Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Нобел мукофоти соҳиблари исми очиқланади


Норвегия Нобел қўмитаси бу йилги нуфузли халқаро мукофотлар кимларга берилишини 3 октябрдан бошлаб эълон қила бошлайди. 2011 йилги дастлабки Нобел мукофоти физиология ёки тиббиёт соҳасидаги қайси кашфиёт учун қайси давлат олимларига насиб этгани душанба куни маълум бўлади.


2011 йилги Нобел тинчлик мукофоти соҳиби 7 октябр куни эълон қилинади.

Ослодаги Тинчлик тадқиқотлар институти ходими Кристиан Берг Харпвикен фикрича, Нобел тинчлик мукофоти “Араб баҳори” деб аталаётган араб давлатларидаги ҳукуматларга қарши исёнларга алоқадор бўлган арбоблар ёки фаолларга берилиши мумкин.

Кристиан Бергга кўра, нуфузли халқаро мукофотга даъвогарлар орасида мисрлик фаол Исро Абдул Фаттоҳ, тунислик блоггер Лина Бен Мҳенни, афғонистонлик ҳуқуқ фаоли Сима Самар, Россиядаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Германия собиқ канцлери Ҳелмут Колл ва бошқалар бор.

Жорий йил февралида Украина парламенти депутати, қрим татар халқи сиëсий ҳақлари учун 60 йилдан бери фаол кураш олиб бораётган қрим татар халқининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири Мустафо Жамил Нобел Тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилган.

Норвегия парламенти аъзолари эса юз минглаб махфий ҳужжатни ўз саҳифаси орқали оммага ошкор қилган WikiLeaks интернет сайтини 2011 йилги Нобел тинчлик мукофотига номзод қилиб кўрсатган.

Норвегия Нобул қўмитаси 2010 йилги Нобел тинчлик мукофотини Хитойда фундаментал инсон ҳуқуқлари учун узоқ муддат ва тинч йўл орқали курашган Лю Сяобога берган.

Қизғин баҳсларга сабаб бўлиб келаётган Адабиёт бўйича 2011 йилги мукофот кимга берилиши эълон қилинадиган кун ҳозирча маълум қилинмади.

Бу йилги мукофотга суриялик шоир Адонис, канадалик адиб Маргарет Атвуд, жанубий кореялик Ко Ун ва америкалик ёзувчи Филип Рос асосий даъвогарларлар сифатида кўрилмоқда.

74 яшар перулик машхур адиб Марио Варгас Льоса ўз асарларида ҳокимият тизимларини батафсил тасвирлагани ва якка шахслар исёни, қаршилиги ва мағлубиятини ёрқин акс эттиргани учун Адабиёт бўйича 2010 йилги Нобел мукофоти соҳиби бўлган.

Нобел мукофоти илк бор бундан 110 йил муқаддам, 1901 йилда топширилган бўлиб, дастлаб у тиббиёт, физика, кимё, адабиёт соҳалари ва тинчликка эришишда катта ютуқларни қўлга киритган олимлар ва сиёсий арбобларга берилган.
XS
SM
MD
LG