Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 13:54

Туладаги 30 мардикор уйга жўнайди


Россиянинг Тула вилоятидаги “ОВАКО-Логистик” заводида қуллик шароитида яшаб, ишлаётган мардикорлардан 30 кишига уйга кетишга рухсат берилди.

Россиянинг Тула вилояти Заокский туманидаги “ОВАКО-Логистик" заводида бир неча ой давомида маошсиз, ўта оғир шароитларда ишлаётган тахминан 90 нафар марказий осиёлик мардикор билан боғлиқ вазият Озодлик орқали ёритилгач, заводда бир қанча ижобий ўзгаришлар кузатилди.

“ОВАКО-Логистик” заводида бир ойдан буён ишлаётган сурхондарёлик мардикорга кўра, айни пайтда ўттиз нафар ишчи, жумладан, йигирма ўзбекистонликка уйига кетишга рухсат берилган ва кетаётган ишчиларга ойлик маошлари тўла бўлмаса-да, маълум миқдорда берилган.

- Ўзгариш бор. Бу ерда "кетаман" деётганларни тезлаштираяпти. Бугун, кеча уч киши кетди, яна олти одам кетаяпти.

Озодлик: Демак, кетишга рухсат бераяпти?

- Ҳа. Ўттиз кишига. Уларнинг тахминан йигирма нафари ўзбекистонлик. Лекин бу ерда вояга етмаганлар ҳам бор-ку...

Озодлик: Ораларингизда вояга етмаган болалар ҳам борми?

- Ҳа, 1994 йил туғилган болалар бор. Шуларни, агар текширув келса, ўрмонга олиб бориб яшириб қўяди. Аввал олти ой аввал текшририш бўлганда ҳам, аввалдан хабар келган. Завод раҳбариятини бу ердаги маҳаллий раҳбарлар билан алоқаси яхши-да. Кейин хабар келгандан кейин вояга етмаганларни Газелга солиб, ўрмонга олиб бориб, яшириб қўйишган.

Озодлик: Заводда қанча ўзбекистонлик вояга етмаган бола бор?

- Биз билан бир бола келган, Сурхондарёдан. Яна бор, фақат қанчалигини билмадим. Тожикистонликлар орасида кўп лекин ёш болалар.

Озодлик: Юқорида сиз “уйга кетишга рухсат бераяпти” дедингиз. Кетаётганларга меҳнат ҳақини ҳам бериб юбораяптими?

- Энди бошида 20 минг рублдан ваъда беришган. Ҳозир кетаётганларга бундан кам бераяпти. Шу 15-16 минг рубл бераяпти. Энди улар 14-16 ой ишлаганларга кетишга рухсат бераяпти.

Озодлик: Завод раҳбарияти Озодлик билан мулоқот қилаётганингиз учун сизларга босим, тазйиқ қилмаяптими?

- Йўқ, ҳозирча босим қилишмади. Лекин сизлар билан гаплашгандан кейин бу ердан 30 ишчига уйига кетишига рухсат беришди, - деди “ОВАКО-Логистик” заводида бир ойдан буён ишлаётган сурхондарёлик мардикор.

“ОВАКО-Логистик” заводида ушлаб турилган тахминан 90 нафар марказий осиёлик мардикорларнинг 50 нафарга яқини Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, олти нафари сурхондарёлик экани маълум.

Заводда ишлаётган ўзбек мардикорларидан бирига кўра, 90 кишининг ҳаммасидан паспортлари завод раҳбарияти томонидан олиб қўйилган, ишчилар маошлари эса ушлаб қолинмоқда.

“Мардикорлар атрофи сим тўсиқлар билан ўралган завод ҳудудидан чиқиш ҳуқуқига эга эмаслар, ишчилар кечаю кундуз дам олишсиз ишлашга мажбур”, дея маълум қилган эди “ОВАКО-Логистик” заводида бир ойдан буён ишлаётган сурхондарёлик мардикор.

21 август куни Озодлик билан суҳбатда ўзбек мардикорларидан бири заводда ишлаётган деновлик Холмурод билан боғлиқ бахтсиз ходиса юз берганини маълум қилди.

- Кеча биттасини қўлини пресс қисиб қолди. Иккита бармоғини эзиб ташлаган. Холмурод Йўлдошев деган бола.

Озодлик: Ўзбекистонликми бу йигит?

- Ўзбекистонлик Ҳазарбоғ деган жойдан. Сурхондарёнинг Денов туманидан.

Озодлик: Бутунлай бармоқларини эзиб ташлаганми?

- Энди етти тонналик юк билан уради. Қўли шу етти тонналик пресснинг орасида қолган, эзиб ташлаган бутунлай. Кеча ўзидан сўрасак, “Қўлимни катта қилиб, боғлаб қўйишди”, деди. Бу воқеадан аввал, бир ярим ойча олдин ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. Сурхондарёнинг Шўрчи туманидан Абдуғаниев Рўзим деган боланинг қўлини ҳам пресс кесиб қолган эди. Уни бир бармоғи тирноғидан пасти эзилган эди.

Озодлик: Шундай ҳолатларда, яъни ишчилар иш пайти бирор-бир жароҳат олганда, уларга завод томонидан товон пули тўланадими?

- Ундай нарса умуман йўқ. Бармоғидан айрилган шўрчилик Рўзим Абдуғаниев ҳали ҳам шу ерда юрибди. Ҳатто унга уйига ҳам рухсат бермаяпти-ю. Мана бугун Холмурод билан гаплашганимда унга "Қўлимни тош босиб қолди, деб айт" дейишибди завод раҳбарлари. Товон пули деган нарса йўқ бу ерда. Одамнинг ўзининг инсон сифатида қадри йўқ. қандай бармоғинининг қадри бўлади, - деди “ОВАКО-Логистик” заводида бир ойдан буён ишлаётган сурхондарёлик мардикор.

Озодлик мухбири Тула вилояти Заокский тумани прокуратураси, вилоят миграция хизмати ва маҳаллий милиция бўлимига мурожаат қилганида, фактлар аниқланса, албатта чора кўрилиши тўғрисида жиддий ваъдалар берилган эди.

Озодлик Туладаги ўзбек мардикорлари билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG