Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:12

"Билайн" Россия сайтларини тўсиб қўйди


“Билайн” мобил алоқа оператори 9 августдан Gazeta.ru, Lenta.ru, Newsru.com, Utro.ru сингари сайтларни тўсиб қўйди.

Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич, икки кундан буён “Билайн” Интернет-провайдери орқали Россия сайтларига киролмаётганини айтар экан, бу сайтларни Россия компаниясининг ўзи тўсаётганлигидан ҳайратда эканлигини таъкидлайди:

- Энг қизиғи шундаки, Россия сайтларини Россия-Ўзбекистон оператори блок қилиб қўйди. Кеча, 9 август куни умуман бирорта сайтга ҳам кириб бўлмади. Фақат прокси-серверлар ёки анонимайзерлар орқали киришга тўғри келди, дейди Алексей Волосевич.

“Билайн” компаниясининг ўзини “мутахассис Даврон” деб таништирган ходими, Озодлик билан суҳбатда, бу муаммо уларнинг муаммоси эмаслигини айтди:

- Мен сизга ҳозир бунинг аниқ сабабини айтиб беролмайман. Бизга ҳозирча бу сайтга киролмадим¸ деган эътироз келгани йўқ. Агар бу муаммо бўлса¸ Ўзбекистон Ахборот агентлигига мурожаат қиласиз. "Билайн" сайтга блок қўймайдику, деди ўзини Даврон деб таништирган компания мутахассиси.

10 август куни Россиянинг “ВымпелКом Лтд» департаментининг МДҲ давлатлари билан жамоатчилик алоқалари департаменти вакили Галина Курганова, Ўзбекистонда Россия сайтларига қўйилган тўсиқлар ҳақида Фергана.ру сайтида чоп қилинган мақолага раддия билдириб, “Билайн” алоқа оператори ҳеч қайси сайтга тўсиқ қўймаганини таъкидлади.

Бу эътироз сайтга қўйилганидан сўнг, Озодлик яна тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевич билан боғланиб, Россия сайтларига қўйилган тўсиқларнинг бор-йўқлиги билан қизиқди:

- Мана ҳозир Интернетдаман. Россия сайтларини очаяпман. Мана Newsru.com ни босдим. Йўқ, очилмаяпти. “Голос Россия”ни кўрамиз, бу ҳам ишламаяпти. Utro.ru ҳам ва ҳатто Mail.ru даги янгиликлар саҳифаси ҳам очилмаяпти, дейди Алексей Волосевич.

Журналист бир кун олдин тўсиб қўйилган икки сайт - Gazeta.ru ва Lenta.ru 10 август куни ишлаб кетганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам бир неча бор қилган чиқишларида Интернетга тўсиқ қўйишни аxмоқлик деб атаган эди:

- Интернетдан оладиган хабарлар жуда салбий таъсир қиляпти, деган фикрга мен қўшилмайман. Нега деганда, интернет бу катта магазин. Магазинга борганда одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни ёпиб қўйиш бу мутлақо ахмоқона фикр, уни ёпиб бўлмайди. Кимки шунга уринадиган бўлса, бу қип-қизил ахмоқ, бу беҳуда уриниш, деган эди Ислом Каримов 2005 йилда.

Лекин президент "қип-қизил аҳмоқлар", деб аташига қарамасдан Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб мустақил Интернет сайтларини тўсишда давом этмоқда.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 2011 йилда эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни яна Интернет душманлари рўйхатида қолдирди.

Интернет-цензурага қарши кураш куни муносабати билан 12 март куни эълон қилинган ҳисоботда бу каби давлатларда вазият йил сайин оғирлашиб бораётгани айтилган.

Ўзбекистон хусусида “Бу полиция давлати Интернет тармоғида ахборот тарқалишини тутиб қолиш ва хоҳ виртуал¸ хоҳ реалликда бўлишидан қатъий назар, фуқаролик жамияти туғилишига уринишларга қаршилик қилишда давом этмоқда”, дейилган.

Ташкилот берган маълумотга кўра, ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари орасида кўпроқ рус тилида чиқадиган порталлар — Gazeta.uz, Odnoklassniki.ru каби сайтлар Facebook ёки Twitterдан кўра оммавийроқдир.

Шунингдек, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда Интернет сайтларининг Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги Мониторинг маркази ёрдамида бўғилиши, бу эса икки йўл – IP адресларни блок қилиш ҳамда номақбул мақолаларни тўсиб қўйиш йўли билан амалга оширилиши айтилган.

“Билайн” Ўзбекистонда 1996 йилда фаолият бошлаган “Unitel” ОАЖ нинг давомчиси эканлиги айтилади.

“Unitel” ОАЖ Ўзбекистонда 1997 йилда тижорий фаолиятини бошлаган. “Unitel”Ўзбекистондаги етакчи GSM операторларидан бири эканлиги айтилади. 2009 йилнинг охирига келиб, унинг 3,5 миллион абоненти борлиги қайд қилинган.

2006 йилнинг феврал ойидан бошлаб “Unitel” Россиядаги энг йирик мобил оператор компанияси “VimpelCom” таркибига кирди ва “Билайн” бренди остида хизмат кўрсата бошлади.
XS
SM
MD
LG