Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:53

Россияда қулфурушликда гумонланган ўзбек ушланди


Қулфурушликда гумонланаётган ўзбекистонлик Баҳриддин Йўлдошев ўзига қўйилаётган айбловлар асоссиз эканини айтади.
Қулфурушликда гумонланаётган ўзбекистонлик Баҳриддин Йўлдошев ўзига қўйилаётган айбловлар асоссиз эканини айтади.

43 ёшли Баҳриддин Йўлдошев саккиз ҳамюртини Москвага олиб келиб, иш берувчиларга “ижара”га бериб турганликдан гумонланмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Вологда вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кўра, Йўлдошев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам қидирилаётган экан.

- Бу одам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан одам савдосида гумон қилиниб, қидирув берилган. Узоқ вақт мобайнида у Россия ҳудудида яшириниб юрган. У бизнинг вилоятимизда пайдо бўлгач, ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушди ва қўлга олинди, - дейди Вологда вилоят Ички ишлар бошқармаси қидирув бўлими бошлиғи Юрий Мокиевский.

Россия Ички ишлар вазирлигининг “Соколский” туманлараро полиция бўлими бошлиғи Дмитрий Нестеровга кўра, Ўзбекистон фуқароси Вологда вилоятининг Уст-Кубинск туманида қўлга олинган.

- Уст-Кубинск туманида маъмурий участкалардан бирида текширув ўтказилганда, дала-ҳовлилардан бирида Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. У оғир жиноят содир этганлиги учун Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани аниқланди. Унинг ярим йил давомида Уст-Кубинск туманида танишларининг дачасини қўриқлагани ва қоровул бўлиб ишлаб келгани аниқланди. Айни пайтда Йўлдошевнинг ўзи айбини инкор этмоқда, - дейди “Соколский” туманлараро полиция бўлими бошлиғи Дмитрий Нестеров.

43 ёшли Ўзбекистон фуқароси Баҳриддин Йўлдошевнинг рус матбуотига айтишича, у ҳақиқатан ҳам бир неча йил олдин Россияга саккиз нафар ўзбекистонликни ишга олиб келган, бироқ улардан моддий манфаат топмаган.

- Менга қидирувда эканлигимни айтишаяпти. Мен Ўзбекистонда бўлганман, у ерда қидирувда эмас эдим. Агар қидирувда бўлсам, мени четга чиқаришмаган бўлар эди. Ҳозир текширишса, қидирувда эканман. Одамларни ишга жўнатганман, аммо бундай воқеа анча олдин бўлган. Улар менинг одам савдоси билан шуғулланганимни айтишган. Биз фирмага ишлаш учун келгандик. Кейин кризис бошланди. Шундан сўнг мен саккиз кишини ўз ёнимдан пул тўлаб, уйига жўнатиб юборгандим. Кейинчалик улар 2 ойлик маошини бермаганимни айтишган, аммо ўша пайтда кризис эди, шугина холос, - дейди Баҳриддин Йўлдошев.



Айни пайтда Йўлдошев Вологда вилоятидаги тергов изоляторида Ўзбекистонга жўнатилишини кутмоқда.

Россия Федерациясига иш қидириб борган Ўзбекистон фуқароларининг ўз ҳамюртлари томонидан алданиши кейинги пайтда кўп учраяпти.

Хусусан, ўтган йил октябрида одам савдосида айбланган бухоролик Акмал Келдиёров Иркутск шаҳрида қўлга олинган эди.

Яна бир исми келтирилмаган 45 ёшли ўзбекистонлик аёл ўтган йили Новосибирск шаҳрида одам савдоси ва қизларни фоҳишалик қилишга мажбур қилганлик бўйича 4 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Шунингдек, яқинда Владивосток вилоятида икки ўзбекистонлик, Ўзбекистон МХХ томонидан юборилган сўровга кўра, одам савдосида айбланиб, қўлга олинганди.
XS
SM
MD
LG