Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:00

Сўғдда ишчилар иш ташлади


Тожикистон шимолидаги “Зарафшон” олтин ишлаб чиқариш корхонасининг 1500 ишчиси 12 сентябр куни оммавий иш ташлаш эълон қилди.

- Асосий талабимиз ойлик маошимизни, ҳеч бўлмаганда, 500 долларга кўтаришсин. Ҳаммамиз мана шу ерга йиғилиб, катталарнинг қарорини кутиб ўтирибмиз, - деди номи сир қолишини сўраган ишчилардан бири.

Унинг айтишича, айни пайтда ишчиларнинг ўртача маоши 500 сомонийни (сал кам 110 АҚШ доллари - таҳр.) ташкил қилади.

“Зарафшон” корхонаси бу мамлакатдаги олтин ишлаб чиқарувчи саккизта корхонанинг бири бўлиб, корхона акциясининг асосий қисми Хитойнинг Zijin Mining Group ширкатига тегишлидир.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган суҳбатдошимизнинг айтишича, корхонада фаолият қилаётган хитойлик фуқароларга 2000 долларгача иш ҳақи тўланади.

Эслатсак, август ойи бошида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Сўғд вилоятига иш сафарида “Зарафшон” олтин ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлиб, ишчилар шароитини яхшилаш ва уларнинг ойлик маошини ошириш борасида топшириқ ҳам берганди.

Бироқ орадан шунча вақт ўтганига қарамай, ишчиларнинг айтишича, яхши томонга ўзгариш бўлмаган.
Боз устига, уларнинг гапига қараганда, корхонадаги ошна- оғайнигарчилик, порахўрлик бугунги кунда ишчиларнинг сабр косасини тўлдирган.

Аснода “Зарафшон” қўшма корхонаси директори ўринбосари Бобожон Бобохонов давлат раҳбарининг ишчилар ойлик иш ҳаққини оширишга оид топшириғи устида иш олиб борилаётганини билдирди.

- Маъмуриятимиз президент топшириғи бўйича иш олиб бормоқда, яқин кунларда ишчиларнинг маоши олтин нархининг жаҳон бозоридаги нархига қараб оширилади. Бугун корхонамизда бир оз англашмовчилик бўлиб ўтди, лекин бу масала атрофида ваҳима қилиш шарт эмас, - дейди “Зарафшон” олтин ишлаб чиқариш корхонаси масъули Бобохонов.

Айни пайтда Бобохонов жаноблари корхонада тартибсизлик уюштирганларга нисбатан қонунчилик доирасида албатта чора кўрилишини яширмади.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йил олти ойи давомида “Зарафшон” корхонасида 1600 килограмм олтин ишлаб чиқарилган.

Мазкур корхона олтин ишлаб чиқаришни 2016 йилгача 5000 килогача оширишни режалаштиргани айтилади расмий маълумотларда.
XS
SM
MD
LG