Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:14

"Афросиëб" поездига нима бўлди?


Мутахассислар таъкидича¸ тезюрар поезд сотиб олишдан олдин¸ улар тезлигига дош берадиган бехатар йўллар тизими қуриш лозим....
Мутахассислар таъкидича¸ тезюрар поезд сотиб олишдан олдин¸ улар тезлигига дош берадиган бехатар йўллар тизими қуриш лозим....

21 сентябр куни Тошкентдан Самарқандга кетаётган янги тезюрар "Афросиёб" поездида техник носозлик юз берди ва рейс бекор қилинди.



Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатган Uzmetronom.сom сайтига кўра, Сирдарё ҳудудида соатига 190 километр тезликда кетаётган позеднинг пантографи ишдан чиққач, рейс бекор қилинган. Шу куни поезд йўловчилари бошқа транспортлар орқали манзилларига етиб олишга мажбур бўлганлар.

Поездда келиб чиққан носозлик оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмагани айтилмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" ташкилотининг Озодлик мухбири боғланган ўзини таништирмаган ходими¸ "Афросиёб" поездидаги носозликдан хабари йўқлигини билдирди.

Хабарларга кўра, носозлик пайтида "Афросиёб" поездини испан ҳайдовчиси бошқараëтган бўлган.

Мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида Ўзбекистон ўзининг илк тезюрар поездига эга бўлди.

38 миллион еврога Испаниядан сотиб олинган “Тalgo-250” янги поезд жорий ой бошидан пойтахт Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари орасида қатнай бошлади.

Жами 257 йўловчига мўлжалланган саккизта вагонида VIP ўринларию ресторанлари бор бу поезднинг максимал тезлиги - соатига 250 километрни ташкил этиши ва Тошкентдан Самарқандгача бўлган 344 км масофани максимум 2 соат ичида босиб ўтиши керак эди.

Бу тезликни таминлаш учун Ўзбекистон Темир Йўллари давлат ширкати Жиззахдан Даштободгача бўлган 59 километрлик ва Даштободдан Янгиергача бўлган 34 километрлик йўл қайтадан таъмирлаб, замонавийлаштирди, поезд йўли бўйига Тошкентдан Самарқандга қадар симтўр тортди.

“Uzmetronom” нашрининг ёзишича, “Афросиоб” деб ном берилган янги тез юрар поезди Тошкентдан Самарқандгача бўлган масофани 2 соату 45 дақиқада босиб ўтган ва қимматбаҳо тезюрар поезд тезлиги ўртача соатига 125 километрни ташкил қилган.

“Бутун йўл давомида поезд фақат бир марта тезликни соатига 220 километрга оширди ва бу атиги бир минутча давом этди. Бу пайтда темир йўл атрофини чанг-тўзон қоплади, йўловчилар олдидаги чойлар тўкилиб кетди”, деб ёзди “Афросиоб” поездининг илк рейсида Тошкентдан Самарқандга борган Uzmetronom мухбири.

Тошкентдан Самарқандгача оддий поездда 3¸5 соатда¸ камида уч баравар арзонга бориш мумкин бир пайтда¸ Испаниядан сотиб олинган янги тезюрар поезднинг йўловчилар вақтини бир ярим соатга тежаши айтилаётган эди.

Лекин поезд Ўзбекистон йўлида юришни бошлагунча ваъда қилинган тезлик қани? Ўзбекистон Темир Йўллари давлат ширкатидагилар бу ва тезюрар поезд билан боғлиқ бошқа саволлардан ўзини олиб қочди.

Ширкат матбуот вакили Ҳайдарали Мамадалиев Озодлик мухбири саволларига фақат ëзма жавоб беришини билдирди¸ аммо ваъда қилинган жавоблар¸ орадан 24 соат ўтиб ҳам олингани йўқ.

Тошкент ва Самарқанд ўртасида қатнайдиган “Афросиоб” янги тезюрар поезди Испаниянинг TALGO заводида ишлаб чиқарилган.

ТALGO ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2009 йилда имзоланган олди-сотди битимига мувофиқ, икки янги поезд ва уларнинг эҳтиёт қисмлари қиймати 38 миллион еврога баҳоланган.

TALGO ширкати вакиллари Ўзбекистонга сотилган поезд нимага айтилган тезликда юрмаëтгани сабабларини ўрганиб, кейин жавоб қилишларини айтишди.

- Соатига 125 километр тезлик TALGO поезди учун тезлик эмас. Нимага бундай бўлганини ўрганиб, кейин жавобини айтамиз. Бу бизнинг имиджимиз учун яхши бўлмаган хабар, деди TALGO ширкати матбуот вакили Карлос Моратинос.

Ўзбекистон билан эришилган битимга кўра, TALGO ширкати поезд харид қилинганидан кейин 51 ой давомида пайдо бўлган нуқсонларини бартараф этишни зиммасига олган.

Ўзбекистонлик темир йўлчилар ва техник ходимлар "Афросиëб"ни бошқариш ва таъмирлаш учун Испанияда - TALGO заводида малака оширдилар.

“Афросиоб” поезди тақдимотида қатнашган испаниялик журналист Люси Розес фикрича, тезюрар поездлар тармоғига энди эга бўлаётган Ўзбекистондек давлатда дастлабки босқичда нуқсонлар пайдо бўлиши табиий ҳол.

- Бу ерда одамлар хавфсизлиги ҳам эътиборга олиниши керак. Одамлар ҳали катта тезликка ўрганмаган. Мамлакат тезюрар поездлар тармоғини йўлга қўйишда ҳали энди қадамларни ташламоқда. Ўйлайманки¸ бу муаммолар вақтинчалик, дейди Розес.

ТАЛГО 70 йилдан кўпроқ вақт давомида турли русумдаги поездлар ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда собиқ Совет ўлкалари бу ширкат маҳсулотларининг асосий харидори ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG