Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:25

Тожикистонда бензин тақчиллашди


Расмий маълумотларга кўра, сўнгги бир ҳафта давомида бензин нархи 3,1 фоизга қимматлаган.

Тожикистонга асосан Россиядан импорт қилинаётган бензин ўтган йил шу вақтига нисбатан 50 фоизга ошди.

Бу, ўз навбатида, аксарият тожикистонликларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

- “Бензин қиммат” деб, йўлкирани 60 дирамдан 2 сомонийга (тақрибан 40 цент - таҳр.) оширди. Энди мендек ишсиз одамлар соатлаб яёв юришга мажбурмиз, - дейди Венера исмли бу суҳбатдош.

Айни пайтда бензин нархининг қимматлаганидан ҳайдовчилар ҳам шикоят қилмоқда.

- Баъзида соатлаб заправкаларда туриб қолаяпмиз. Аввал 6 сомону 20 дирам (тақрибан 1,26 доллар - таҳр.) сотилган 1 литр бензин бугун 6 сомону 90 дирам, баъзи жойларда 7 сомонийга (1,4 АҚШ доллари - таҳр.) сотилаяпти, негалигини ҳеч ким тушунтирмайди. Устига устак, бензин сифати жуда паст, - дейди исмини айтмаган душанбелик ҳайдовчилардан бири.

Тожикистон Тижорат ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги масъуллари бензин нархининг юқорилаганини бу ёнилғининг тақчиллашгани билан изоҳламоқдалар.

Тожикистон бозорларини ёнилғи билан асосан Россиянинг “Газпромнефт” ширкати таъминлайди. Жорий йил 1 сентябрида Россия томони Тожикистонга сотиладиган бензин ҳар тоннаси учун нархни 394 АҚШ долларидан 400 долларга оширди.

Тожикистон Монополияга қарши кураш давлат агентлигининг халқаро алоқалар бўлим бошлиғи Султонмурод Бердиевнинг Озодликка маълум қилишича, “Газпромнефт-Тожикистон” ширкати шу йил 5 сентябрида Тожикистонга сотиладиган юқори октанли бензин маркаларини таъқиқлаб қўйган. Бу эса мамлакатда бензин тақчиллашишига олиб келган.

- Ҳақиқатан бугун бозоримизда ёнилғи маҳсулоти тақчиллиги кузатилади. Зеро, Россия ҳукумати қарорига биноан август ойида таркибида октани кўпроқ бўлган АИ-92 ва АИ-95 русумидаги бензиннинг Тожикистонга импорти таъқиқлаб қўйилди, - деди тожик расмийси Султонмурод Бердиев.

“Газпромнефт-Тожикистон” ширкати масъулларининг айтишича эса, август ойида Тожикистонга АИ-92 ва АИ-95 русумидаги 6000 тонна бензин олиб кирилган, аммо бу миқдор ёнилғи фақат август ойи учун етарли бўлган, холос.

Мазкур ширкат матбуот хизмати раҳбари Эраж Басиров “Азия-плюс” ахборот агентлигига берган интервюсида Тожикистонга сотиладиган юқори октанли бензиннинг таъқиқлаб қўйилганига оид маълумотларни тасдиқлаб, ҳозирда Тожикистонга фақат АИ-80 русумидаги бензин сотилаётганини билдирган.

Тожикистон йиллик эҳтиёжини қонлириш учун Россиядан йилига ярим миллион тонна ёнилғи импорт қилади.

Бироқ жорий йил биринчи чорагида Россия томони ёнилғига солиқ тўловини оширганидан сўнг Тожикистонга Россиядан импорт қилинадиган нефт маҳсулотлари ҳажми 11 фоизга қисқарди.

Расмий Душанбе сентябр бошида Россия президенти Дмитрий Медведевнинг расмий сафари чоғида бу масала ижобий томонга ҳал қилинишига умид боғлаган эди, бироқ тожик расмийлари кутганидек бўлмади.

Россия Энергетика ва саноат вазири Сергей Шматко журналистларга берган матбуот анжуманида бензин нархи жаҳон бозоридаги нархларга мувофиқлаштирилганини билдирди.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчилар “буларнинг ҳаммаси сиёсат билан боғлиқ”, деган мулоҳазадалар.

Таҳлилчи Зафар Абдуллоев фикрича, Тожикистонга фуқаролар норозилигини келтириб чиқарадиган бензин бўҳрони таҳдид солмоқда.

Бу эса, таҳлилчига кўра, Кремл учун айни муддао.

- Россиянинг асосий мақсади, - дейди таҳлилчи Абдуллоев, - Тожикистонга сиёсий босим ўтказиш йўли билан стратегик аҳамиятга молик объектлар, жумладан, Айний ҳарбий аэродромини ўз ихтиёрига олиш каби шартларини бажартиришдан иборатдир.
XS
SM
MD
LG