Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

Эрон мухолифати одамларни намойишга чорлади


Яшил ҳаракатнинг 2009 йил 17 июн кунги намойиши.
Яшил ҳаракатнинг 2009 йил 17 июн кунги намойиши.

Эроннинг “Яшил ҳаракат”и 2009 йилдаги мунозарали президентлик сайловининг икки йиллиги муносабати билан 12 июн куни оммавий намойиш ўтказмоқчи.

Эронда икки йил олдин ўтказилган президентлик сайловида Маҳмуд Аҳмадийнажод президент этиб қайта сайланганидан кейин юз минглаб, балки миллионлаб эронлик Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари кўчаларида намойишлар ўтказган эди.

Ўшанда Эрон мухолифати сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилган.

Яқин Шарқ минтақасидаги кўплаб мамлакатлар инқилоблар гирдобида қолаётган бир пайтда Эронда 12 июнга мўлжалланган намойиш эътибордан четда қолиши мумкинлиги айтилмоқда.

Президентлик сайловида мағлубиятга учраган Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубий етакчилигидаги мухолиф “Яшил ҳаракат” якшанба куни пойтахт Теҳроннинг Валиаср кўчасида “сукут намойиши” ўтказишга чақирганлар.

Мухолифат аъзолари ва тарафдорлари иштирок этадиган намойишнинг оммавий тус олиши кутилаётгани йўқ. Боиси жорий йил февралида оммани намойишга чиқишга чақирган Мусавий ва Каррубий ўша пайтдан бери уй қамоғида сақланмоқда.

Якшанба кунги намойишга чиқиш ҳақидаги чақириқни Мусавийнинг Париждаги матбуот вакили Амир Ардашер Аржманд эълон қилган.

Келиб чиқиши эронлик бўлган америкаликлар кенгаши раиси Ҳушанг Амираҳмад эронликлар мухолифат чақириғига эътибор қаратмаслиги мумкин, деган фикрда.

- Мен эронликлар ўзини кўрсатмайдиган одамлар чақириғига қулоқ солиб, намойишга чиқадиган гўл одамлар деб ўйламайман,- дейди Амираҳмад.

Бироқ Лондондаги Араб ва Эрон тадқиқот маркази таҳлилчиси Меҳрдад Хонсарий Амираҳмад билдирган фикрига қўшилмайди.

- Эрон ҳукумати ва мухолифат 12 июн кунига олдиндан тайёргарлик кўргани боис шу куни кенг миқёсда намойиш бўлмаслиги мумкин. Бироқ оммавий намойиш бошқа пайтда ўтказилиши эҳтимолдан ҳоли эмас,- дейди Хонсарий.

Эрондаги Инсон хуқуқлари халқаро кампанияси директори Хади Ғаемий фикрича, Сурия ва Ливиядан фарқли ўлароқ эронликларнинг намойишларга эътиборсизлик билан қараётгани сабаби норозилик ҳаракатларининг ҳукумат кучлари томонидан қонли бостирилгани ва одамлар зўравонликдан наф йўқлигига ишонишидадир.

- Репрессия катта куч билан амалга оширилмоқда. Фаолларнинг аксари қамоққа ташланган. Фаоллар ва оддий одамлар ўртасидаги алоқа узилган. Шунга қарамай, бизнингча, аҳолининг аксар қисми мухолифатдаги “Яшил ҳаракат”га хайрихоҳ. Улар репрессиялар сусайиши ва намойиш ўтказишга имконият пайдо бўлишини кутмоқда, - дейди Ҳади Ғаемий.

Келиб чиқиши эронлик бўлган америкаликлар кенгаши раиси Ҳушанг Амираҳмад Эронда ҳокимиятни ўзгартириш ғоясини амалга ошириш имконсиз, деган фикрда.

- Бу тизим ўзига кўрсатиладиган босим ёки кўча намойишларига ён босмайди ва унинг қулаши амримаҳол. Шу боис мен бу режим ташқи кучлар ўйлаганидан анча барқарор, деб ўйлайман. Ташқаридагиларнинг аксари бу режим қулашини хоҳлашади. Аммо бу амалга ошмайди, - дейди Ҳушанг Амираҳмад.
XS
SM
MD
LG