Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:00

Аҳмад Вали Карзай таъзиясида портлаш юз берди


Аҳмад Вали Карзай сешанба куни ўлдирлиган эди.
Аҳмад Вали Карзай сешанба куни ўлдирлиган эди.

Пайшанба куни Қандаҳордаги масжидлардан бирида салласида портловчи мосламани олиб кирган худкуш уч кишини ўлдириб, 15 одамни жароҳатлади.


Масжидда Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайнинг яқинда ўлдирилган укаси Аҳмад Вали Карзай ҳаққига фотиҳа ўқилаётган эди.

Худкуш бомбачи, расмийларнинг айтишича, масжидга портловчи мосламани салласининг ичига яшириб олиб кирган. Ҳафта бошида ўз тансоқчиси томонидан отиб ўлдирилган Аҳмад Вали Карзайнинг ҳаққига дуои фотиҳа ўқилаётган пайтда худкуш портловчи мосламани ҳаракатга келтирди.

Қандаҳор вилоят расмийлари меҳроб ёнида рўй берган портлаш оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлиб, 15 одам жароҳатланганини айтмоқда. Улар орасида масжид имоми ва Қандаҳор мадрасаси бош мударриси Муалави Ҳикматуллоҳ Ҳикмат ҳам бор.

Қандаҳор вилоят ҳокими Тўрияли Веса ҳужумни қоралаб, бундай деди.

- Фотиҳа ўқилаётган пайтда кичик портлаш рўй берди. Бу Ислом ҳамда паштунлар ва қандаҳорликлар маданиятига тўғри келмайди. Оқибатда жамоатимиз бош уламоси, бир ўспирин бола ва яна бир маҳаллий йигит шаҳид кетдилар. Ўн беш киши тан жароҳати олди, деди вилоят ҳокими.

Пешин намози пайтида фотиҳа ўқилаётганда Қандаҳор жомеъ масжидида Афғонистон ҳукуматининг бир неча вакили ҳам бўлган. Лекин расмийларнинг айтишича, улардан ҳеч бирига зиён етмаган. Ҳукумат мулозимлари воқеа жойида вертолётда олиб кетилган.

Портлаш рўй берган пайтда масжидда бўлган қандаҳорликлардан бири Зоҳир Жон Озодлик радиосига буларни айтади.

- Масжид ичида ҳам худкушлик қиладими? Бу қанақа шаҳидлик бўлди? Масжидга келаётганлар намоз ўқигани келадику. Нега у ерни портлатиш керак?

Пайшанба кунги ҳужум Аҳмад Вали Карзай дафн ва фотиҳа маросимларида қатнашиш учун Қандаҳорга келаётган ҳукумат вакилларига қарши амалга оширилган бир нечта ҳуружларнинг навбатдагиси бўлди.

Қандаҳор вилоят кенгаши раиси, Афғонистон жанубидаги энг нуфузли ва мунозарали ҳукумат вакилларидан бири ҳисобланган Аҳмад Вали Карзай ўтган сешанба куни оиласига яқин кишилардан бири ва тансоқчиси томонидан отиб ўлдирлди. Унинг исми коррупция билан боғлиқ жанжалларда ҳам аралашган эди.

Толибон ҳаракати қотиллик учун маъсулиятни ўз зиммасига олиб, уни “эришилган энг катта ютуқ”, дея атади.

Пайшанба куни БМТ ҳисобот эълон қилиб, Афғонистонда жорий йилнинг биринчи ярмида тинч фуқаролар орасида талафотлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга ошганини маълум қилди.

Ҳисоботга кўра, йил бошидан бери Афғонистонда 1462 нафар фуқаро ўлдирлиган. Бу кўрсаткич ўн йилдан бери давом этаётган урушда энг талафотли ҳисобланган 2010 йилни ҳам ортда қолдириши мумкин.

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси хулосаларига кўра, ҳалок бўлган тинч фуқароларнинг аксари Толибон ҳаракати амалга оширган зўравонликлар қурбони бўлган.

БМТ маълумотларига кўра, жорий йилда тинч фуқаролар орасидаги ўлимларнинг 80 фоизи учун жанггарилар масъулдир.

Ҳисоботда шунингдек, жорий йилда Афғонистон ҳукуматининг 190 расмийси жанггарилар ҳужумида ҳалок бўлган.

БМТ вакили Жоржет Ганьон пайшанба куни Кобулда ҳиобсот хулосаларини журналистларга эълон қилди.
XS
SM
MD
LG