Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:35

Қирғиз ёшларига Навоий номи ёқмаяптими?


Низомиддин Мир Алишер Навоий (қаддасаллоҳу сирраҳу) нинг Ўш шаҳри марказига ўрнатилган ва ҳалигача таъмирсиз қолаётган ҳайкали ҳазрат номидаги боғнинг кираверишида жойлашган.
Низомиддин Мир Алишер Навоий (қаддасаллоҳу сирраҳу) нинг Ўш шаҳри марказига ўрнатилган ва ҳалигача таъмирсиз қолаётган ҳайкали ҳазрат номидаги боғнинг кираверишида жойлашган.

Ўшлик бир гуруҳ қирғиз ёшлари шаҳар марказидаги Алишер Навоий боғи номини ўзгартириш ташаббуси билан чиқди.

Навоий боғи номини ўзгартириш ташаббусини шаҳар мэрияси қошида ташкил этилган “Лидерлик мактаби” иштирокчилари кўтарганлар.

Ташаббус гуруҳи раҳбари Замир Шамсиддин ўғлининг айтишича, бундан мақсад Ўш қирғинида ҳалок бўлган қирғизлар номларини абадийлаштиришдир:

- Мақсадимиз - боғни тартибсизликда ҳалок бўлган марду майдонларимиз номи билан атаб, уларнинг хотирасини абадийлаштириш. Кейинги авлодлар Ватанни ким ҳимоя қилиб, сақлаб қолганини унутмасин, деб шундай қилмоқчимиз, - деди Замир Шамсиддин ўғли.

Суҳбатдошимиз мантиғидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўш қирғинида ҳалок бўлган қирғизларнинг барчаси Қирғизистон яхлитлиги учун ўз ватанини ҳимоя қилиб ҳалок бўлган қаҳрамонлардир.

Замир Шамсиддин ўғли билан суҳбатимиз давомида у Алишер Навоийнинг ким эканлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслиги билинди.

- Навоий ҳақида халқ , айниқса, ёшлар ҳеч нарса билишмайди. Балки Навоий ўз даврида қандайдир бир яхши ишларни қилгани учун қирғизлар мағрурланиб, унинг номини боққа берган бўлишлари мумкин. Бироқ бугунги кунда Навоийнинг аҳамияти, обрўси йўқ. Бундан ташқари, Қирғизистонда қирғиз одамнинг номи берилиши керак, бундай жойларга, - дейди Замир Шамсиддин ўғли

Унинг айтишича, ёшларнинг бундай ташаббус билан чиқишига Ўш шаҳар мэриясининг алоқаси йўқ. Айни пайтда 2000 имзо чекилган мурожаат Ўш шаҳар кенгашига топширилган, бироқ шаҳар кенгаши бу мурожаатга ҳозирча жавоб бергани йўқ.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Ўшдаги қирғиз ёшларининг бундай ташаббуси мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятда кескин танқид қилинишига сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

- Истироҳат боғидан Алишер Навоий номининг олиб ташланиши буюк мутаффакирнинг халқаро миқёсдаги шуҳратига зиғирча ҳам таъсир этмайди. Аммо бу билан Қирғизистон жуда катта нарса йўқотади. Қирғизистон бутун дунёда маънавиятсиз халқ сифатида тилга олиниб қолиши мумкин. Бундан ташқари, Навоий боғи номининг ўзгартирилиши ташаббуси айнан Ўш воқеасининг бир йиллиги арафасида кўтарилаётгани миллатлараро муносабатларнинг кескинлашувига хизмат қилади, деб ҳисоблайман, - дейди Азиза Абдурасулова.

Бу фикрга Қирғизистон халқ артисти, Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик театри раҳбари Бахтиёр Тўхтаматов ҳам қўшилади:

- Боғ номининг ўзгартирилиши икки миллат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувигагина сабаб бўлади. Аслида Навоий ўзбекнинггина эмас, барча туркийзабон элларнинг шоири. Тилимиз, динимиз бир бўлганидан кейин бир-биримизнинг маънавий меросимизни асраб-авайлашни ўрганишимиз керак. Мен 60 ёшдан ошдим. Лекин ақлимни таниганимдан бери бу боғнинг номи Навоий номи билан аталиб келган. Менимча, миллатидан қатъий назар, катта ёшдаги ўшликларнинг бирортаси бу боғнинг номи ўзгаришини истамаса керак, - дейди Бахтиёр Тўхтаматов.

Ўрни келганда Бахтиёр Тўхтаматовдан ўтган йилги воқеаларда зарар кўрган Навоий ҳайкалини таъмирлаш ишлари қандай бораётгани ҳақида ҳам сўрадик. Бахтиёр Тўхтаматовнинг айтишича, орадан бир йил ўтган бўлса ҳам на ҳукумат томонидан ва на бирорта жамоатчилик ташкилоти томонидан ҳайкални қайта таъмирлаш ҳаракати кўрилмаяпти.
XS
SM
MD
LG