Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:47

Путин яна президентликка номзод бўлади


Россия Бош вазири Владимир Путин, Москва, 2011 йил 23 сентябр.
Россия Бош вазири Владимир Путин, Москва, 2011 йил 23 сентябр.

Россия Бош вазири Владимир Путин 2012 йилда Кремлга президент сифатида қайтишни, президент Дмитрий Медведев эса Путиннинг лавозимини эгаллашни режаламоқда.


Россия президенти Дмитрий Медведев ҳукмрон Единая Россия партияси қурултойида Бош вазир Владимир Путинни келаси йил март ойида ўтказиладиган президент сайловига номзод деб кўрсатишни таклиф қилди.

- Мен қурултой қатнашчилари партия раиси Владимир Путинни мамлакат президенти лавозимига номзод қилиб кўрсатиш таклифини қўллаб-қувватласа, тўғри бўлади деб ўйлайман, - деди Дмитрий Медведев.

Россия президентидан кейин сўзлаган Бош вазир Владимир Путин таклифни дарҳол қабул қилиб, делегатларга миннатдорлик билдирди ва бу ўзи учун “улкан шараф” эканини таъкидлади.

- Мени Россия президенти лавозимига номзод қилиб кўрсатиш ҳақидаги таклифга ижобий муносабат билдирганингиз учун сизларга миннатдорлик изҳор қиламан. Бу менинг учун улкан шараф. Сизлар мени қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан, - дея баёнот берди Бош вазир.

Владимир Путин 4 декабр куни Давлат Думасига ўтказиладиган сайловда Единая Россия партияси номзодлари рўйхатига Дмитрий Медведев етакчилик қилишини таклиф қилди.

- Мен сайловда Единая Россия ғалаба қозонишига ишончим комил. Халқ қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда Дмитрий Анатольевич янги, самарали фаолият юритадиган, ёш, шижоаткор бошқарув гуруҳини ташкил эта олади ва Россия Федерациясига бошчилик қилади, деб ўйлайман, - деди Владимир Путин.

Дмитрий Медведев бу таклифни қабул қилди ва ҳукуматда амалий иш билан шуғулланишга тайёрлигини билдирди.

Единая Россия партияси қурултойида эълон қилинган қарорлар 2012 йилда ўтказиладиган президент сайловида Путин ёки Медведевдан қай бири ўз номзодини қўйиши ҳақида бир неча ойдан бери давом этаётган миш-мишларга чек қўйди.

Россия Конституцияси бир фуқаро президент лавозимида икки муддатдан ортиқ ишлашига рухсат бермагани сабабли Владимир Путин 2008 йилда президент лавозимини Дмитрий Медведевга бўшатиб, ўзи Бош вазир лавозимини эгаллаган эди. Энди улар лавозим алмашишга қарор қилдилар.

Россия мухолифати раҳбарларидан бири Борис Немцов Единая Россия партияси қарори эълон қилинганига қуйидагича муносабат билдирди.

- Бу мамлакатим ривожи учун воқеаларнинг энг ёмон кўринишда ривожланишидир. Бу улкан капитал мамлакатни тарк этишини, миграциянинг янги тўлқини бошланишини, давлат бузилишда давом этишини англатади. Оқибатда, бу мамлакатни жуда катта ижтимоий-иқтисодий ларзалар ва давлат бузилиши билан боғлиқ ларзалар кутаётганини англатади.

Моҳиятан Путин сайқалланган Лукашенкога айланмоқда. Эҳтимол, у Муборак ёки Қаддафий каби бўлиши мумкин, - деди Россия мухолифати етакчиларидан бири Борис Немцов Озодлик билан суҳбатда.

23 сентябр куни бошланган Единая Россия партиясининг йиллик қурултойида 11 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG