Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:41

Сўғдлик журналистга 14 йиллик қамоқ жазоси сўралди


Журналист Муҳаммадюсуф Исмоилов шахсни таҳқирлаганлик, маҳаллийчилик ва миллий адоват қўзғаганликда айбланмоқда.

Сўғд вилоятининг Ашт туманида нашр қилинадиган “Нури зиндаги” рўзномасининг мухбири Исмоилов ўтган йил декабрида таъмагирликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Журналистнинг оқловчиси Муҳаббат Жўраеванинг маълум қилишича, Исмоиловнинг ҳибсга олинишига асосан 2010 йил августида “Нури зиндаги” рўзномаси саҳифасида нашр қилинган “Ашт вайрон мешавад. Гунаҳкор кист? (“Ашт вайрон бўлади. Ким айбдор?” - таҳр.) мақоласи сабаб бўлган.

Адвокатнинг айтишича, кейинчалик тергов чоғида журналистга ахборот воситаси орқали жамиятда миллий адоват қўзғаганлик, маҳаллийчилик, шахсни ҳақоратлаганлик ва туҳмат қилганлик каби айбловлар ҳам юклатилганди.

“Нури зиндаги” рўзномаси мухбири устидан маҳкама жараёни шу йилнинг 31 майида бошланган эди.

29 сентябр куни бўлиб ўтган маҳкамада прокурор “Нури зиндаги” рўзномаси мухбири Муҳаммадюсуф Исмоиловга 16 йиллик қамоқ жазоси бериш, айни пайтда унга нисбатан “Авф тўғрисидаги қонун”ни қўллаган ҳолда жазо муҳлатини икки йилга қисқартиришни сўради.

Хўжанд шаҳридаги маҳкамани бевосита кузатаётган Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев Муҳаммадюсуф Исмоилов устидан маҳкама душанба куни давом этишини билдирди.

Қаршибоевга кўра, журналист Исмоилов Ашт туманидаги 12 нафар юқори мартабали шахснинг даъво аризаси билан маҳкамага тортилган.

- Ашт туман маҳаллий ҳукуматининг 12 нафар мансабдори, жумладан, собиқ прокурор, туман ҳукумати собиқ раиси гўё Муҳаммадюсуф Исмоилов “Нури зиндаги” рўзномасида нашр қилинган мақолаларида уларни таҳқирлагани ва уларга туҳмат қилганини даъво қилиб, ариза берган. Исмоиловга қўйилаётган бошқа айбловлар бу маҳаллийчилик ва миллий адоват қўзғаганликдир. Гарчи маҳкама жараёнида бу далиллар ўз исботини топмаган бўлса-да, қораловчи Исмоиловга 16 йиллик қамоқ жазоси сўради, - деди Нуриддин Қаршибоев.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раиси ўтган ўн ой давомида Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Хўжанд шаҳридаги вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётган 51 ёшли Муҳаммадюсуф Исмоиловнинг саломатлиги ташвишланарли эканини ҳам қўшимча қилди.

Аснода судланувчи Исмоиловнинг оқловчиси Муҳаббат Жўраева суд ҳакамларидан ўз ҳимоясидаги шахс тўла оқланишини сўраган. Зеро, адвокатга кўра, Исмоиловга қўйилган айбловлар тергов ва маҳкама жараёнларида ўз исботини топмаган.

- Ундан ташқари, ҳимоямдаги Исмоилов ҳаётида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани туфайли учинчи гуруҳ ногиронидир. Яқинда қабул қилинган “Авф тўғрисидаги қонун”га мувофиқ, ҳар уччала гуруҳдаги ногиронлар амнистияга тушиши керак, - дейди адвокат Муҳаббат Жўраева.

Муҳаммадюсуф Исмоиловнинг тақдири АҚШнинг Душанбедаги элчилиги ва кўплаб халқаро ташкилотларни ҳам хавотирга солмоқда.

30 сентябр куни Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси тожик расмийларини журналистга нисбатан айбловларни олиб ташлаш ва уни суд залидан зудлик билан озод қилишга чақирди.

“Агар Исмоилов айбдор деб топилса, у ҳолда у туҳмат ва таҳқирлаганлик учун сўнгги ўн йил ичида Тожикистонда қамалган биринчи журналист бўлади”, дейилади жума куни мазкур ташкилот эълон қилган баёнотда.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси масъулларидан бири Роберт Махонига кўра, “Тожикистон ҳукумати журналистларни қўрқитиш учун уларга қамоқ билан таҳдид қилади, мулозимларни эса халқ назаридан ҳимоялайди”.

Унингча, тожик ҳукумати “Исмоиловни таъқиб қилишни тўхтатиши ва унга нисбатан барча айбловларни зудлик билан бекор қилиши зарур” .

Сўнгги икки йил ичида Тожикистонда ўнлаб мустақил рўзнома ва журналистлар давлат мулозимлари ҳамда идоралари фаолиятидаги коррупция, ошна-оғайнигарчилик каби нуқсонларни ёритгани учун маҳкамага тортилдилар.
XS
SM
MD
LG