Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:58

Тожик мухолифатчиси иши қайта кўрилиши сўралмоқда


Тожикистон Демократик партия собиқ раиси, “Тожикгаз” ширкати собиқ бошлиғи Маҳмадрўзи Искандаров ўта хавфли жиноятларда айбланиб, Олий суд ҳукми билан 2005 йилда 23 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Тожикистон Демократик партия собиқ раиси, “Тожикгаз” ширкати собиқ бошлиғи Маҳмадрўзи Искандаров ўта хавфли жиноятларда айбланиб, Олий суд ҳукми билан 2005 йилда 23 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси расмий Душанбедан Маҳмадрўзи Искандаров ишини қайта кўриб чиқишни сўради.

БМТнинг қароргоҳи Женевада бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мутахассислари “Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Маҳмадрўзи Искандаров иши қайта кўриб чиқилиши лозим” деган хулосага келди.

Бу борада БМТ қўмитаси Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, “ўз сиёсий мухолифини қўйиб юбориш” ёки “унинг ишини қайта кўриб чиқиш”ни сўраган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича мазкур қўмита мурожаати ҳақида Озодликка 10 май куни Маҳмадрўзи Искандаровнинг ўғли Фируз маълум қилди.

- БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Тожикистон ҳукумати обрўсизланишдан сақланиш учун, биринчидан, Маҳмадрўзи Искандаровни озод қилиши лозимлигини сўраган. Чунки бу идора мутахассислари хулосасича, отам сиёсий қарашлари учун қамалган ва унга сиёсий маҳбус сифатида қаралади. Иккинчидан эса, агар Тожикистон ҳукумати бу ишда бирор чигаллик кўраётган бўлса, унинг иши қайта кўриб чиқилишини тавсия қилган, - деди Фируз Искандаров.

Айни пайтда Тожикистон Бош прокуратураси ва Олий суди масъуллари ўзларига бундай ҳужжат етиб келмаганини айтмоқдалар.

Тожикистон президентининг ҳуқуқий маслаҳатчиси Жумабой Давлатов эса бу борада фақат матбуот саҳифаларидан хабар топганини маълум қилди.

“Нотабене” нодавлат ташкилоти раисаси Нигина Баҳриеванинг мухбирингизга маълум қилишича, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мутахассислари 2005 йили Москва шаҳрида ҳибсга олинган Маҳмадрўзи Искандаров қўлга олиниш чоғида ҳуқуқлари поймол қилинган, деган хулосага келган.

Шу ўринда айтиш лозимки, ўтган йил сентябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳам Маҳмадрўзи Искандаровнинг Россиядан Тожикистонга экстрадицияси ноқонуний равишда амалга оширилган деган қарорга келиб, Москвага 33 минг евро миқдорида жарима белгилаганди.

Ўша пайтда Европа суди ҳам Искандаровнинг иши қайта кўриб чиқилишини талаб қилган эди. Яъни Маҳмадрўзи Искандаров тақдирига бефарқ бўлмаган халқаро ташкилотлар Тожикистон расмийларининг диққатини бу масалага биринчи марта қаратаётганлари йўқ.

Бироқ Тожикистон томони Искандаров ишини қайта кўриб чиқиш ёки бу масалада халқаро ташкилотлар расмий мурожаатларига тегишли жавоб қайтаришни истамаётир.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ҳудудида ўта хавфли жиноятлар, яъни террорчилик, ноқонуний қуролли гуруҳ ташкил этиш¸ қурол савдоси билан шуғулланиш ва товламачилик каби жиноятларда айбланган Демократик партия собиқ раиси, “Тожикгаз” ширкати собиқ бошлиғи Маҳмадрўзи Искандаров 2005 йил апрелида Москвада ҳибсга олиниб, кейинчалик Тожикистон талаби билан юртига экстрадиция қилинган эди.

2005 йил октябрида эса Искандаров Тожикистон Олий суд ҳукми билан 23 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган Маҳмадрўзи Искандаровнинг яқинлари ҳам, бу мамлакатдаги бир қатор сиёсий партия лидерлари ҳам Искандаров фақатгина “давлат сиёсатига қарши ҳаракатларда қўли борлиги”ни даъво қилиб, унинг мамлакатда барқарорлик ўрнатишга улушини қўшгани эътиборга олиниб, унинг авф этилишини тинмай сўраб келадилар.

Аснода БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси матахассислари сўнгги хулосасида Маҳмадрўзи Искандаров иши бўйича маҳкама жараёнида мамлакат қонунлари оёқости қилинганини таъкидлаган.

Жумладан, мазкур қўмита мутахассислари маҳкамада қатнашган гувоҳлар Искандаровга қўйилган айбларни тасдиқламагани ва Маҳмадрўзи Искандаров маълум бир муддат оқловчисиз қолдирилиб, ҳуқуқий ёрдамдан маҳрум этилганига ишора қилганлар.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аввал ҳам Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Искандаров ва унинг қаторида бошқа сиёсий маҳбусларнинг ишлари қайта кўрилишини тавсия қилганини, бироқ бу томондан ҳеч қандай жавоб олмаганини қайд этади.

Ҳуқуқшунос Бобоназарова хоним мулоҳазасича, инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита масъуллари Искандаров ишидан бир натижа чиқиши учун Россияга мурожаат қилиши лозим.

- Негаки Искандаров дастлаб Москвада ҳибсга олинган, кейин Тожикистонга юборилган. Унинг ноқонуний экстрадициясида бевосита Россия ҳам айбдор, менимча, - дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова.

Аммо бошқа бир ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси суд идораси ҳисобланмайди ва унинг қарорлари ҳамма давлатлар учун ҳам мажбурий эмас, деган фикрда.

“Шуни назарга олган ҳолда, - дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Юсупов, - бу идора тавсияларининг бажарилишига ҳукуматлар ҳар доим ҳам аҳамият беравермайдилар”.
XS
SM
MD
LG