Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:32

Ўзбекистонлик журналистлар ичида бирдамлик борми?


8 сентябр - Журналистларнинг ҳалқаро бирдамлиги куни. Бу кун чех журналисти Юлиус Фучик шарафига 1958 йилдан буён нишонланиб келади.

1943 йилнинг 8 сентябрида Юлиус Фучик гитлерчи фашистлар томонидан концентрацион лагерда қатл этилган эди.

Фучикнинг “Дор остидан репортаж китоби” 70 дан ортиқ тилга таржима қилинган.

Йиллар ўтиб, 8 сентябр нафақат машҳур чех журналисти хотирланадиган, балки журналистлар бошига иш тушган ҳамкасбларидан хабар оладиган кунга ҳам айланган.

Хўш, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз орасида бирдамлик борми? Биров бор, дейди. Биров – йўқ.

***

Ўзбекистон телерадиокомпаниясида 20 йил ишлаган журналист Малоҳат Эшонқулова ўз собиқ ҳамкасблари орасида бирдамлик ошкора кўринмаслигини айтиб, буни ички қўрқув билан боғлади:
- Эҳтимол, ички қўрқувни енга ололмаслиги. Масалан, бизнинг курашларимизга бағишланган бир нечта катта йиғилишлар бўлди. Йиғилиш бошланишидан олдин ҳамкасбларимиз олдимизга келиб, шахсан менга: “бугун сизларни қўллаб йиғилишга чиқамиз, раҳбариятга қарши чиқамиз”, деганлар бўлган. Йиғилиш бошланганида ҳақиқаттан минбарга чиққан. Раҳбарнинг салобати босибми, қўрқибми - бизга айтган гапларининг тескарисини айтиб, лол қолдирган, - дейди сохта бирдамлик ҳақида журналист.
Ўзбекистон телерадиокомпаниясидаги коррупция, маҳаллийчилик ҳақида жар солган Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларни ўз курашларида мутлақо ёлғиз қолган, деб ҳам бўлмайди.
- Гўё бирдамлик йўқдек кўринади. Бирдамлик бўлганида эди, мана шу ноҳақликларни кўриб, билиб, гувоҳи бўлиб турган ҳамкасбларим бизга қўшилганида, курашларимиз тақдири аянчли якун топмаган бўлар эди. Лекин айтишим керак, қисман, қайсидир маънода бирдамлик бор. Бу бирдамлик яширин тарзда. Бизни қўллаб турган ҳамкасбларимиз ҳам йўқ эмас эди. Лекин мен бу бирдамлик очиқ, ошкора бўлишини истаган бўлар эдим, - дейди журналист Малоҳат Эшонқулова.
“Фарғона.ру” ахборот агентлигида ўзининг ўткир мақолалари билан танилган журналист Алексей Волосевич маҳаллий матбуот журналистлари орасида бирдамлик умуман йўқ эканини айтади:
- Бемаъни қўрқув кўпроқ сезилади. Агар бирор нима бўлиб қолса,
лавозимидан қуруқ қолишидан қўрқишади. Бирдамлик сўзсиз мустақил журналистлар орасида ҳозир кучли, - деди Алексей Волосевич.
Волосевичнинг фикрига Ўзбекистоннинг чекка вилоятида фаолият
юритадиган журналист Сергей Наумов ҳам қўшилади:
- Агар бирдамлик бўлган тақдирда ҳам, у юзаки бирдамлик. Аслида журналист бошига муаммо тушса, бу ҳамкасбларнинг уни чиқмай қолади. Мустақил журналистлар орасида бирдамликнинг кучлилигига уларнинг доимий мудофаада туришга мажбурлигидан, - дейди хоразмлик журналист Сергей Наумов.
8 сентябр "Халқаро Журналистлар бирдамлиги куни" дея эълон
қилинганига 50 йилдан ошди.
Ушбу кун 1958 йил Бухарестда бўлиб ўтган журналистлар ҳалқаро
ташкилотларининг 4-конгрессида эълон қилинган эди.
Айни пайтда ўзбек қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган журналистлар сони 11 нафарга етди. Бу рақамни ҳалқаро “Чегара билмас ташкилоти” шу йилда чиқарилган ҳисоботида тилга олган. Маҳаллий журналист ва ҳуқуқ фаоллари бу рўйхатга яна бир неча журналистларни қўшади.
“Қамоқхонада ижод қилаётган журналист Хайрулло Ҳамидовнинг
ҳамкасбларида ҳам бирдамлик йўқ”, - дейди тошкентлик мустақил
журналист Сид Янишев.
- Биз у ишлаган таҳририятга телефон қилганимизда журналистлар бу воқеадан хабари йўқлигини айтишган эди. Ҳатто Хайрулло Ҳамидов ҳақида сўрамоқчи бўлганимизда телефон гўшагини ҳам қўйиб қўйишган. Қўрқув бўлган жойда бирдамлик ҳақида гапириш мушкул. Шунинг учун ҳам журналистлар бирдамлиги нисбий тушунча. Бошига кулфат тушган Ўзбекистон матбуоти журналистини ўзиникилар қўлламайди, - деди тошкентлик мустақил журналист Сид Янишев.
Сид Янишевга кўра, тошкентлик ёш журналист Елена Бондарни бир неча соат божхоначилар ушлаб тургани Ўзбекистондаги мустақил журналистларни бирлаштирган.
- Менимча, бирдамлик мустақил журналистлар орасида бор. Энг сўнгги воқеа - Елена Бондар мисолида айтишим мумкинки, биз тезда бирлашдик, воқеани қўлимиздан келганча матбуотда ёритдик. Тўғри, биз норозилик намойиши қила олмаймиз. Биз воқеа жойига бориб, қандайдир ёрдам қилишга ҳаракат қиламиз, - деди тошкентлик журналист Сид Янишев.
Ўзбекистонни сўнгги ўн йил ичида турли таъқиблар остида ўнлаб журналистлар тарк этган. Айни пайтда ўзбекистонлик журналистларни қўллаб-қувватлаш вазифаси ҳамкасбларининг эмас, балки халқаро ташкилотлар зиммасида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG