Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:42

Ўринбой Усмонов суди қолдирилди


Би-би-си Жаҳон хизмати мухбири иши бўйича маҳкама 22 сентябр куни соат 10 да давом эттирилиши кутилган эди.

Бугунги маҳкама жараёнида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов устидан чиқарилган ҳукм ўқиб эшиттирилиши лозим эди.

Аммо маҳкамани бошқараётган судя Шодихон Назаров кутилмаганда суд котиби касал бўлиб қолгани туфайли Ўринбой Усмонов иши бўйича суд номаълум вақтгача қолдирилишини эълон қилди.

Чоршанба куни прокурор Ўринбой Усмоновга беш йил қамоқ жазоси бериш, аммо "Авф тўғрисида”ги қонунни қўллаган ҳолда, суд залидан озод этишни сўраганди. Унингча, Усмонов ана шундай жазога лойиқ.

- Ўринбой Усмонов Ҳизбут-Таҳрир фаолиятига алоқадорлик айби билан Тожикистон Жиноят кодексининг 36- ва 2-моддаларига мувофиқ айбдор деб топилиб беш йилга озодликдан маҳрум этилсин ва Тожикистонда эълон қилинган “Авф тўғрисида”ги қонунга биноан жазони ўташдан озод қилинсин, - деган эди қораловчи Назиржон Абдураҳимов чоршанба кунги маҳкамада тингланган ўз чиқишида.

Давлат қораловчиси Абдураҳимовнинг Би-би-си мухбирига нисбатан асосий далили унинг дастлабки тергов жараёнида Ҳизбут-Таҳрир аъзолари билан алоқасидан давлат тегишли идораларини хабардор қилмагани ҳақидаги иқрорлик кўрсатмаси экан.

21 сентябр кунги маҳкама жараёнида Ўринбой Усмоновнинг иқрорлик кўрсатмаси акс этган видеоматериал қўйиб кўрсатилганди.

Бунга оид ҳолатни Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиларидан бири Абдуқаюм Юсупов қуйидагича шарҳлади:

- Ўринбой Усмонов 13 июн куни хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олингандан кейин 14 июнгача уни уриб, иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбур қилишган. Судда видеоматериал кўрсатилгандан кейин савол-жавоб чоғида Ўринбой Усмонов: “мен шундай кўрсатма беришга мажбур эдим, агар шундай кўрсатма бермасам, мени яна қийнайдилар, деб қўрқдим”, деб айтди. Давлат қораловчиси мана шу ҳолатларни назарга олмасдан, Усмоновга шундай оғир жазони лойиқ кўраётганига ҳайронмиз, - деди Абдуқаюм Юсупов.

Адвокат Юсупов ҳимоясидаги Ўринбой Усмоновнинг мутлақо айбсиз эканига ишонишини айтаркан, у бутунлай оқланиши лозимлигини таъкидлайди.

- Ўринбой Усмонов оддий одам эмас, у иш фаолияти бўйича ҳар хил одамлар билан учрашиши, суҳбат қуриши мумкин. Шуни назарга олган ҳолда, унинг Ҳизбут-Таҳрир аъзолари билан ҳам учрашиши, суҳбатлашиши қонунчилигимиз бўйича жиноят деб эътироф қилинмайди, - деди Абдуқаюм Юсупов

Адвокат Юсуповнинг таъкидича, мижозини ноқонуний диний- экстремистик ташкилотга алоқадорликда айблаган ҳуқуқ-тартибот идоралари буни исботлаши мумкин бўлган бирор-бир далил келтиришолмаган.

Айни пайтда Би-би-си мухбирининг адвокатлари Абдуқаюм Юсупов ва Файзинисо Воҳидова суд ҳакамларидан "ҳибсга олиш, сўроқ қилиш ва тинтув қилиш жараёнида ноқонуний ишларни амалга оширганлиги учун Бобожон Ғофуров тумани хавфсизлик хизмати бошлиғи Эраж Давлатовни жиноий жавобгарликка тортиш"ни сўрагани маълум қилинди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, 21 сентябр кунги маҳкамада чиқиш қилган давлат қораловчиси Назиржон Абдураҳимов Ўринбой Усмонов билан бирга маҳкамага тортилган ва Ҳизбут-таҳрирга аъзоликда айбланаётган яна тўрт айбланувчи - Абдунаби Абдуқодиров, Яҳёхон Раҳмонхўжаев, Талъат Мавлонов ва Иброҳим Маҳмудовга 23 йилдан 25 йилгача қамоқ жазоси тайинланишни сўраган.

Ўринбой Усмонов устидан навбатдаги маҳкама мажлисининг қачон бўлиши ҳозирча номаълум бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG