Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:45

Ўшлик маҳбуслар Халқаро судларга мурожаат қилмоқчи


Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва бу борада Қирғизистондаги маҳкамаларда апелляцияси аризаси рад этилган ўшлик маҳбуслар тергов пайтида иқрорномалар улардан қийноқ қўллаш ва қўрқитиш йўли билан олинганини иддао қилмоқдалар.
Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва бу борада Қирғизистондаги маҳкамаларда апелляцияси аризаси рад этилган ўшлик маҳбуслар тергов пайтида иқрорномалар улардан қийноқ қўллаш ва қўрқитиш йўли билан олинганини иддао қилмоқдалар.

16 май куни Қирғизистон Олий суди матбуот хизмати ўтган йилги июн воқеасида Ўш шаҳрида Давлат автомобил назоратининг 2 ходими, Қорасув туманига қарашли Наримон қишлоғида эса туман милицияси раҳбари ва унинг ҳайдовчисини ўлдирганликда айбланиб, бир умрга қамалган ўзбекларнинг аппеляция аризасини юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди. Олий суд бу икки жиноят иши юзасидан биринчи ва иккинчи суд инстанциялари ҳукмларини ўз кучида қолдирди. Айни пайтда судланувчилар ўзларинингг айбсиз эканликлари, улар қийноқлар остида ўзларига қўйилган айбларни тан олишга мажбур бўлганликларни ва энди халқаро судга шикоят қилишларини билдирмоқдалар.

Мирзоҳид Солиев Қорасув туманининг Наримон қишлоғида яшаган. У Ўш қирғини кунлари, аниқроқ айтганда, 13 июн куни Наримон қишлоғига борган Қорасув туман милицияси раҳбари Адил Султанов ҳамда унинг ҳайдовчиси Уран Шамурзаевни ўлдирганликда гумон қилиниб, қўлга олинган 9 кишидан бири.

Бу жиноят иши юзасидан 5 киши биринчи инстанция судида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Мирзоҳид Солиевнинг айтишича, маҳаллий судлар жабрланувчи тараф босими остида мана шундай қарор чиқаришга мажбур бўлган. Айни ҳолат Олий судда ҳам такрорланган.

- Олий суднинг ҳам қарори шундай бўлди. Бу ëқда тўполон қилишиб, адвокатларимиз, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмасдан, шунақа қилишди. "Кучида қолдириб қўясан, қолганларига яна пожизненний срок берасан", дейишаяпти. Ана шу бўйича тўполон қилишиб, суд яна шу бўйича қолдириб қўйди.

Озодлик: Нимани қолдириб қўйди?

- Областнойдан берилган срокни яна ўша бўйича қолдириб қўйди.

Озодлик: Сиз билан бирга нечта одам судланаëтган эди?

- Мен билан қўшилиб ҳозир саккизтамиз судландик.

Озодлик: Саккизтасидан нечтасига бир умрлик қамоқ жазоси берилди?

- Бештамизга бир умрлик қамоқ жазоси берилди. Иккитасига срок берди.

Озодлик: Қанчага?

- 25 йилдан.

Озодлик: Мана, Мирзоҳиджон, сиз ўзингизнинг бегуноҳлигингизни айтиб келасиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Қандай далил-исботларингиз бор?

- Далил-исбот, суратларим бор. Бундан ташқари, урган излар бор. Калтакнинг азобида бўйнимизга олиб, шунақа қилиб қўйишган тергов маҳалида.

Озодлик: Терговда сизларни калтаклашганми?

- Терговда бизни калтаклашиб, шу нарсани бўйнимизга қўйиб ëздирилганда у нарса.

Озодлик: Сизни қандай асос билан қамоққа олишди?

- Укамни олиб чиқиб кетиб қолди. СНБга олиб бориб, роса уришган. Шу ерда уриб, нима қилгандан кейин икки соатдан кейин мени олиб борган. “Бўйнингга олмасанг, ўлдириб юборамиз. У қиламиз, бу қиламиз” деб шу билан нима бўлган. "Укамни қўйиб юборасан" деб туриб, мен бўйнимга олдим. Ўртада заложник қилиб туриб, кўпчиликни олиб кириб, уйидан иккитадан олиб чиқиб, биттасининг бўйнига қўяди, биттасини чиқариб юборади. Шунақа қилиб юришди-да. Ўшанда биз бўйнимизга олиб қолдик-да кўп нарсаларни.

Озодлик: Сиз Олий суддан нималарни кутган эдингиз?

- Олий судда бу нарсанинг бошқатдан тергов бўлишини кутган эдик. Бу нарса тўғрисида ҳуқуқ ҳимоячиларимиз ҳам, адвокатларимиз ҳам бу нарсанинг бошқатдан кўриб чиқилишини сўраб, кўп далил-исботлар билан олиб борган эди. Полний исбот-далиллар суратлар билан, урилган зарбаларнинг нималаридан.

Озодлик: Олий суд мана шуларни инобатга олмадими?

- Ўша нарсаларнинг ҳеч биттасини инобатга олмади. Адвокатларимизнинг ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳам гапларига қулоқ солмади, - дейди ўтган йилнинг 13 июн куни Наримон қишлоғига борган Қорасув туман милицияси раҳбари Адил Султанов ҳамда унинг ҳайдовчиси Уран Шамурзаевни ўлдирганликда гумон қилиниб, қўлга олинган 9 кишидан бири Мирзоҳид Солиев.

Мирзоҳид Солиев айни пайтда Бишкекдаги 1-ҳибсхонада сақланмоқда.

Иккинчи суҳбатдошимиз Неъматулло Қосимов эса 2010 йилнинг 14 июн куни Ўш шаҳрида давлат автомобил назоратининг икки ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ҳам Бишкек ҳибсхоналаридан бирида сақланмоқда.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ваалайкум ассалом. Сизга ҳам бир умрлик қамоқ жазоси беришганми?

- Ҳа. Менга шаҳар суди билан умрбод жазо берилган.

Озодлик: Мана сиз ўзингизнинг айбсизлигингизни айтасиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сизнинг айбсиз эканлигингизга қандай исботларингиз бор?

- Менинг исботим, фактический менинг исботим йўқ-да. Чунки мен у ерда бўлган ҳам эмасман, уйимда ўтирганман. Маҳалладан гувоҳлар: “У маҳалда у биз билан эди” деб кўрсатмалар берса ҳам, ҳеч нарсага қарашгани йўқ.

Озодлик: Сиз қайси маҳалладансиз?

- Мен Калинин кўчада, пастда. ГАИшниклар ўлган ердан 200-250 метр пастда Калинин кўчада бўлганман. Улар тепада Мўминовада, Қирғизистон кинотеатри томон кетишда бўлган.

Озодлик: У воқеа содир бўлгани ҳақида сиз қачон билгансиз?

- Ўша куни пастда болалар шахмат ўйнаëтган ерда, бирга ўйнаб ўтирган еримда ...

Озодлик: Қайси куни тахминан?

- 14 июн экан. Ундан бир-икки кун бурунги кунлари ҳам битта қирғиз бола маҳаллада адашиб қолган экан. Болалар уриб, биттасиникига қочиб кириб кетган экан. У болани сақлаб қолганман. Масжидга штабга олиб тушиб берганман. Алмаштириб олиб кетишган у болани милиция ходимлари. Иккита студент қизни сақлаб қолганман. Уларни штабга олиб тушиб берганман. Уларнинг гувоҳлари бор. Кейин кечки пайтга яқин шунақа иш бўлиб, "тепада иккита бозордан мародëрни ушлаб олишибди Черëмушкада" деса, “Тўхтанглар. Уларни штабга олиб тушиб берамиз. Шу билан нариëқда қўлга тушиб қолган ўзбекларга алмаштиришаяпти экан” деб югуриб чиқиб кетаëтсам, рўпарамдан маҳалламиздаги катта одам чиқиб қолиб Одилжон деган “Ҳозир чиқмай қўяверинг. Кеч қолдингиз. Уларни уже ўлдириб қўйишибди”, деди.

Озодлик: Яъни мародëрларни?

- Ҳа. Улар 200 га яқин толпанинг ичида қолган экан. “Бўлди, ўлган бўлса, биз аралаша олмаймиз. Агар ўлмаган бўлганда, штабга олиб тушиб берардик” деб, мен қайтиб келганман. Кейин билсак, у болалар ГАИ ходимлари экан. Ўша ерда бир мараз “Неъматулло ҳожи қилган буни ўғли билан” деб мени ëзиб берибди. Икки марта ҳажга бориб келган Неъматулло деган одам умуман бошқа одам экан. У ерда суриштиришиб милиция ходимлари “ҳажга бориб келган Неъматулло ҳожи” деса, мени кўрсатиб беришиб, уйи мана бу ерда деб, мени олиб кетишиб, икки марта ҳажга бориб келган Неъматулло ҳожи умуман бошқа одам экан, мен бир марта борганман ҳажга. Менинг битта инвалид касал акам бор. Ўша акам билан икковимизни олиб чиқиб кетишиб, акамни кўзимнинг олдида роса уришди, яна бир-икки ургандан кейин ўлиб қоларди. Умри бор экан, Худо сақлаб қолди. Ундан кейин пастда аëлим билан ўғлим турган эди. “Ҳозир аëлинг билан ўғлингни олиб чиқамиз. Мана бу акангнинг ўлиги чиқади. Аëлингни мана шу ерда нечта одам бўлсак, мана шу кўзингнинг олдида нима қиламиз, тушунаяпсиз-а гапимни, ўғлингни сен билан бирга синдариб, инвалид қилиб, умрида бола кўрмайдиган қилиб, сен билан бирга қамаймиз” деган эди, “Бўпти, мен қилдим, акам билан оиламни тек қўйиш, қўйишвор” дедим.

Озодлик: Қаерда бўлаяпти бу воқеа?

- Ўзимизнинг турмахонанинг рўпарасидаги шаҳар милицияхонаси бор-ку, ўзимизнинг ГОВДда, шу ерда бўлаëтган иш. А так мен калтакни ўша милицияхонада едим, менга: “Икковини бўйнингга оласан” деган эди, мен “Ақлинг билан бўлиш. Мен 40 дан ўтган одам бўлсам. Милицияга ҳам тайëрланган, куч-қувватлироқ одамни олса керак. Икковини бўйнимга қўйишворасанми?” десам, “Бўпти, биттасини бўйнига қўйиб қўявер. Биттасини олса ҳам етади” деган. Ҳозир суднинг решениеларида икковини менинг бўйнимга қўяяпти. Яна "икковига бир ярим миллиондан уч миллион тўлайсан" деб, решениелар чиқаришиб, кейин менинг адвокатим Томина Татяна Ивановна деган аëл жуда кўп меҳнатлар қилиб, югуриб, жуда кўп документлар топиб, менинг у ердаги алоқам йўқлиги тўғрисида гапларни топиб, исботлар топди. Лекин ҳеч қайси исботда бизнинг у гувоҳларимизга қараб ҳам қўйгани йўқ. Ҳатто судга олиб борган гувоҳларимизни судга чақириб киритмай қўйди. Масжидда намоз ўқийдиган қирғиз болалар келган эди гувоҳликка. “Ҳақиқатан шу ҳожи ака бизнинг қирғиз қизларни, қирғиз йигитларни масжидга олиб тушиб берган. Бировларга тегдирмай, сақлаб олиб тушиб берган” деб гувоҳликка келган қирғиз болаларни гувоҳликка киргизмай қўйди. Лекин потерпевший томондагилар биз таниймизми, танимаймизми - хоҳлаган одами кириб нечта бўлса, биз гапирамиз деса, трибунага чиқариб гапиртираверди.

Озодлик: Олий судда ҳам шунақа бўлдими?

- Олий судда эшитишимга қараганда, мен адвокатим билан озгина гаплашдим, учрашишнинг иложи бўлмади, қисқагина гаплашишга имкон топдик, ўша томон келиб Олий судда ҳам тўполон қилиб, “ўша бўйича қолдиришасан, тегмайсан” деб, ўлим бўйича битта мен, яна учтаси ГАИларнинг машинаси бўйича срок олган болалар, "ўшаларни ҳам пожизненний қилиб берасан" деб тўполон қилиб туришган эди. Адвокатимизни ҳам қаттиқ қисувга олишибди.

Озодлик: Бундан бу ëғига нима қилмоқчисиз? Олий суднинг қарори охирги қарор бўлди. Бир умрлик қамоқ жазоси жуда оғир жазо. Умид борми бундан кейин сиз учун?

- Энди, умид доим бор. Умидсиз инсон инсон эмас. Айниқса, озгина бўлса ҳам имони бор одам доим умид билан яшайди, иншаоллоҳ. Энди ҳозир адвокатимнинг айтиши бўйича, халқаро суд бўлар эмиш. Халқаро судлар қарармиш бу ишларни. "Халқаро судларга ҳаракат қиламан", деди. Президентга ҳам озгина қоғозлар ëзибди экан эшитишим бўйича. Энди Оллоҳ имонимизни бақувват қилсин. Иншаоллоҳ, имонимиз бор эканки, умид қиламиз, ака, - дейди Неъматулло Қосимов.

Судланганлар ўзларининг айбсизлиги ва қийноқлар остида ўзларига қўйилган айбловни тан олишга мажбур бўлганларини айтаётган бўлсалар-да, Қирғизистон Олий суди судланувчиларнинг айблари тўла исботланган, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Ўш қирғинида айбланиб қўлга олинганлар қийноқларга солингани ҳақида бонг уриб келадилар.

Қирғизистон Бош прокуратураси бу каби баёнотларга қисман қўшилса-да, қийноқлар кенг кўламга эга эмаслиги ва ишлари судга оширилган гумонланувчиларнинг айблари қонуний асосларда исботланганини иддао қилади.
XS
SM
MD
LG