Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:19

Пекин ва Бишкек Буюк ипак йўлини тикламоқчи


Хитой ва Қирғизистон Бош вазирлари 14 сентябр куни бўлиб ўтган учрашувда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини бошлашга қарор қилдилар.

Бу ҳақда бугун Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев маълум қилди.

У лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослаш (ТИА) бўйича ҳужжатларни ҳозирлаш чоғида кўплаб масалалар, шу жумладан, молиявий ва техник масалаларни ҳал қилиш лозимлигини айтди.

- Қирғизистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида Буюк ипак йўлини тиклаш ҳақида келишувга эришилди. Темир йўлнинг битта тармоғи Россия томонга кетади, айни пайтда Хитойдан бошланган темир йўл Қирғизистон орқали Ўзбекистон ва Озарбайжонга уланади. Ўшанда бизда денгизга чиқиш имконияти пайдо бўлади, деди Атамбаев.

Лойиҳа амалга оширилажак муддат ҳақида гапираркан, Қирғизистон Бош вазири бу ишни бундан буён чўзиб бўлмаслигини қайд этди.

Хитой ҳукумати 90-йиллар ўртасида Ўзбекистон ва Қирғизистон билан темир йўл лойиҳаси бўйича расмий музокаралар бошлаган.

268 километр узунликдаги янги темир йўл қурилса, Хитой ва Марказий Осиё республикалари ўртасидаги қатнов йўли анча қисқаради ва минтақа давлатлари денгиз йўлига чиқади.

Айни пайтда Осиёни Европа билан боғлайдиган янги темир йўл орқали Хитойнинг тинч океани соҳилидан юкларни Европага етказиш учун ҳозиргидек бир неча ҳафта эмас, балки бир ҳафта вақт кетади.

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл лойиҳаси қиймати қарийб икки миллиард АҚШ долларини ташкил этиши ва у 12 йилдан кейин фойда келтира бошлаши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG