Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Тошкентда гўшт нархи рекорд даражага чиқди


Бундан бир-бир ярим йил аввал гўшт нархи 6-7 минг сўм эди.
Бундан бир-бир ярим йил аввал гўшт нархи 6-7 минг сўм эди.

Пойтахт бозорларида бир килограмм гўштнинг нархи 20-22 минг сўмдан, супермаркетларда эса 25 минг сўмдан сотиляпти. Бу расмий курсда ҳисобланганда 14 доллардан ошади. Вилоятларда ҳам гўшт нархи кескин кўтарилди.


Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда пойтахтликлар яна бир нохуш ҳодисага дуч келди.

Тошкент бозорларида бир килограмм гўштнинг нархи 20-22 минг сўм, супермаркетларда эса 25 минг сўмга чиқди. Бу расмий курсда ҳисоблаганда 14 АҚШ долларидан ошади.

Ўзбекистон гўшт нархида ҳатто Европа давлатларини ҳам ортда қолдирди.

Масалан, Чехия пойтахти Прагада бугун супермаркетларда бир килограмм суяксиз гўшт нархи 7,5-8 доллар, турк ва араб дўконларида шариат қоидалари бўйича сўйилган мол гўштнинг ўртача нархи 10 АҚШ долларга тўғри келади.

Таққослаш учун рақамлар. Ўзбекистонда ҳозир энг кам иш ҳақи 49.730 сўм (29 АҚШ доллари). Чехияда эса 8000 крон (466 АҚШ доллари).

"Кунимиз "рагу"га қолди"

Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 70 ёшли пенсионер Муяссар опа пойтахтда гўшт нархи бунчалик қимматлаганига умрида биринчи марта гувоҳ бўлаётганини айтади. Унга кўра, сўнгги уч ой ичида гўшт 12 минг сўмдан 25 минг сўмга чиқди:

- “Корзина” деган супермаркетда 25 мингга етди, агар суяксиз гўшт оламан десангиз 25 минг сўм. 20 кун олдин бозорда 19 минг сўм эди. Мен 15 мингга бер десам, устимдан қассоб бола кулиб юборди, ўн беш минг пулми, дейди. Кўрдингизми, яна масхара қилишади. Қарғаб бердим.

Тўрт кун олдин супермаркетдан 22минг сўму 995 сўмга бир кило суякли гўшт олдим. Суягини рагу қилиб шўрва қилиб ичамиз. Гўштини эса бир чимдимдан қилиб чучвара қиламиз. Бошқа иложимиз йўқ. Биласизми бу ҳаёт катталарники экан, бизга ўхшаган камбағаллар билан ҳеч кимнинг иши йўқ, юрак қисилиб кетади, қандай кун кўришни ҳам билмай қолдик,- дейди тошкентлик пенсионер Муяссар опа.

Айни пайтда вилоятларда ҳам сўнгги 2 кун ичида гўшт нархи камида 2 минг сўмга ошгани кузатилмоқда.

Андижонлик пенсионер Садирохун аканинг айтишича, гўшт нархи кун сайин кўтарилиб бормоқда:

- Илгари куни 16 минг сўм эди, кеча 17 минг бўлди. Менимча бунинг асосий сабаби, ем жуда қиммат бўлиб кетяпти. Масалан оддий кепак ҳам 900-1000 сўм бўлиб кетди. Бунақада мол боқиб бўладими,- дейди пенсионер Садирохун ака.

Сабаблар

Андижонлик суҳбатдош, гўшт нархи кўтарилишининг асосий сабабини чорва ем-хашагининг қимматлашиб кетганлиги билан изоҳлади. Аксарият мутахассислар ҳам ана шу омилни асосий сабаб деб билмоқдалар.

Самарқанд вилоятининг гўшт етиштиришга ихтисослашган агрофирмалардан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини илтимос қилар экан, гўшт нархининг кескин ошиб бораётганига оид ўз мулоҳазаларини билдирди. Биринчидан, дейди мутахассис:

- Бунинг энг асосий сабаби озуқа. Буни ҳеч ким назорат қилмайди. Агар озуқа нархи шундай тушиб кетса, бозор ўз ўзидан тушаверади. Ем-хашак сотилаëтган жой ҳам йўқда. Ҳозир мана заводлар ишламаяпти. Шўлха, кунжара масаласи жуда қийин. Шу танқис бўлди, шўлха йўқ, шрот йўқ, асосий емда энди. Дағал хашак ҳам мана бу йил унча бўлмади. лекин биргина дағал хашак билан молни ушлаб бўлмайди. Камида 8,5-9 кило овқат керак, хотя битта молни ушлаб туришга.

Шўлха анча вақтдан бери ўзи йўқ. Одамлар пул билан юрибди йўқ. 100 сўм ўзининг нархи. Емнинг ўзи тортилди. Ана энди сомон масаласига ўтсак. 80-100 мингга бир тележка сомон олиб келса бўлар эди. Ҳозир ўшанинг ўзи 200-300 мингга чиқиб кетган,- деди чорвадор.

Иккинчи сабаб, дейди мутахассис, бу йил республика жанубий вилоятларида қурғоқчилик бўлиб, моллар яйловларда егани хашак тополмай қолди. Тошкент шаҳрини гўшт билан асосан жанубий вилоятлар таъминлашини ҳисобга олсак, бу нарса ўз навбатида пойтахтдаги нарх-навога таъсир кўрсатмай қолмайди,- дейди мутахассис:

- Тошкентдаги нархни паст қиладиган нарса бу жанубий вилоятларнинг гўшт таъминоти. Ҳатто Нукусдан ҳам гўшт боради, шунинг ҳисобига нарх паст бўларди. Энди Тошкентга мол кам борадиган бўлиб қолди. Бу ўз-ўзидан нархнинг кўтарилишига сабаб бўлади,- дейди Самарқанд вилоятининг гўшт етиштиришга ихтисослашган агрофирмалардан бирининг раҳбари.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда гўшт нархининг ошишининг яна бир сабаби гўшт экспорт қиладиган қўшни давлатлардан бири Қозоғистоннинг Россия, Белорус божхона иттифоқига қўшилганлигидир.

Россия транспорт ахбороти портали хабарига кўра, Қозоғистоннинг божхона иттифоқига қўшилиши сабабли Ўзбекистон энг катта гўшт экспортчисидан жудо бўлди.

Бироқ, кузатувчилар фикрича, гўшт нархининг ошишига ички омиллар, яъни август ойидан бошлаб ойлик иш ҳақлари, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг 15 фоизга ошиши ҳам сабаб бўлган.

Чорванинг ўзига ҳам емак йўқ

Жорий йилги қурғоқчилик пайтида жанубий вилоятларда аҳолининг минглаб чорваси ўт тополмай, тупроқ ялаб нобуд бўлди. Ўз сурувларини сақлаб қолиш учун одамлар қўйларини тенг шерикчилик шартномаси билан тоғли ҳудудлардаги чўпонларга бердилар. Бир той сомоннинг нархи мисли кўрилмаган даражага 6-7 минг сўмга етди.

Андижонлик пенсионер Садирохун ака фикрича, шундай пайтда ҳукумат чорвани сақлаб қолиш учун зарурий чора-тадбирлар белгилаши, шимолий вилоятлардан жанубий вилоятларга ем-хашак етказиб беришни таъминлаши керак эди:

- Сурхондарё, Қашқадарëларда ëғингарчилик бўлмасдан, ўт яхши бўлмабди. Кейин моллар олиб келинди водийга кўп миқдорда. Ҳатто қўй-моллар келганда тупроқ чичган молларни кўрдик. Еб юборибдида ерни. Сиëсатчиларнинг, иқтисодчиларнинг ишламаганлиги сабаби шуки, ана энди водийдан ëки бошқа ердан ҳашар қилиб ўша ерларга ўт жўнатишимиз керак эди. Энди у молнинг ўрнини қоплаш учун қанча йил керак бўлади? Қанча моллар қирилиб кетди.

Жанублик чорвадорлар Андижон, Тошкент, Сирдарëлардан сомон прессини олиб кетди. Бироқ шунга ҳам тўсқинлик қилишди. Йўлни бекитиб қўйди жўнатмасдан. Аксинча, у ëқларга жўнаттириш керак эди. Ëрдам бериш керак эди. Янтоқларни ўриб бўлса ҳам ўшаларга жўнатишимиз керак эди. Ҳукумат буни ташкиллаштириши керак эди. Лекин буни ҳеч ким, раҳбарлардан бирортаси кўра билмадида,- деди андижонлик пенсионер Садирохун ака.

Мутахассислар Ўзбекистонда чорвадорлик оқсаб қолганлигини ва бу соҳани жиддий ислоҳот қилиш лозимлигини айтмоқдалар.

Чорвачилик мутахассислари фикрича, Ўзбекистонда чорва озуқаси ишлаб чиқарувчи корхоналар асосан ёғ-мой комбинатлари бўлиб, ҳукумат монополиясидадир ва "ёғли жой" бўлганлиги учун ҳам ҳукуматга яқин шахслар томонидан назорат қилинади, натижада чорва озуқаси нархи доим баланд бўлади ва бу ўз навбатида мамлакат ички бозорида гўштнинг нархи ошиб боришига сабаб бўляпти.
XS
SM
MD
LG