Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

Қирғизистонда матбуот эркин, лекин...


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева эътирофича, қирғиз газеталарида миллатчилик чегарадан чиқиб кетаяпти.
Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева эътирофича, қирғиз газеталарида миллатчилик чегарадан чиқиб кетаяпти.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакатда айрим газеталар сўз эркинлигини суистеъмол қилаётганини таъкидлади.

“Фридом Хаус” халқаро ташкилотининг дунё мамлакатларида сўз эркинлиги даражасини ўрганишга бағишланган йиллик ҳисоботида Қирғизистонда бу йил сўз эркинлиги таъминлаш масаласида ижобий ўзгаришлар борлиги айтилади.

“Фридом Хаус” ташкилоти Қирғизистондаги сўз эркинлиги даражасини ижобий баҳолаган бўлса-да, Қирғизистонни сўз эркинлиги оқсаётган мамлакатлар рўйхатига киритган.

Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида Бишкекдаги “Биринчи радио”га интервью берган Қирғизистон президенти Рўза Ўтунбаева эса қирғиз тилида чоп этилувчи айрим газеталарда миллатлараро можароларга сабаб бўлувчи мақолалар чоп этилаётганини қоралади.

Айтиб ўтиш жоизки, қирғиз тилида чоп этилувчи “Айқин Саясат” газетасининг 2011 йил 27 апрел кунги сонида “Жуҳудлар туфайли бор-будимиздан айрилиб қоламизми?” сарлавҳали мақола чоп этилган. Мазкур мақола муаллифи Абилай Саяқ: “Жуҳудларнинг фисқ-фужурлари сабабли Қирғизистон ҳозирги аҳволга келди”, деб ёзади (иқтибосда газета стили сақланди).

Рус тилига таржима қилиниб, Gezitter.kg сайтида чоп этилган бу мақола жамоатчилик орасида турли норозиликларни келтириб чиқарган. Бу ҳолни президент Ўтунбаева бутун бир миллатни қоралаш сифатида баҳолайди:

- Шундай ҳолларни кўрсангиз, жуда хафа бўлиб кетасиз. Бизнинг газеталарда миллатчилик чегарадан чиқиб кетаяпти. Мана шундай “Жуҳудлар” деган антисемистик мазмундаги сўзлар экиндаги чирмобдай кўпайиб кетди. Буларнинг барчаси учун жавобгарлик бор. Эркинлик дегани масъулият билан бирга бўлиши керак, - деди президент Ўтунбаева.

Аснода Қирғизистон Бош прокурорининг ўринбосари Рисқулбек Бақтибаев “Айқин Саясат” газетасида чоп этилган “Жуҳудлар туфайли бор-будимиздан айрилиб қоламизми?” номли мақола юзасидан текширув бошланганини маълум қилди:

- Мақолага юридик баҳо берилади. Бунинг учун биз ҳозирда текширув олиб бораяпмиз. Бу бўйича материалларни олганмиз, - деди Рисқулбек Бақтибаев.

Бош прокуратуранинг бундай ҳаракатларини “Айқин Саясат” газетаси жамоаси сўз эркинлигига босим сифатида баҳолайди. Газета бош муҳаррири Кунбўлўт Мўмўқўновга кўра, мақоланинг мақсади миллатлараро низо чиқариш эмас, Қирғизистонни иқтисодий бўҳронга олиб келган шахслар кимлигини кўрсатиш бўлган.

- Роза Ўтунбоева кеча футбол бўйича турнир очилишида: “бир йилдан бери журналистларга ҳеч ким босим кўрсатмади, ҳеч бирига тажовуз бўлмади, нимани хоҳлашса, ўшани ёзишаяпти”, деб айтди. Энди эса: “Миллатчи бўлиб кетишаяпти”, деб айблаши холислик эмас-да. Биз ўша мақолада низо чиқарувчи масалани кўтарган эмасмиз. Прокуратура орқали бизга босим кўрсатишаётганини эса сўз эркинлигига нисбатан босим сифатида баҳолаймиз, - деди Кунбўлўт Мўмўқўнов.

Айни пайтда қирғизистонлик медиа экспертлар ҳам сўнгги пайтларда қирғиз газеталарида миллатлараро низо қўзғовчи, инсоннинг шаъни ва обрўсини таҳқирловчи мақолалар кўпаяётганини айтишади:

- Эркинлик ё бор, ёки йўқ бўлади. Агарда эркинлик бўлса, барча журналистлар эркин ёзишаверади. Шу билан бирга, қирғиз газеталарининг ўзида журналистик этика, маданият деган нарса бўлиши керак. Ростини айтганда, бунгача медиа воситалар сиёсатчиларнинг қуроли бўлиб келган. Шу сабабли журналистлар кимнинг қўлида бўлса, ўшанинг сўзини айтишган, - деди қирғизистонлик медиа эксперт Мирбек Асанқариев.

Қўшимча қилиб ўтамиз, “Фридом Хаус” ташкилоти ҳисоботида Марказий Осиё мамлакатларидан Туркманистон ва Ўзбекистон мустақил матбуот бўлмаган мамлакатлар ўнлигига киритилган.
XS
SM
MD
LG