Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:55

Араб кўчаларида баҳор¸ ўзбек кўчасидачи?


"Ҳафта саволи"да ўзбекистонлик мухолифат фаоллари ва мустақил кузатувчилар ана шу саволга жавоб беради.


Шу йил бошида Тунисда бошланган ҳукуматга қарши норозиликлар қисқа фурсатда Миср, Яман, Сурия, Ливия ва бошқа давлатларга ёйилди.

Тез орада Тунис ва Миср раҳбарлари ҳокимиятни тарк этди. Қолган араб давлатларида ҳокимият учун кураш давом этмоқда. 22 август куни Ливияда исёнчи кучлар пойтахт Триполининг аксар қисмини ўз назоратига олганини эълон қилди.

Ғарбдаги бирор таҳлил маркази олдиндан башорат қила олмаган Яқин Шарқ минтақасидаги сиёсий воқеалар “Араб баҳори” номи билан тарих саҳифасига киритилди.

Бугун таҳлилчилар таъбири билан айтганда¸ араб кўчаларида “сиёсий баҳор” бўлса, Ўзбекистонда қандай сиëсий фасл ҳукм сурмоқда?”


Эрк демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ:

- Ўзбекистондаги ҳозирги (сиёсий) иқлим, об-ҳавони худди қиш кетиб ҳали баҳор келмаган ўрта бир ҳолатга, яъни қиш тугаб бўлиб, аммо баҳор ҳали келмаган бир даврга қиëслаш мумкин. Аммо баҳор жуда яқин. “Араб баҳори” деган феномен бу глобал воқеа. Бунинг бошқа ўлкаларга, айниқса, диктаторлик режимлари бошқараётган ўлкаларга таъсири бўлади. Бу нарса дунё сиёсий ҳаётида янги бир феноменал воқеа. Бир ўзгариш бошланди дунёда. Бу ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий, ҳам маънавий, ҳам психологик ўзгаришдир бу. Бу битта жабҳадаги ўзгариш эмас. Кенг бир ўзгариш. Ўша ўзгаришнинг доирасига Ўрта Осиё давлатлари ҳам киради ва Ўзбекистонда ҳам мана шунақа ўзгаришлар яқин ойларда демайлик, яқин йилларда юз беради¸ деб ўйлайман.


Мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев:

- Мен Ўзбекистондаги ҳозирги жараёнларни Ўзбекистондаги сиёсий-ижтимоий уйғонишнинг бошланиши деб айтган бўлардим. Ўзбекистондаги сиёсий-ижтимоий уйғониш баҳори деб атаган бўлардим.


“Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева:

- Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни куз фаслига қиёслаган бўлардим. Боиси куз фаслида ҳаво баъзан очиқ бўлади. Яъни Европа Иттифоқи, Ғарб мамлакатлари сиёсатдонлари Ўзбекистон ҳукумати билан апоқ-чапоқ бўлишади. Бир қарасангиз, ёмғир, бўрон, изғирин бўлади. Яъни Ўзбекистон ҳукумати Россия, Хитой томонга ўгирилиб, Ғарб давлатларига қарши туради. Ундай ҳолатда ҳам, бундай ҳолатда ҳам жабр тортадиган ўзбек халқи. Изғиринда, совуқда, ёмғирда, дўл, жалада қолиб кетадиган ўзбек халқи. Шунинг учун Ўзбекистондаги сиёсий иқлимни кузнинг изғирин кунларига қиёслаган бўлардим.


“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев:

- Мен "Араб баҳори"ни Ўзбекистондаги куз фаслига ўхшатган бўлардим. Чунки бизга кўпроқ норозиликлар уюштириш учун куз фасли тўғри келади. Бундан ташқари ҳамма фаслларга ҳам урғу беришимиз мумкин. Мана шунақа норозилик қайси фаслга тўғри келиб қолса, келажакда биз ҳам шу фасл билан аташимиз мумкин.


Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов:

- "Араб баҳори" бўладими, Эрон қуёши бўладими, бизга таъсири бўлмайди. Бундай ўйлаб кўрсак, бизга баҳорнинг ҳам, қишнинг ҳам кераги йўқ. Биз ўзимизпараст бўлишимиз, халқпараст бўлишимиз керак. Арабларга назар солсак, буюк мақсадлар ҳам ўзини оқламайди-да. Қанчадан-қанча одамнинг қони тўкилаяпти. Қанча моддий зарар кўрилаяпти. Моддий зарарни қопласа бўлади, лекин ҳалок бўлган одамнинг руҳини қайтариб бўладими? Шунинг учун "Араб баҳори" ёки бошқа баҳор бўлмай, одамлар ўзини англаб етиб муросаи мадорага етиб шу даражага олиб бормаслик бўлганида, шу "Араб баҳори"ни Наврўз деб, навбаҳор деб қабул қилган бўлардим.


Ўзбекистонлик мустақил журналист Сергей Ежков:

- Мен буни куз – сентябр, октябр деб атаган бўлардим. Бир воқеани бошқаси билан боғлаш керак эмас. Ҳар бир давлатда ўзига хос вазият мавжуд. Бу қайсидир араб давлатида инқилоб юз берса, Ўзбекистонда ҳам¸ албатта¸ шундай бўлади деган гап эмас. Менимча, расмийлар араб давлатларидаги воқеаларни назардан четда қолдираётгани йўқ. Шу боис ижтимоий ёки қандайдир бошқа эҳтимолий силсиланинг оқибатларини камайтириш учун ички сиёсатни тўғрилаш лозим бўлади; сиёсатни реал шароитларга қараб мослаш керак бўлади. Мен бундан буён ҳам бу ерда тинчлик, осойишталик ҳукм суриши ва Ўзбекистондаги барча халқлар яхши, муносиб ва имкониятга яраша бахтли ҳаёт кечиришини хоҳлайман.


Мухолифат фаоли Дилором Исоқова:

- Араб кўчаларида “сиёсий баҳор” бўлса, мен буни Ўзбекистонга қиёсламаган бўлардим. Ўзбеклар бир-бирини ўлдириш учун ҳеч қачон қурол кўтариб кўчага чиқмайди. Ўзбекистон бошқа давлат. Уни арабларга қиёслаб бўлмайди.


Муҳожиратдаги имом Муҳаммадсолиҳ Обутов:

- Ўзбекистонни йилнинг тўрт фаслида ҳам баҳор десак бўлади, агар баҳор фасли қон тўкилиш фасли ҳисобланса. Чунки давлат тарафидан халқнинг қони тўкилаëтганлиги бирор фасл танламаяпти-да. Кузда ҳам, ëзда ҳам, қишда ҳам, баҳорда ҳам масалан турмадан ўликлар чиқаëтганлиги, бошқалар. Андижон воқеаси баҳорда бўлган эди.

Мен Ўзбекистонда доим мана шунақа баҳор деб ҳисоблаган бўлардим. Доимий суратда бўлаяпти мана шундай зулм, зўравонлик, қон тўкилиш. Уларда ҳозир бошланган бўлса, бизда йил давомида бўладию бу нарса.
XS
SM
MD
LG