Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Суриядаги намойишларда 11 киши нобуд бўлди


Дамашқнинг Ҳажар ал-Ассвад мавзесидаги юриш, 2011 йил 1 июл.
Дамашқнинг Ҳажар ал-Ассвад мавзесидаги юриш, 2011 йил 1 июл.

Сурияда Президент Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар давом этмоқда. Мамлакат бўйлаб юз минглаб одам иштирок этган жума кунги намойишлар, ҳукуматга қарши норозиликлар уч ой олдин бошланганидан бери энг йирик норозилик акцияси бўлгани айтилмоқда.

Сурия Президенти Башар ал-Ассад режимига қарши жума куни мамлакат бўйлаб ўтказилган норозиликларда иштирок этган фуқаролар ҳукуматнинг истеъфога чиқишини талаб қилдилар. Намойишчилар “Башар кет! Сурия эркин бўлсин!” деб бақирдилар.

Фаолларга кўра, намойишлар жума намозидан кейин бошланган. Айрим хабарларга кўра, намойишларда қарийиб 500 минг киши иштирок этган.

Суриядаги норозилик намойишларини яқиндан кузатиб келаётган Маҳаллий мувофиқлаштирувчи қўмиталар матбуот котиби Умар Идилбига кўра, энг йирик намойиш Ҳама шаҳрида бўлган.

Фаолларга кўра, Ассадлар сулоласининг 40 йиллик бошқарувига қарши 1 июл куни Сурия бўйлаб ўтказилган намойишларда хавфсизлик кучлари ўт очгани оқибатида 11 киши нобуд бўлган.

Айни пайтда Сурия давлат телевидениеси мамлакатнинг бошқа қисмида Сурия байроқлари ва президент ал-Ассаднинг суратларини кўтариб чиққан ҳукумат тарафдорлари уюштирган намойишини кўрсатган.

Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Рами Абдул-Раҳмонга кўра, Туркияга қочиб кетаётган сурияликларга қарши ўтказилган ҳарбий амалиёт пайтида уч киши нобуд бўлган.

Сурияда март ойи бошида ҳукуматга қарши норозиликлар бошланганидан бери 10 мингдан ортиқ суриялик Туркия ҳудудига қочиб ўтган.

Суриялик фаолларга кўра, намойишларни бостириш пайтида 1,300дан ортиқ одам, аксари қуролсиз намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган. Камида 10 минг одам ҳибсга олинган.

Сурия Президенти Башар Ал-Ассад ўз режимига қарши ғалаёнларни тинчитиш йўлидаги уриниш доирасида 2 июл куни Ҳама шаҳри ҳокимини лавозимидан бўшатди.

Давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳукумат эълон қилган баёнотда шаҳар ҳокимининг ишдан олиниши сабаблари маълум қилинмаган. Суриядаги энг йирик норозиликлардан бири бўлгани айтилаётган Ҳама шаҳридаги жума кунги намойишда 200 минг киши қатнашган.

Литва пойтахтига сафар қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Сурия ҳукумати ўз йўналишини ўзгартирмагунча, намойишлар тўхтамаслигини айтди.

- Сурия ҳукумати ёки жиддий сиёсий жараёнлар давом этиши, жумладан, Сурия бўйлаб тинч намойишлар ўтказилишига рухсат бериши, мухолифат ва фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқотга киришиши лозим ёки норозилик намойишлари тобора уюшган ҳолда давом этаверади,- деди АҚШ Давлат котиби.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Суриядаги норозиликлар шавқатсиз бостирилаётганига қарши президент Башар ал-Ассад ва Сурия ҳукуматининг бир неча расмийсига қарши қатор санкциялар жорий қилган.

Айни пайтда Сурия билан яхши алоқалар ўрнатган Россия Дамашқ ҳукуматига қарши чораларни қўллаб-қувватлаётгани йўқ.

1 июл куни Москвада сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров журналистларга ўз мамлакати Франция, Британия ва Германия ишлаб чиққан Сурияга қарши резолюция БМТда қабул қилинишига қарши эканини таъкидлади.

Лавров Сурия мухолифати ҳукуматнинг ислоҳотлар ҳақидаги ваъдасини писанд қилмаётганликда айблади.

- Сурия мухолифати ўзининг муросасизлик позициясини тарк этиши керак. Сурия ҳукуматининг таклифларини рад қилмаслиги ва мулоқот сари қадам ташлаши керак, деди С.Лавров.

Апрел ойида президент ал-Ассад Сурияда 50 йилдан бери амал қилиб келинган фавқулодда ҳолат ҳақидаги қонунни бекор қилиб, давлат хавфсизлик судлари фаолиятини тўхтатган.

Айни пайтда Сурияда ҳукуматга қарши намойишлар куч билан бостирилмоқда. Мухолифат эса президент ал-Ассад жуда кам нарсани жуда кеч ваъда қилганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG