Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:04

Афғон журналисти ўзига нисбатан таҳдид бўлганини айтмоқда


Набил Мискинёр.
Набил Мискинёр.

Набил Мискинёр асли афғонистонлик Америка фуқароси. У Калифорниядаги сателит-телеканалларидан бирида ишлайди ва кўпинча ўз дастурларида Афғонистон ҳукуматини танқид қилиб келади. Яқинда Мискинёр Кобулдаги телеканаллардан бирида чиқиш қилиб, сиёсатчиларга айланган баъзи собиқ дала қўмондонлари ҳақида айтган гаплари учун узр сўради. Журналистнинг айтишича, уни бунга тўппонча ўқталиб мажбурлашган.


60 ёшдан ошган Набил Мискинёр теле-эфирда тез-тез чиқиб туради. Лекин ўтган ҳафта Афғонистон телевидениесида қилган чиқиши аввалгиларига ўхшамади.

Асли афғонистонлик Америка фуқароси бўлган журналист қароргоҳи Калифорнияда жойлашган Ариана телеканалида бир нечта эшиттиришларни олиб боради ва одатда Афғонистоннинг бугунги аҳволи ва сиёсий ўтмиши ҳақида фикр юритади.

Дари тилида олиб борадиган ва ҳам афғон диаспораси, ҳам Афғонистон ичида ўз мухлисларига эга кўрсатувларида Мискинёр Афғонистоннинг бугунги сиёсатчилари, жумладан нуфузли сиёсий шахсларни танқид остига олади.

Яқинда Кобулга қилган сафари чоғида Мискинёр ўз чиқишлари ҳаммага ҳам ёқмаслигини билиб олди.

Журналистнинг иддао қилишича, 12 сентябр куни уни тўрт киши бирга тушлик қиламиз деб олиб кетишган. Улар орасида Кобулдаги “Имруз” хусусий телеканали хўжайини Нажибуллоҳ Кобулий ҳам бўлган. Икки журналист аввалроқ бир танишлари орақали ҳамкорлик ҳақида гаплашиб олиш учун учрашишга келишиб олишган.

Мискинёрнинг айтишича, зиёфатдан кейин унг тўппонча ўқталиб, “Имруз” канали мухбири Фаҳим Кўҳдаманий билан суҳбатлашишга мажбурлашган.

- У менга “ўз кўрсатувларингизда сиз миллий қаршилик етакчиларини ҳар доим танқид қиласиз”, деб айтди. У Бурҳониддин Раббоний, Аҳмад Шоҳ Маъсуд, Абдул Рад Расул Сайаф, доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ, Аҳмад Зиё Маъсуд, Аҳмад Вали Маъсуд ва Муҳаммад Қосим Фаҳимларни назарда тутиб гапирди. Мен интервью чоғида “агар мен бу одамларга нисбатан нотўғри ёки ёлғон гапларни гапирган бўлсам, афғон халқидан узр сўрайман”, дедим.

16 сентябр куни эълон қилган ёзма баёнотида Мискинёр ундан ўзининг Америка жосуси, покистон-параст ва аксил-эрончи эканига иқрор бўлишини талаб қилишганини иддао қилди.

Унинг айтишича, бу гапларни гапираётганга унга иккита тўппончани ўқталиб туришган.

“Кўҳдаманий менга агар талабларни бажармасан шу ерда ўлишим ва бутун оилам ўлдирилишини уқтириб турди”, деб ёзди журналист ўз баёнотида. “Босим ва ҳаётим учун қўрқув остида, мен улар истаган нарсаларни гапирдим ва бу “интервью” видеога ёзиб олинди.”

Мискинёр интервьюдан сўнг ўзини етти соат давомида ушлаб туришгани ва кейин кўзини боғлаб Коблудаги кўчалардан бирига ташлаб кетишганини айтади. “Худога шукр оилам олдига қайтиб кела олдим ва мамлакатни тарк этдим”, дейди журналист.

Интервью чоғида Мискинёрнинг ўз сиёсий қарашлари ва кўрсатувлари пайтида билдирган фикрлари ҳақида кескин сўроққа тутилгани кўриниб туради.

“Имруз” хусусий телеканали хўжайини Нажибуллоҳ Кобулий Мискинёрнинг айбловларини рад этмоқда. Кобулийнинг иддао қилишича, унинг ўзи Эроннинг клерикал режимини танқид қилиб келади ва Мискинёрдан Эрон ҳукуматини мақташни талаб қилиши куракда турмайдиган гапдир.

- Менимча, у бу ерга ўзи танқид қилиб келган сиёсатчилардан пул олгани келган. Улар билан пул берсаларинг келгусида сизларни танқид қилмайман қабилида келишиб олган чоғи. Шунинг учун менинг телеканалим орқали иқрор интервьюсини беришни ният қилган. Кейин унинг интервьюси сиёсатчиларни қониқтирмаган бўлса, улар унга пул беришмаган. Шундан кейин яна бирор нарсалик бўлиб қолиш учун ёки озгина ном чиқриш мақсадида мени айблай бошлади. Менимча, буни шундай тушунтириш мумкин холос, дейди “Имруз” телеканали хўжайини Кобулий.
XS
SM
MD
LG