтахт яқинидаги Тажура қишлоғида жойлашган ҳарбий базада ҳам катта портлаш рўй берган.

Ливиянинг давлатга қарашли JANA агентлиги коалиция кучлари Тажурага қилган ҳужум оқибатида кўплаб тинч фуқаролар ҳалок бўлганини хабар қилди. Чоршанба куни кечқурун Ливия Ташқи ишлар вазири ўринсбоари Холид Қаим ҳаво ҳужумларини тўхтатишга чақирди.

- Бугун амалга оширилган ҳаво ҳужумлари қуролланган ҳарбийлар билан оддий фуқароларни ҳам нишонга олди. Миллий мулоқот ва нормал ҳаётга қайтиш учун ҳаво ҳужумлари дарҳол тўхтатилиши лозим,- деди Ливия расмийси.

Қаддафийга қарашли танклар мухолифат назоратида қолаётган Мисрата шаҳрида касалхонанини ўққа тутгани хабар қилинди. Шунингдек Қаддфийга содиқ снайперлар одамларга қарата палапартиш ўт очаётгани айтилмоқда.

Гувоҳларнинг айтишича, халқаро кучлар ҳужуми натижасида ҳукумат танклари исёнчилар қўлида қолаётган шаҳардан чекинган.

Шарқда ҳам Қаддафий тарафидаги кучлар билан исёнчилар ўртаида Аждабия шаҳри учун жанглар бўлгани хабар қилинди.

Франция Ташқи ишлар вазири Ален Жюппе коалиция кучларининг Ливияга қарши ҳаво ҳужумлари “муваффақиятли” кечаётгани ва “қанча керак бўлса, шунча давом этади”, дея баён қилди.

RTL радиосига берган интервьюсида Жюппе халқаро кучлар ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли орасида талафотлар бўлганига оид хабарлар бўлмагани, ҳаво ҳужумлари “фақатгина ҳарбий иншоотларга қарши қаратилгани”ни таъкидлади.

- Ливиянинг ҳарбий салоҳиятига катта путур етказилди. Барча ҳаво ҳужумига қарши воситалар – ёки уларнинг аксар қисми – йўқ қилинди. Унинг авиацияси ҳам йўқ қилинди. Ўзи авиация таркибидаги учқич ва вертолётлар сони кўп эмас эди. Уларда ҳозирча ерда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш салоҳияти, артиллерия воситалари сақланиб қолмоқда. Касалхонанинг бомбардимон қилинши бу режимнинг қанчалар ваҳший экани ва халқаро ҳамжамиятда унинг учун ўрин йўқлигини яна бир бор кўрсатади. Шунинг учун биз ҳаво ҳужумларини давом эттирамиз, деди Жюппе.

Пайшанба куни АҚШнинг Ливиядаги миссия учун масъул штаби бошлиғи сўнгги 24 соат ичида Ливияга қарашли бирорта учқич ҳавога кўтарилмаганини маълум қилди.

Ўрта ер денгизига кирган Mount Whitney ҳарбий кемасидан туриб гапирган контр-адмирал Жерар Ҳубер коалиция ҳужумлари тинч аҳолига таҳдид солаётган Қаддафий кучларига путур етакзаётганини таъкидлади.

Ҳужумлар ҳарбий техника, ер-сомон русумидаги ракета мосламалари ва ҳарбий-логистик иншоотларни нишонга олаётганини қўшимча қилди АҚШ ҳарбийси.

Ҳуберга кўра, кейинги 24 соат ичида коалициянинг 175 учқичи, жумладан АҚШга қарашли 113 ҳарбий самолет Ливия ҳаво ҳудудларига кирган.

Айни пайтда, НАТО аъзолари миссияга ким етакчилик қилиши лозимлиги устидаги тортишувларни давом эттирмоқда. Вашингтон Ливия миссияси бошқарувини “яқин кунлар ичида” ўзидан соқит қилиш ниятини билдирди.

Қўшма Штатлар, Франция ва Британия миссиядаги “асосий рол” НАТО зиммасига юкланиши лозим демоқда, бироқ бунинг учун иттифоққа аъзо 28 давлатнинг барчаси розилик бериши керак.

Туркия НАТОнинг Ливиядаги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилишига қарши чиқмоқда. Расмий Анқара ўз позициясини бу ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли орасида талафотлар бўлиши мумкинлиги билан изоҳламоқда.

Ташқи ишлар вазири Ахмад Довутўғли чоршанба куни қилган чиқишида Ливиядаги ҳарбий амалиётлар тинч аҳолини ҳимоя қилиш, қурол эмбаргосининг амал қилиши ва мамлакат ҳаво ҳудидида парвозсиз режимни таъминлаш ҳамда инсонпарқварлик ёрдамни етказиш билан чекланиши лозимлигини баён қилди.

- Бир томондан биз НАТОнинг бундай миссияни амалга оширишини номақбул, деб биламиз, бошқа томондан эса коалиция кучлари алоҳида операцияларни амалга оширмоқда, деди Туркия вазири.

Айни пайтда, НАТОга аъзо давлатларга қарашли ҳарбий кемалар Ливияга нисбатан жорий қилинган қурол эмбаргосини таъминлаш мақсадида мамлакат соҳилларини патрул қилишни бошлади. Туркия ҳам Ливияни денгиздан блокада қилиш операциясида иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG