Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Миллатчилик қурбони бўлган тожикистонликлар сони кўпаймоқда


Жорий йилнинг олти ойи давомида, маълумотларга кўра, 51 нафар тожикистонлик Россиядаги миллатчи-тақирбошлар томонидан ўлдирилган.

Шунингдек, юзлаб тожик меҳнат муҳожири бир умрга ногирон бўлиб қолганлар.

Душанбе шаҳрига туташ Рудакий туман фуқароси Икром Бердиевнинг оиласи рус миллатчиларидан зарар кўрган ва бугунги кунда қўли осмондан, оёғи ердан узилиб қолган оилалар рўйхатидан жой олди.

43 ёшли Икром Бердиев ризқ излаб Россияга бориб қолган минглаб тожикистонликларнинг биридир.

- Болаларимиз улғайиб қолди. Шуларни едириб-кийдириш, бу ёғи бўй етиб қолган қизимни турмушга узатиш мақсадида хўжайиним Россияга кетганди. Қизимга совчилар келаётганди. Энди шунинг тўйига тараддуд кўраётганимизда мана шундай ҳодиса бўлиб қолди, - дейди беш фарзанднинг онаси 38 ёшли Момосулув Сафарова.

Момосулувнинг айтишича, Москвада такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган эри Икром скинхедлар томонидан отиб кетилган.

- Эрим такси ҳайдар эди. Ўшаларнинг бир-иккитасини машинасига миндириб, айтган жойига олиб борган. Пулини сўраса, “мана сенга пул, чёрний“ деб, бошининг орқа томонидан пистолет билан отиб кетишибди, - дейди Момосулув.

Унинг айтишича, эрининг тирик қолишига йўлдан ўтиб кетаётган бир рус аёли сабаб бўлган. Ўша нотаниш аёл Икромнинг қўл телефонида сақланган рақамлардан бирини босган. Кўп ўтмай Икромнинг Москва шаҳрида ишлаб юрган қариндошлари ёрдамга етиб келган.

- Улар етиб келгунча эримни касалхонага олиб кетишган. Нафас олиши қийин бўлган, бўғзига шиланг тиқиб нафас берган, жуда кўп қон йўқотгани учун қон қуйишган. Шундан кейин бир ой комада ётган. Бошининг чап тарафидан ўқ егани учун ўнг тараф билан ётаверганидан ҳозир ўнг қўл ва ўнг оёғи ишламай қолган. Ҳозир “анча яхши” дейишадию, лекин бирор киши суямаса, ўзи юра олмас экан, - дейди Момосулув.

Аёл болаларининг отасини кўрмаганига роса уч йил бўлганини айтади. Эри, гарчи болаларини, аёлини соғинган бўлса-да, қизи Мадинанинг келинлик сепига пул тўплаш учун ишлаш кераклигини айтиб, уч йил уйига келмаган экан. Бугунги кунда қизи учун йиғилган пулларнинг бари Икромнинг қайта оёққа туриши учун сарфланиб, бу ёқда қолган оиласи эса моддий жиҳатдан анча қийналиб қолган.

Момосулув ҳозирда мактабга қатнаётган икки фарзандининг ўқиши ва мактаб кийимига ҳам қийналиб қолганини айтади. У 20 сентябр куни мактаб директори ҳузурида бўлиб, болаларини мактаб пулидан озод қилишини илтимос қилган.

Расмий маълумотларга кўра, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ватанига юбораётган йиллик маблағнинг умумий миқдори 2 миллиард долларни ташкил қилади. Бу маблағ, расмий маълумотларга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизига тенгдир.

Бироқ Россияда ишлаётган тожик фуқаролари бирор ҳодиса қурбони бўлгудек бўлса, Тожикистон ҳукумати давлат бюджетидан улар оиласига ҳеч қандай ёрдам кўрсатмайди. Фақатгина уларга ҳуқуқий консултация бериш билан чекланади, холос.

Бугунги кунда Момосулув ҳам юзлаб жабрдийда аёллар сингари ўз кучи билан оиласини таъминламоқда. Оила Момосулувнинг чеварчиликдан топган даромади эвазига кун кўрмоқда экан.

Аёл кўз ёшларини рўмоли учига артар экан, ҳали отасини кўрмаган уч яшар қизчаси Софияхон қорни тўйиб овқатланмагани учун бўйи ўсмай қолганини қўшимча қилди.

Аснода Момосулув ва фарзандлари моддий жиҳатдан қийналсалар ҳам оила бошлиғи омон қолганидан шукур қилишларини айтадилар.

- Бахтимизга тирик қолгани учун Худога шукрона қиламан. Ҳай, қандай қиламиз, тақдир экан, қўл-оёғи бўлса, бир кун ишлаб кетар, - дейди Момосулув.

Суҳбатдошимиз эри ҳушига келганидан буён бор-йўғи икки марта у билан телефонда гаплаша олганини, лекин унинг аҳволидан хабар олиш учун Москвадек шаҳарга бора олмаслигини айтади.

Момосулувнинг айтишича, Икромнинг ватанига қайтиши учун ҳозирча рус шифокорлари рухсат беришмаган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоевнинг маълум қилишича, жорий йил олти ойи давомида Россиядан тожикистонлик меҳнат муҳожирлари жасади жойланган 600 чоғли тобут қабул қилиб олинган. Маълумотларга кўра, уларнинг 51 нафари рус миллатчилари қурбони бўлган.

Ортда қолаётган сентябр ойи ўрталарида тақирбошлар баданига 21 марта пичоқ санчган ва боши танасидан жудо қилинган 24 ёшли панжакентлик Жонибек Қосимовнинг тобути ҳам яқинларига топширилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Россия томонига нота йўллаб, Жонибекнинг ўлимида қўли бўлган шахслар топилиб, қонун доирасида жазога тортилишини сўради.

Гарчи тожик расмийлари Россия ҳудудларида меҳнат қилаётган фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида зарур чоралар кўрилаётганидан мақтансалар-да, аммо ҳозирча Москвадан Душанбега юборилаётган тобутлар ва Икром Бердиев сингари бир умрга ногирон бўлиб қолган тожикистонликлар сони камаймаяпти.

Жорий йилнинг сентябр ойи бошида Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Душанбега расмий сафари чоғида аксарият тожикистонликлар меҳнат муҳожирларининг аччиқ тақдири билан боғлиқ масала ўз ечимини топади, деб умид қилгандилар. Бироқ, тожик матбуотининг ёзишича, Дмитрий Медведев ва Имомали Раҳмон учрашуви чоғида меҳнат муҳожирлари тақдири умуман муҳокама қилинмаган.
XS
SM
MD
LG