Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:50

Ўзбек мусулмонлари Умрага отланди


Кичик Ҳаж деб ҳам юритиладиган Рамазон умрасига бу мавсумда ўзбекистонлик мусулмонлардан қарийб 2500 киши бориши кутилаяпти.

Шу йилнинг 30 июлида очилган ва 3 сентябргача давом этадиган “Умра-2011” мавсумида, Ўзбекистон дин ишлари қўмитаси маълумотларига кўра, 2468 нафар ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистонига сафар қилади.

Зиёратчиларни ташиш учун Тошкент-Жидда йўналиши бўйича 12 та рейс амалга оширилиши айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, 30 июл куни амалга оширилган дастлабки рейсда 174 киши, 1 август куни эса 250 зиёратчи Жиддага учиб кетган

Ўзбекистонлик зиёратчилар Маккаи мукаррамада Ҳарам масжидидан 600 метр нарида жойлашган “аль-Бишара мавадда” меҳмонхонаси, Мадинаи мунавварада эса Расулуллоҳ (САВ) масжидига қўшни бўлган “Аброж аль-Мажидий” меҳмонхонасига жойлаштирилиши айтилмоқда.

Меҳмонхоналарни аввалдан эгаллаб қўйиш, шунингдек, зиёратчиларнинг транспорт, озиқ-овқат, дори-дармонлар билан таъминланиши учун, хабарларга кўра, 23 июл куни Саудия Арабистонига 2 ишчи гуруҳи юборилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар дастлаб 3 кеча ва 4 кундуз Мадинаи мунавварада бўлиши, кейин эса Маккаи мукаррамага йўл олиши кутилмоқда.

Расулуллоҳ (САВ) билан бирга Ҳаж қилиш савобига тенг Рамазон умрасига боришни жаҳондаги аксарият диндошлари каби ўзбекистонлик мусулмонларнинг ҳам кўпи орзу қилиб келади. Бу даврда, айниқса, Рамазоннинг сўнгги ўн кунида Арабистон ярим оролида жойлашган икки Ҳарам худди Ҳаж мавсумида бўлгани каби ўта гавжум бўлади.

Расмий маълумотларга мувофиқ, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 20 йил мобайнида мамлакат мусулмонлардан 80 мингдан зиёдроғи Рамазон умрасини адо этишга муваффақ бўлган. Ўзбекистондаги расмий идоралар кўмагидан фойдаланмаган ҳолда Рамазон умрасини адо этган ўзбек мусулмонлари сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG