Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:09

Тожикистонда ўзбек синфлари қисқарди


Жорий йилда тожикистонлик юзлаб ўзбек болалари ўз она тилида таҳсил олишдан маҳрум этилди.

Бир неча кундан кейин Ҳисор туманлик ўқувчи қиз Моҳирахон ҳам тенгқурлари қатори мактабга қатнайди. Аммо у ҳар йилгидек ўз синфида эмас, балки тожик синфида, яъни тожик тилида таҳсил ола бошлайди.

Тумандаги 32 - мактаб маъмурияти ўзбек тилида дарслик китоблар ва мутахасисларнинг етишмаслиги важидан ўзбек синфларни қисқартиришга қарор қилган.

- Болаларимиз биринчи синфдан ўзбекча мактабда ўқиб, ўзбекча саводини чиқарган. Энди қандай бўлар экан, болаларимиз тожикчани билмаса,тушунмаса. Оддий тилда эмас-ку дарслари, адабий тилда бўлади. Ҳозир яна замонавий тожикча сўзлар қабул қилинган. Менимча мактабни шунчаки номига битирадию, бирор институтга ўқишга киролмайди, -деди фарзандининг келажагидан ташвишланган суҳбатдошимиз Олмахон.

Бироқ тожикистонликлар орасида фарзандини ихтиёрий равишда тожик синфларига бераётган оилалар ҳам топилади.

Улардан бири қўрғонтепалик Давронбек Каримовдир.

- Кичкина невара қизимни ҳам бу йил тожикча синфга бердим. Нима қилайлик, шароит шунга мажбур қилаяпти. Муаллимлар йўқ, ўзбек тили дарсликлар йўқ. Ҳамма ёқда давлат тили бўлиб кетаяпти. Ўқишга киришнинг имкони бўлмаса. Умаман ўзбек тилига эътибор йўқ ҳозир. Ота - она ҳам фарзандининг истиқболини ўйлайди,тўғрими?- дея савол ташлар экан Даврон ака, бугунги кунда ўзбекларнинг тожиклашиб кетаётгани дардли муаммо эканини қўшимча қилади.

Таҳлилчилар мулоҳазасича, Ўзбекистон билан алоқалари заифлашган Тожикистон ҳукуматига қўшнисига ўчакишган ҳолда республика мактабларини тожиклаштириш сиёсатини илгари суриши учун дарсликлар ва мутахасислар йўқлиги жуда яхши баҳона бўлаётир.

Тожикистонлик кекса журналист Нўъмонжон Фахриддинов минтақа республикаларида яшаётган ўзбекларнинг ўз она тилида таълим олишларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон ҳукумати масъулиятни ўз зиммасига олиши лозимлигини айтади.

- Биз Тожикистонда, Қирғизистонда, Қозоғистонда ва Туркманистонда яшаётган ўзбеклар ўз она тилимиз, грамматикамизни ёддан чиқармаслигимиз керак. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Ўйлайманки, биз биргаликда ана шу мақсадга эришишимиз мумкин, - дея мулоҳаза билдиради Нўъмонжон Фахриддинов.

Шу ўринда айтиш лозимки, собиқ Иттифоқ даврида Тожикистондаги мактабларни ўзбек тилидаги дарсликлар билан Ўзбекистон таъминларди.

Фахриддиновдаги маълумотларга кўра, собиқ шўро замонида Тожикистон Ўзбекистондан йилига 400 мингдан ортиқ дарслик китоблари олиб турган.

Бир неча ой аввал Тожикистонда Ўзбеклар жамияти иш бошлади. Мазкур жамият бошлиғи Муҳаррама Мирзоалиева республикадаги ўзбек синфларини сақлаб қолиш ва тожик жамиятидаги бир миллионлик ўзбеклар ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоялаш учун барча имкониятларни ишга солишини айтди.

- Жойларга бориб бу муаммоларни жой - жойида ўрганамиз, ҳал қиламиз. Аризалари бўлса кўриб чиқамиз. Мен бу тўғрисида жуда қаттиқ тураман. Ўзбекларимиз ҳам булар қандай яшаётган бўлса ана шундай озод, яйраб яшнаб яшаши керак. Биз ҳам вақтида бу мамлакат учун меҳнат қилганмиз ахир, - дейди Тожикистондаги Ўзбеклар жамияти раисаси Мирзоалиева хоним.

Норасмий маълумотларга кўра, Душанбе атрофидаги Рудакий, Ваҳдат, Ҳисор ва Сўғд вилоятининг бир неча туманларида ўзбек синфлари кескин қисқарган.

Мавзу юзасидан Тожикистон Таълим вазирлигига қўнғироқ қилиб, жойларда қисқартирилган ўзбек синфларининг аниқ сонини олишга оид уринишларимиздан натижа чиқмади.
XS
SM
MD
LG