Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2023, Тошкент вақти: 10:35

Ўзбекистон хабарлари

Ростовда 20 нафар ноқонуний ўзбек муҳожири қўлга олинди

Россия полицияси ноқонуний мигрантларни аниқлаш мақсадида Ростов вилоятининг Мартиновск туманидаги ғишт заводида ўтказган рейд пайтида 20 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.

“Южный Регион” агентлигининг 16 август кунги хабарига кўра, ғишт заводи директори ва ўринбосари ўзбекистонлик ноқонуний мингрантларга бошпана бериб, улардан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланган.

Ростов вилояти ИИБ матбуот хизматига кўра, текширув натижасида мигрантларнинг аксарида Ўзбекистон паспорти бўлгани, қолганлари ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмагани аниқланган.

Қўлга олинган шахсларни Ўзбекистонга депортация қилиш учун уларнинг иши Россия Миграция хизматига топширилган.

Завод раҳбариятига қарши ноқонуний миграция уюуштирганлик бўйича жиноий иш очиш масаласи кўрилмоқда.

Кун янгиликлари

35 ёшли аёл ноқонуний пиротехника савдосида айбланиб учинчи марта маҳкамага тортилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятида туғилган ва Тошкент вилоятида яшаб келган 35 ёшли С.М. исмли аёл пиротехника буюмларининг ноқонуний олди-сотдиси бўйича хавфли рецидивист деб топилди.


Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди жорий йил 17 ноябрь куни чиқарган ҳукмга мувофиқ, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2501-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятда (хавфли рецидивист томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда келгусида ўтказиш мақсадида сақлаш ва ташиш) айбланган ва унга 3 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.


Тергов ҳужжатларига кўра, фуқаро С.М. умумий қиймати 13,6 млн сўм бўлган 102 дона “7SHOTS” номли пиротехника буюмларини Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги уйида қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Пиротехника воситаларини бошқа шахсга сотиш мақсадида “Нексия-3” русумли машинасида Тошкентга олиб келаётганда Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида қўлга олинган.
Аниқланишича, С.М. 2022 йил май ва 2023 йил март ойларида ҳам Жиноят кодексининг айнан 2501-моддаси бўйича маҳкамага тортилган.


ИИВнинг портлаш техника экспертизаси хулосасида қайд этилишича, судланувчи сотишга уринган пиротехника воситалари Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, хавфлилик даражасига кўра IV тоифага мансубдир.


Суд ҳукмида ашёвий далил тариқасида олинган пиротехника буюмларини йўқ қилиш уқтирилган.


Ўзбекистонда ҳар йили Янги йил байрами арафасида пиротехника буюмларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўпайгани кузатилади.
Расмий статистикага қараганда, мамлакат божхона органлари жорий йилнинг 11 ойи мобайнида 67 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, 1 млрд 55 млн сўмлик 830 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйган.

Жиззахда ОИТСни тарқатишда айбланган эркак 5 йилга қамалди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 35 ёшли эркак Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 113-моддасида (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) белгиланган ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилди.

Озодлик тасарруфидаги суд ҳукмига кўра, мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди ёпиқ мажлисида судья А.Норбеков раислигида кўриб чиқилган.

2018 йилдан буён Жиззах вилояти ОИТСга қарши курашиш диспансерида назоратда турган фуқаро С.Ҳ. бошқа шахсларни ОИВ касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирмаслик тўғрисида расман огоҳлантирилган. Аммо у касаллигини яширган ҳолда Ғаллаорол туманида яшовчи, 21 ёшли З.Ж. билан жинсий алоқа қилиб, аёлни ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи остида қолдирган.

Тергов ҳужжатларида С.Ҳ., шунингдек, З.Ж.нинг шахсий сирини ташкил этувчи маълумотларни ғаразли мақсадда ижтимоий тармоқларда тарқатгани ва уни фуқаролар орасида шарманда қилгани қайд этилган.

Аниқланишича, оилали ва икки фарзанднинг отаси бўлган С.Ҳ. биринчи гуруҳ ногирони саналади.

Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судининг 2023 йил 1 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, фуқаро С.Ҳ.га ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон қонунчилигида шахс ўзида ОИТС инфекцияси борлигини била туриб ўзга шахсга касалликни юқтирса ёки юқтириш хавфи остида қолдирса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган.

2021 йилда 40 нафарга яқин эркакка ОИТС юқтиришда айбланган бухоролик аёл 6,5 йилга қамалган эди.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 48658 киши одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан яшамоқда. Сўнгги 10 ойлик таҳлиллар ушбу инфекция 77 фоиз ҳолатда жинсий алоқа, 10,6 фоиз парентерал ва 0,2 фоиз вертикал йўллар билан юққанини кўрсатган.

Метронинг “Қўйлиқ” бекатида эркак ўз жонига қасд қилди

Тошкент ер усти метроси лойиҳаси. Архив сурат.
Тошкент ер усти метроси лойиҳаси. Архив сурат.

Тошкент метрополитенининг “Қўйлиқ” бекатида 28 ноябрь соат 14:58 да номаълум эркак ўзини ҳаракатланиб келаётган поезд тагига ташлади.

Метрополитен матбуот котиби Тўйчи Мирзаев дастлабки маълумотларга қараганда, “барча ходимлар эркакнинг ўлганини тасдиқлаётгани” ҳақида билдирди. Унга кўра, “ҳозирча суриштирув ишлари якунланмаган”.

Бундан олдинроқ Метрополитен матбуот хизмати “Қўйлиқ” бекатида номаълум эркак ўзини поезд остига ташлагани ортидан “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг бир томон қисми вақтинча ҳаракатдан тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.

Матбуот хизмати дастлабки суриштирув ишлари якунлангач, қўшимча маълумот берилишини билдирган.

ОАВ: Тошкентда ўқувчининг ўлимига ток ургани сабаб бўлган. Аввалроқ расмийлар буни рад этганди

Суд тиббий экспертизаси Тошкент шаҳридаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани тўғрисидаги дастлабки хулосани берди. Бу ҳақда Бош прокуратурадан олинган маълумотга таянган ҳолда “Газета.uz”, Kun.uz ва “Дарё” 28 ноябрда хабар берди.

Мазкур хабар чоп этилган пайтда Бош прокуратура сайтида, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бу борада маълумот берилмаган.

Хабарларда айтилишича, суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, боланинг ўлими электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши натижасида юз берган. Экспертиза ўқувчининг “чап қўли кафт соҳасида электр токи уриши излари борлигини ҳам аниқланган”.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри Филология мактабида 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани айтилмоқда. Масъул ходимлар очиқ қолган электр токига қарамаганлиги сабабли бола вафот этган”, деган хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарларни инкор этган. Бошқарма 28 ноябрда тарқатган расмий маълумотда: “27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А., таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотгани” айтилади.

Бошқарма мактаб қоровули зудликда “Тез ёрдам” чақиргани, ўқувчи касалхонага олиб кетилгани ва ўша ерда хушига келмай вафот этгани ҳақида билдирган.

“Газета.uz”нинг ёзишича: “кейинроқ бошқарма ўз хабарини таҳрирлади ва боланинг ўлимига электр токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани айтилган қисмини олиб ташлади”.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда очиқ эълон қилинадиган маълумотлар рўйхати кенгайтирилди

Ўзбекистонда 1 декбардан Ҳажга бориш учун навбатга турганлар рўйхати ҳам очиқ эълон қилинади.
Ўзбекистонда 1 декбардан Ҳажга бориш учун навбатга турганлар рўйхати ҳам очиқ эълон қилинади.

Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан очиқ эълон қилиниши шарт бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилди.

Фармонга асосан, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб ҳудудлар кесимида Ҳажга бориш учун навбатда турганларнинг ягона онлайн навбати, болаларни давлат болалар боғчаларига навбати ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар сифатида тан олинади.

Бундан ташқари давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби, марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқ элон қилиниши шарт.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқ эълон қилинадиган маълумотлар рўйхатига киритилади.

“Антиструмин” жанжали ортидан уч аёл врач қамоққа олинди. Врачлар ассоциацияси норозилик билдирди

“Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланган.
“Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланган.

Ўзбекистонда “Антиструмин” препарати болаларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлгани ортидан уч нафар шифокор аёл қўлга олинди.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 7 ва 16 ноябрь кунларидаги ажримлари билан гумон қилинувчилар Н. А., Ф. Х., ва Х. Г., га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур эҳтиёт чорасини қўллашни бош прокурор ўринбосари илтимос қилган.

Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бунга норозилик билдириб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди. Мурожаатда қамоққа олинган врач аёлларга енгилроқ эҳтиёт чораси қўллаш илтимос қилинган.

Врачлар ассоциациясига кўра, қўлга олинган шифокорларнинг барчаси фан доктори илмий унвонига эга бўлган олималардир. Мурожаатда мустақил юристлар бу уч аёлнинг 167-моддаси билан айбланиши тўғрилигига шубҳа билдиргани таъкидланади.

Мазкур хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура ҳам бу масалада расмий баёнот тарқатди. Бош прокуратура “тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилаётгани”ни таъкидлаган ҳолда, “тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу жиноят ишига оид маълумотларни тарқатмасликка” чақирган.

20 сентябрда Ўзбекистонда болаларга таркибида йод моддаси бўлган “Антиструмин” препарати берила бошланган эди. 21 сентябрда Наманган вилоятининг Чуст туманида “Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги орадан икки ой ўтгачгина болалар йод препаратидан заҳарланганини расман тан олди.

Краснодарда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилди

Краснодардаги ўзбекистонлик муҳожирлар. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фотоси.
Краснодардаги ўзбекистонлик муҳожирлар. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фотоси.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Краснодар шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида оммавий муштлашув содир этилгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Агентликнинг билдиришича, муштлашув 25 ноябрда Краснодар шаҳридаги “Точно” корхонасининг қурилиш объектда содир бўлган. Корхонага тегишли қурилиш кранидан фойдаланиш масаласида ўзаро келишмовчилик оқибатида 50 нафардан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир ўртасида жанжал келиб чиққан.

“Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия ваколатхонаси ходимлари томонидан корхона раҳбарияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда томонларни ўзаро келиштирган ҳолда жавобгарликка тортмасдан ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади билдирувда.

Россияда ўзбек меҳнат муҳожирлари иштирокида оммавий жанжаллар бундан авваллари ҳам юз бериб турган. Масалан, 2019 йилда Москвада, 2021 йилда эса Санкт-Петербургда ўзбекистонликлар иштирокида оммавий муштлашувлар содир этилгани қайд этилган.

Тошкентда Jah Khalib концертига сохта билетлар сотилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Humo Arena. Конецертга кира олмаганлар уюштирган тиқилинч. Ижтимоий тармоқлардан олинган суратлар.
Humo Arena. Конецертга кира олмаганлар уюштирган тиқилинч. Ижтимоий тармоқлардан олинган суратлар.

Тошкентда қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концертига сохта билетлар сотилгани аниқланди ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, сохта билет сотганлар Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан айбланмоқда.

Аввалроқ Humo Arena мажмуасида Jah Khalib концертига кириш пайтида тартибсизликлар юз бергани ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Тартибсизлик иштирокчиларини тарқатиш учун Миллий гвардия жалб қилинган. Айрим Telegram каналларда тартибсизликлар пайтида бир неча киши ўлгани тўғрисида ҳам маълумотлар берилганди. Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ бу маълумотларни тасдиқламади ва одамлар ўлганини рад этди.

Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси эса тартибсизликларга концертга сохта электрон билетлар сотилгани сабаб бўлганини билдирган.

Расмий маълумотда айтилишича, концертга 10 мингдан ортиқ электрон чипта сотилган. Концертга келганларнинг чипталари iTicket ходимлари томонидан QR-коди орқали текширилган. Концертга келган мингдан ортиқ фуқароларнинг билетлари сохта бўлгани учун ташқарида қолиб кетган ва улар тартибсизликларни келтириб чиқарган.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси бош котиби босим ва тазйиқлар туфайли истеъфога чиққани билдирилди

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси логоси.
Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси логоси.

Мухолифатдаги Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси бош котиби вазифасини бажариб келаётган Бахтиёр Исабек истеъфога кетди. Бу ҳақда "Эрк" партияси 26 ноябрь куни тарқатилган баёнотда билдирилган.

Баёнотда аввалги бош котиб – профессор Отаназар Орипов “оилавий машаққатлар ва соғлиги ёмонлашгани сабабли” ваколатларини топширгани ортидан бу вазифа партия фаоли Бахтиёр Исабекка топширилгани, аммо “Мирзиёев режими” унга нисбатан ҳам тазйиқ-таъқиб давом эттиргани, натижада босим ва тазйиқларга дош беролмаган Бахтиёр Исабек бир ҳафта муқаддам касалхонага тушгани урғуланган.

Тилшунос олим ва "Эрк" партияси фаоли Бахтиёр Исабек.
Тилшунос олим ва "Эрк" партияси фаоли Бахтиёр Исабек.

Айни пайтда таниқли тилшунос олим Бахтиёр Исабекнинг партия сафидан чиқмаслигини билдиргани ҳам қўшимча қилинган.

“Эрк” партияси 1991 йил сентябрида Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган илк мухолиф партия ҳисобланади. 1991 йили муқобиллик асосида ўтган биринчи ва охирги президент сайловида Ислом Каримовга рақиб бўлган "Эрк" партияси раиси Муҳаммад Солиҳ расман 12 фоиздан кўпроқ овоз олган. Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилганини айтади.

Каримов бошқаруви даврида сиёсий саҳнада четлатилган "Эрк" партияси мамлакат ичкариси ва ташқарисида таъқиб қилинган, бироқ “Эрк” фаолларига кўра, партияни ëпиш ëки фаолиятини тугатиш ҳақида суд қарори ë-да бошқа расмий ҳужжат мавжуд эмас. “Эрк” партияси 2019 йилда партия фаолиятини давом эттириш масаласи юзасидан Ўзбекистон Адлия вазирлигига мурожаат қилган эди.

2020 йил январида ўша пайтдаги адлия вазири Русланбек Давлетов партиянинг бир гуруҳ тарафдорини қабул қилган. Учрашув пайтида вазир уларга: “Бундай партия тарихда қолди, унутинглар” деган ҳамда “1991 йилги ҳужжат ўз кучини йўқотган”ини қайд этган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистонда мухолифатга йўл берилиши ҳақида гапирган эди.

Тошкентдаги ёшлар билан учрашув чоғида у “Мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради?” дея риторик савол қўйган.

"Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтирди? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак", деган президент Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг бу гаплари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кузатувчилари Ўзбекистонда 22 декабрдаги парламент сайлови нисбатан эркинроқ ўтган бўлса-да, тизимдаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмагани айтганидан сўнг янграган.

Ўша пайтда Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов биринчи марта мухолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" ташкилотлари номини тилга олган ва уларнинг рўйхатга олиниши мумкинлигига ишора қилганди.

Президентнинг “шу ернинг нонини еб, сувини ичган” мухолифат зарурлиги ҳақидаги гапидан икки ҳафта ўтгач, Адлия вазири “Эрк” партияси гуруҳини қабул қилган. Ундан олдин мухолифатдаги “Бирлик” партияси вакиллари ҳам Адлия вазирлиги бошқарма бошлиқлари томонидан қабул қилинган эди.

"Бирлик" партияси Марказий кенгаши аъзоси Анвар Усмонов ўша пайтда Озодликка "охирги марта 2019 йилнинг декабрида "Бирлик" вакиллари аризасини Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи олиб қолган"ини айтган.

Ўзбекистон ва Қозоғистонни боғловчи янги темир йўл линияси қурилиши бошланди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон чегарасигача узунлиги 152 километр бўлган Дарбаза – Мақтаарал янги темир йўл линияси қурилиши бошланди. Бу ҳақида Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур лойиҳа қурилиши якунланганидан сўнг юкларни мавжуд Сариагаш–Тошкент темир йўл участкасидан янги линияга йўналтириш ва Ўзбекистон йўналиши бўйича юк ташиш ҳажмини ошириш имконияти пайдо бўлади.

Темир йўл қурилиши икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Сирдарё станциясигача бўлган масофада Ердаут – Мақтаарал линиясини қурилади. Иккинчи босқичда эса Ўзбекистон давлат чегараси яқинида Жетисай филиали фойдаланишга топширилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун 19,7 минг тонна релс, шунингдек, 280 минг дона темир-бетон шпал ва релсли маҳкамлагичлар харид қилиш режалаштирилган.

Расман билдирилишича, йил охирига қадар Ўзбекистон билан юк ташиш ҳажми қарийб 31 миллион тоннани ташкил этиши режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўпдир.

Янги темир йўл линиясининг қурилиши ортидан 3400 иш ўрни яратилади. Лойиҳада Қозоғистон таркибининг улуши 85 фоизни ташкил этади.

Таъкидланишича, Афғонистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистонга кетаётган юклар бу йўналиш бўйлаб тезроқ ҳаракатланади. Шунингдек, Сариагаш -Тошкент темир йўл участкасидаги тирбандлик бартараф этилади.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида 12 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия вазири Ҳолид ал Фалихни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Президент матбуот химзати фотоси.
Президент Шавкат Мирзиёев Саудия вазири Ҳолид ал Фалихни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Президент матбуот химзати фотоси.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрда Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал Фалиҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича: “Саудия делегациясининг бу галги ташрифи доирасида кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, IT ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида 12 миллиард долларлик ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди”.

Шунингдек, транспорт инфратузилмаси ва коммунал хўжалиги, геология, ирригация, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, олий таълим, меҳнат миграцияси бўйича умумий қиймати 11 миллиард долларлик янги лойиҳа ва дастурларни илгари суришга келишиб олинди.

Учрашувда томонлар “Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантиришда энг катта сармоядор ва стратегик ҳамкор бўлган “ACWA Power” компанияси билан сермаҳсул ҳамкорлик алоҳида қайд этди”.

Расман билдирилишича, бу ширкат Ўзбекистонда 7,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширилмоқда.

Президент Сирдарё вилоятида 1,5 гигаватт қувватли замонавий иссиқлик электр станциясининг фаолияти ҳамда Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари бошланаётганини олқишлаган.

27 ноябрда президент бу икки лойиҳанинг қурилишига старт берилиши маросимида иштирок этди. Бу икки лойиҳа “ACWA Power” компаниясиси томонидан амалга оширилмоқда.

Мирзиёев Ҳолид ал Фалихни “кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси” учун “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

Шаҳрисабзда 14 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаганликда гумонланган аёл қамоққа олинди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 7 ой давомида 14 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаганликда гумонланаётган аёл қамоққа олингани тўғрисида Ўзбекистон Болалар омбудсмани матбуот хизмати 26 ноябрь куни кечга яқин хабар берди.

Расман билдирилишича, Шахрисабзнинг Хўжабоғ қишлоғида яшовчи Н.А., Китоб туманидан бўлган 14 ёшли Ч.Т.,ни 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябригача “зўрлик ва таҳдид орқали турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурланган”.

Ч.Т., бу ҳақда Болалар омбудсманига мурожаат қилган ва шундан сўнг 24 ноябрда вилоят прокуратураси ҳодисани ўрганишни бошлаган.

25 ноябрь куни Н.А., гумонланувчи тариқасида жалб қилинган ва 26 ноябрда Китоб тумани судининг ажрими билан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Китоб туман прокуратураси Н.А.,га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми "а" банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатган. Мазкур модда асосида Н.А., суд томонидан айбдор деб топилса, 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 25 ноябрда тарқатган билдирувида қизнинг онаси 2023 йил январида Россияга ишлаш учун кетгани ва Ч.Т., отаси Ғ.Ж.,нинг қарамоғида бўлганини маълум қилган эди.

“Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Китоб тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан психолог ва педагоглардан иборат ишчи гуруҳ бугунги кунда вояга етмаган Т.Ч.,нинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш ҳамда мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уни бартараф этиш чоралари юзасидан “ижтимоий иш” очилиб, ҳолат юзасидан комплекс ўрганишлар давом эттирилаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий билдирувда.

Болалар омбудсмани эса қизнинг қонуний манфаатлари таъминланиши устидан парламент назоратини давом эттиришини маълум қилди.

Тошкентдаги синагога деворига “Озод Ғазо” деган жумла ёзиб кетилди

Тошкентдаги синагогалардан бирида 25 ноябрда олинган сурат. AZfront телеграм каналидан олинди.
Тошкентдаги синагогалардан бирида 25 ноябрда олинган сурат. AZfront телеграм каналидан олинди.

Тошкентдаги синагога деворига номаълум шахслар “Free Gaza” ва “Free Palestina” деган жумлаларни ёзиб кетди. Бу ҳақда AZfront телеграм канали ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди. Бу борада ҳозирча расмий Тошкент муносабат билдирмади.

Октябрнинг охирларида AZfront Исроилнинг диаспоралар бўйича вазирлигининг ички ҳужжатига таянган ҳолда, Тошкентда яҳудийларнинг «Хабад» халқаро диний ташкилоти аъзоси бўлган икки киши ҳужумга учрагани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон ҳукумати бу хабарларни расман тасдиқлаган ёки инкор этган эмас. Маълумотда айтилишича, яҳудийлар жамоаси бу каби ҳодисаларни ошкор қилишдан қўрқмоқда, аммо маҳаллий ҳокимиятлар ва яҳудий ташкилотларни хабардор қилмоқда.

Хабарда айтилишича, Исроил томони «Хабад» аъзоларига ҳужум қилингани тўғрисида Ўзбекистон ҳукуматини огоҳлантирган. Расмий Тошкент эса синагогалар ва яҳудийларга оид бошқа объектлар Миллий гвардия ва ички ишлар органлари томонидан қўриқланаётганини билдирган.

Озодлик аввалроқ БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги гуманитар миссияга ёрдам сифатида 1,5 миллион доллар ажратгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдиргани ҳақида ёзган эди. Агентликнинг 13 ноябрда маълум қилишича, Ўзбекистон бу маблағни 2 ноябрда тақдим этган.

31 октябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини ва БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратилишини билдирганди.

У Ҳамас ва Исроил ўртасида уруш бошлангандан буён “бегуноҳ ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлаётгани”ни таъкидлаганди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган.

Озодлик 7 ноябрда Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси, синагогалар ва яҳудийларга тегишли бошқа муассасалар атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани тўғрисида хабар берган.

Яҳудий ибодатхоналари атрофини Ўзбекистон Миллий гвардияси ходимлари туну-кун қўриқламоқда. Қўқондаги яҳудий қабристони атрофига ҳам милиция постлари қўйилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 10 та синагога мавжуд. Шулардан учтаси Тошкентда, Самарқанд ва Бухорода иккитадан, қолгани Қўқон, Фарғона, Марғилон ва Андижонда жойлашган.

ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Тошкентга келади

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 2023 йил апрелида Тошкентда президент Мирзиёев билан учрашган эди.
Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 2023 йил апрелида Тошкентда президент Мирзиёев билан учрашган эди.

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 29−30 ноябрь кунлари Тошкентда бўлади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати 24 ноябрда хабар берди.

“Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан Европа Иттифоқи санкциялари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш мақсадида Тошкентга ташриф буюради”, дейилади расмий хабарда.

Тошкентга келишдан олдин О’Салливан 28 ноябрда Қозоғистонга боради ва у ерда мамлакат расмийлари билан учрашади.

Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтганди.

АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси 2 ноябрда Россиядаги 12 та ширкат билан бир қаторда Ўзбекистондаги Mvizion МЧЖни ҳам санкциялар рўйхатига киритган эди.

Европа Иттифоқи ҳам Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетига Москвага санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашганликда гумонланган Mvizion МЧЖни киритишни режалаштирмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский 23 ноябрда 147 нафар жисмоний ва 303 та юридик шахсга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Улар орасида Ўзбекистондаги Akkermann Cement CA, «Оҳангаронцемент» АЖ, шунингдек, 1984 йилда туғилган Насиба Нарзиева ва 1980 йилда туғилган Шоҳрух Носирхўжаев ҳам бор.

АҚШ ҳам 12 апрель куни юқорида номи қайд этилган Ўзбекистон ширкатлари ва фуқароларни, шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновга яқин кўрилган шахсларни Россияга жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар рўйхатига киритган эди. Улар:

Гулбаҳор Бурхановна Исмаилова —Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси. Акаси билан The Sister Trust компаниясини бирга бошқаради. Исмоилова Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия санкциялари рўйхатига ҳам киритилган. Зуннур Исмоилов билан биргаликда Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий асосчиларидан бири;

Гулноз Зуннуровна Кочарова — Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси. Кипр Almenor Holdings директори сифатида рўйхатга олинган;

Шоҳрух Олимжонович Носирхўжаев — Ўзбекистон фуқароси. У БААдаги Hamriyah Steel («Металлоинвест»га тегишли) пўлат прокат заводининг бош директори;

Нарзиева Насиба Эркиновна — Ўзбекистон фуқароси, Шоҳрух Носирхўжаевнинг рафиқаси;

Саодат Бурхоновна Нарзиева — Ўзбекистон фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси ва Насиба Нарзиеванинг онаси.

Бундан ташқари АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига, жумладан, «Охангаронцемент”га санкциялар жорий этгани тўғрисида маълум қилинган эди.

Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги сабаб уруш бошланганидан бери бир неча бор ҳалқаро санкцияларга тушди.

Мирзиёев Бокуда Алиев билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан 24 ноябрда учрашди. Президент матбуот хизмати фотоси.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан 24 ноябрда учрашди. Президент матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябрда Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.

Расман билдирилишича, музокарада йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 34 фоизга ошгани қайд этилди.

Бундан ташқари автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани, транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланаётгани таъкидланди.

“Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади расмий хабарда.

Мирзиёев Бокуга 23 ноябрда БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этиш учун борган эди. СПЕКА саммити 24 ноябрда ўтказилади.

Саммитда СПЕКА доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш, ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш ва бошқа масалалар муҳокама этилади.

СПЕКА дастури 1998 йил 26 март куни Тошкент декларациясига мувофиқ минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида таъсис этилган. Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мазкур дастурнинг иштирокчилари ҳисобланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG