Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:49

Пахта-2011: Йўлкира тўлаган теримчи-ўқувчи; Пахта мавсумида меҳнат туризми; Қолганини кичкинтойлар теради; Етмаганини сотиб ол!


Бу йилги пахта терим мавсумини ўзбекистонликлардан бири "Расво бўлди бу йил", деган сўзлар билан таърифлади. (Алексей Протченков олган сурат)
Бу йилги пахта терим мавсумини ўзбекистонликлардан бири "Расво бўлди бу йил", деган сўзлар билан таърифлади. (Алексей Протченков олган сурат)

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида пахта теримига мажбуран чиқарилган ўқувчилардан автобус пули ушлаб қолиняпти.

Шу вилоятнинг Пахтакор туманида ҳашарга келган тошкентлик ўқитувчилар маҳаллий аҳолига икки баравар ҳақ тўлаб, пахта тердирмоқда.

Сурхондарё вилоятида қуйи синф ўқувчилари ҳам пахтага ҳайдалди.

Шу вилоятда пахта теримига жалб қилинган ташкилотлар пахта қабул қилиш пунктларидан пахта сотиб олиб, нормани бажармоқда.

Бу Пахта-2011 кампанияси маназарасига айрим чизгилар.



“Хайр қилсанг, бутун қил”


Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги Шароф Рашидов номли 1-мактабнинг 8-9 синф ўқувчилари ҳар куни 10-15 километр масофадаги далага бориб пахта термоқда.

Мактаб ўқитувчиси Зиёдилло Раззоқовга кўра, ўқувчиларнинг терган пахтасидан ҳар куни автобус харажати учун 400 сўмдан ушлаб қолинмоқда:

- Ташкилот томонидан техника билан таъминланиши керакку. Техника билан таъминлайди деб таъминлаган техникасига ўқувчиларнинг ўзи ëнидан пул тўлайди. Бизда масалан 8-9-синф ўқувчилари чиққан. Масалан эрта билан соат 7да барча ўқувчилар йиғилади мактаб ҳовлисига. Ҳар бир синфнинг ўзининг раҳбари бор. Гуруҳ-гуруҳга бўлиб раҳбари эгалик қилади. Кейин автобусга юклашади. Каттароқ ЛАЗ автобус бўладиган бўлса, 100тагача миндиришади. Майдароқ автобус бўладиган бўлса, 40-50та қилиб ортишади,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

Ўқитувчига кўра, болалар учун пахта даласида ҳатто оддий қайнаган сув ҳам ташкил қилинмаган, болалар уйларидан олиб борган совуқ сув ва нон билан тушлик қилмоқда:

- Болалар обедга уйидан яримта-яримта нон олиб чиқади, бир баклашка сув олиб чиқади. Ота-онаси овқат қилиб берса, ейди худди биз қатори. Бизга ҳам ҳеч қанақа эътибор йўқ. Эрта билан уйимиздан яримта нон, бир баклашка сув билан чиқамиз,- дейди ўқитувчи.

З. Раззоқов маҳаллий ҳокимият шундай ҳам дарсдан қолаётган, кунини пахта даласида ўтказаётган ўқувчи ва ўқитувчиларнинг далага етиб олишлари учун транспорт билан таъминламагани “хайр қилсанг, бутун қил” мақолини эслатади, дейди.

“Яшасин ёрдамчилар!”


Бу Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокимиятининг гапи эмас. Бу гапни оддий пахтакорликлар айтмоқда.

Зеро, Пахтакор тумани аҳолиси пахта теримига келган ёрдамчилардан хурсанд. Чунки бу “ёрдамчилар” теримчиларга фермерларга нисбатан икки баравар кўпроқ ҳақ тўламоқда.

Тошкент шаҳрининг Банк коллежи, Ахборот коллежи ўқитувчилари ва республика ўт ўчирувчиларининг зарбдор бригадалари айни кунларда Пахтакор туманида пахта термоқда.

Пахтакорлик Жаҳонгир исмли йигит ёрдамчилар туфайли туман аҳли ўз моддий шароитини бироз яхшилаб оладиган бўлди, дейди.

- Шаҳарлик ўқитувчилар келган. Пахта теришни билмайди, умуман билмайди. Битта пахтани оладида шундай ушлаб ўтиради. Битта ўқитувчи аввалги куни бир ярим кило терибди. Аëл ўқитувчи эрталабдан кечгача бир ярим кило. Ҳозир уларга норма 30 кило экан. Бир кунда 2500 сўм овқат пулига олиб қолар экан. Шуни ишлаш учун бизга тергизишаяптида. 200 сўм эди. Қаттиқ ëмғир ëққанига нархи 250га кўтарилибди. Пожарниклар эса 150 сўмдан тергизаяпти. Хоразмдан, Бухородан, ҳар хил жойлардан келган. Келгани жуда яхши бўлди. Фермерлар бизга 120 сўмдан тергизаётган эди. Ўқитувчилар 250 сўмдан тергизаяпти. Улар номерини айтади. Дарахтда, соя-салқинда дам олиб ўтиради. Биз бориб пахта териб номерга топшириб берамиз. Кечқурун нақд пул беради,- дейди Жаҳонгир.

Унинг фикрича, ёрдамчиларнинг келгани туманда меҳнат туризмининг, вақтинча бўлса-да, ривожланишига туртки бўлган:

- Ҳамма уйига 10-15-20 тадан ёрдамчиларни ижарага қўйган. Бир кунга 1500дан. Ҳамма савдони юриштириб юбордида булар. Мева-чева, пиволарнинг савдоси зўр бўлиб кетди. Сомса, мантилар олиб бориб хотинлар сотаяпти. Эрталаб сут олиб бориб сотиб келади. Улар олаверадида. Одамлар уйига 20 тадан одам қўяяпти. Бир кунда 30 минг пул келаяптида. Банямиз уже бир ойда бир миллион пул ишлаяпти. Иқтисодини ривожлантирдида улар. Шунга хурсандмиз. Яна келишсин, яна қабул қиламиз. Давлат бермаган нархни булар бераяпти,- дейди келгуси пахта мавсумигача икки хонали уйининг қурилишини тугатиб, унга камида ўн нафар ёрдамчини ижарага қўйишни ҳозирдан режалаётган Жаҳонгир.

“Қуйи синф ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилди”


Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қуйи синф ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилди. Бу ҳақда Озодликка гапирган Ўрол аканинг айтишича, далаларда пахта қолмай, катта ёшдагилар теримга чиқмай қўйганига қарамасдан, вилоят пахта режасини бажариш учун қолган қутган пахтани териб олишга кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари сафарбар қилинмоқда:

- 3-4-синф болаларни ҳам пахтага олиб чиқиб ëтибди. Пахтанинг ўзи йўқ. Пахта йўқ. Тамом бўлган. Ўқиш ҳам йўқ, пахта ҳам йўқ. Фақат ҳаммани ахмоқ қилиб ëтибдида. Фермерларни қамаб, мажбурлаб пахта олдирармишми. Расво бўлди бу йил,- дейди жарқўрғонлик Ўрол ака.


“Пахта бўлмаса, сотиб ол!”


Озодликнинг давлат корхоналаридан биридаги манбага кўра, бугун, айниқса, Сурхондарё вилоятида пахта терими жуда қаттиқ назорат остида олиб бориляпти. Бюджетдаги ҳар бир ташкилот ва хусусий корхоналар пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилган. Исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз далада пахта қолмаганини таъкидлар экан, ташкилотлар ўз нормаларини бажариш учун пахта қабул қилиш пунктларидан пахта сотиб олаётганликларини айтади:

- Ҳозир ташкилотларга норма солган. Ўша нормани бажариши шарт. Пахта йўқ бўлгандан кейин далада, қаердан олади? Пунктдан оладику. Пунктдан сотиб оладиган пахтанинг килоси 300 сўм. Пахта бўлмаса, булар қаердан бажаради? Пул йиғиштириб булар пахтани сотиб олаяптида,- дейди суҳбатдош.

Пахта пунктидан тарозидан уриб қолинган ёки ўғирланган пахтани сотиб олиш схемаси эса қуйидагича:

- Масалан, мана мен бораман. Айтайлик менга бир-икки тонна керак. Албатта фермернинг номига ëзиб беради уни. Ҳалиги ДЭУ ташкилоти бўлсам ëки бўлмаса Райгаз бўладиган бўлсам, накладнойга Райгаз деб ëзиб бермайсизку. Мисол учун битта фермерни айтаман. Ўша фермернинг номига 300 сўмдан бергандан кейин бешинчи сорт қилиб бир тонна ўша фермер терди қилади. Накладнойга фермерни ëзасиз. Устига Райгаз ташкилоти ëки бўлмаса Йўлқурилишташкилоти деб ёзиб қўйилади.

Ким пахтада бўлса, ҳаммасига шундай топшириқ берилганда. Шундай кетаяптида. Чунки 7 число куними Термизда кураш бўйича мусобақа бўлиши керак, шунга президент боради, ўша президентнинг олдида ҳоким юзини ëруғ қилиб олмоқчида. Жуда катта приписка (қўшиб ёзиш) кетаяптида ҳозир. Далада умуман пахта йўқ. Фақатгина ғўзапоя қолган,- дейди Озодлик манбаси.
XS
SM
MD
LG