Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:13

Ҳоким фермерларни калтаклаяпти


Бу гапни айтган мингбулоқлик суҳбатдошимиз зўравон амалдорларга нисбатан ҳеч ким чора кўрмаётганидан шикоят қилди.


“Фермерларни уриш, планни бажармаганларни қамаш бўлаяпти”

дейди Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидан қўнғироқ қилиб, исми сир қолишини сўраган тингловчи. У давлат ташкилотларидан бирида ишлашини айтар экан, ҳокимнинг фермерларни калтаклаганига ўзи гувоҳ бўлганини таъкидлайди.

- Бозорларнинг ҳаммасини бекитиб ташлаган. Магазинлар, ташкилотлар ҳаммасини пахтага қувган. Фермерларни уриш, планни бажармаганларни қамаш бўлаяпти-да.

Озодлик: Мисоллар билан айта оласизми? Кўзингиз билан кўрганмисиз?

- Ҳа, битта ўзини эмас, 200-300 та одамнинг олдида ҳоким уради. Биз, масалан, танимаймиз-да. Фермернинг номини айтади, чиқади, уради.

Озодлик: Ҳоким урадими?

- Ҳа.

Озодлик: Қандай қилиб уради? Бетига урадими, тепадими?

- Хоҳлагандай қилиб уради. Ҳеч ким қўл кўтара олмайди. Бир нарса қиладиган бўлса, ревизия қилиб, қаматиб юборади-да.

Озодлик: Фермерларни уриш, ҳақорат қилиш ҳозир ҳам давом этаяптими?

- Ҳа.

Озодлик: Мажлисларда иштирок этаман, деяпсиз. Сиз ҳам фермермисиз?

- Фермермасман, битта ташкилотда ишлайман. Ташкилотларни ҳайдаб ташлаган-ку пахтага. Иложи йўқ борамиз. Шунақа аҳволда энди, - дейди мингбулоқлик суҳбатдош.


“Тракторчига ҳам иш йўқ”

дейди Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан қўнғироқ қилган 32 ёшли Аслиддин Ўзбекистондаги ишсизлик муаммоси ҳақида гапирар экан.

- “Хорижга чиқмасдан ишласа бўлади” деганга ўзимнинг фикримни билдирмоқчи эдим. Ўзбекистонда иш топса бўлади, лекин арзимаган маошга топса бўлади. Мана хорижда юрганлар деб 6 миллиондан кишидан ортиқ маълумот бор-да. Агар 6 миллиондан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтиб келадиган бўлса, сирдарëлик акамизми-укамизнинг мотопиласини ишлатишга умуман ҳожат қолмайди. Унинг ўрнига қўлида болта билан ўтинни қилиб берадиганлар чиқади. Иш кучи умуман арзон бўлиб кетади. Шуларни ўйламасдан гапирди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда моддий томондан таъминлаш қийин аҳволга тушиб қолаяпти. Озиқ-овқат етишмаслиги юзага келади.

Озодлик: Мана ўтган шанба куни яна бир тингловчимиз айтдики, “Биздан кетганлар бекор Ўзбекистонни ëмонлайвермасин. Бизда иш бор. Мана мен деҳқонман. Деҳқончилик қилиб, яхши яшаяпман” деди. Деҳқончилик қилиб яшаш мумкинми?

- Энди кимлардир яшаяпти. Тўғри, бор унақалар ҳам. Деҳқончилик қилаëтганларнинг кўпчилиги ночор барибир.

Озодлик: Сиз ҳам қишлоқда яшасангиз, атрофингизда мана фермер хўжаликлари бор. Деҳқон бўлиб, оддий фермерга ишчи бўлиб ëлланиб яхши яшаш мумкинми?

- Яшаш мумкин, лекин ўшанда ҳам қандайдир қинғир йўллар билан яшаш мумкин-да. Давлатга топшириладиган маҳсулотнинг ўрнига бошқа маҳсулот экиб туриб, шунинг орқасидан бойиш мумкин.

Озодлик: Нима иш қиласиз?

- Тракторчи эдим. Ҳозир бекорчиман.

Озодлик: Тракторчиларга иш йўқми?

- Трактор йўқ-да.

Озодлик: Ҳожибой “тракторчилар ўқитувчилардан зўр бўлиб кетди” деган эдию.

- Ҳаммасиям эмас. Кимда техника бўлса, ўшалар бир нав, - дейди Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан қўнғироқ қилган 32 ёшли Аслиддин.


“Хориждаги пенсионерлар аҳволини кўриб ҳавас қилдим”

дейди исмини ошкор қилмаган фарғоналик тингловчи, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига ўзгартишлар киритилишига муносабат билдирар экан.

- Ўтган йил Европада дам олганимда, люксембурглик иккита қарияни кўриб қолдим гостиницада. Эски рус иммигрантларидан бири экан. Русчани чала-чулпа гаплашишаяптию, лекин гаплашишаяпти. Кампир 60 дан ўтган, эри 70 дан ўтган. Улар нафақаси бўйича нолимади. Ижарага машина олишибди. Бир йилда икки марта дам олишар экан. Нафақалари ўзларига етаркан. Ҳатто невараларига ҳам ëрдам беришаркан. Ҳалиги чол-кампирга ҳавас қилдим. Бардам-бақувват, соғлиқлари яхши. Бизда ҳам шундай бўлишини хоҳлардим-да. Энг кам пенсия нафақаси 111 минг сўм экан. Ҳар бир давлатда ўзининг пули муомалага чиқарилган. Ҳар бир давлатнинг энг катта купюрасига қассобхонада маълум миқдорда гўшт беради. Европа мамлакатларида 25-30 кило гўшт беради, масалан. Ўзбекистоннинг энг катта купюраси 1000 сўмлик. Қассобхонага боринг. 160 грамм гўшт оласиз, - дейди фарғоналик суҳбатдош.


“Украинада ҳам айғоқчилар кўп”

дейди диний таъқиб боис Ўзбекистондан Киевга қочиб келган Абдураҳмон.

- Ўзбекистонга бериш хавфи бор, дейди. Бу ерда ҳақиқатан Ўзбекистоннинг айғоқчилари кўп. Ўзимиз ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Лекин ҳозирча бергани йўқ. Мачитга борсак ҳам кўп гаплар эшитаяпмиз. Ҳақиқатан айғоқчиси кўп.

Озодлик: Сиз айғоқчилар кўп, деяпсиз. Қанақа қилиб биласиз уни?

- Чунки келади-да “Сиз фалочаев фалонча, фалон ерда турасиз” дейди. Очиқчасига биз ҳақимизда маълумотни кўп билади. Мисол учун, иккита ўзбек гаплашиб ўтирса масжидда, ëнига келиб, гап пойлашга ҳаракат қилади. Эҳтиëткорлик қилиб таҳоратхон залига чиқса, таҳорат олгандай қилиб таҳоратхонага кираяпти. Таҳорат оладиган бўлса, ҳеч бўлмаса, беш минутча кетиши керак-да. Таҳоратхонага кириб орқасидан борганини кўриб, таҳоратхонадан қайтиб келса, орадан икки минут ўтмай, яна келиб туриб гап пойлашга ҳаракат қилади.

Озодлик: Сиз қачондан бери Украинадасиз?

- Бир йилу икки ой бўлди.

Озодлик: Бирор статус олдингизми?

- Ҳалигача ҳеч қанақа статус олмадик. Ҳатто ҳали УВКБ ООНга интервьюга чақирмади.

Озодлик: Нима қиласиз энди? Украинада қолмоқчимисиз?

- Украинада қолишлик бизлар учун катта хавф туғдириб турибди. Бизларни қидирувга бериб юборган.

Озодлик: Қўпол савол берайми? Террористмисизлар?

- (кулиб) Террорист бу нима дегани? Террорист деб оладиган бўлсак, жамиятда бузғунчилик қиладиган жуда ëмон одамлар тушунилади. Ислом дини унақа нарсага буюрмайди ҳеч қачон. Улар Ўзбекистоннинг сиëсатига тўғри келмайдиган нарсаларни эшитганингиз учун ëки китобларни ўқиганингиз учун сизни қидирувга беради. Ўзи Ўзбекистон сиëсати шундай-ку. Ислом динига жуда қаттиқ. Мана, мисол учун, Абдували қори акани танийсизлар. 1995 йил ўғирланган киши. Мана шу кишининг барча маърузаси эмас, битта маърузаси билан ушласа ҳам қамалади одам. 6-7 йилга қамаб юбораверади. То пайғамбар алайҳиссаломдан ҳақ гапни гапириб келганлар зиëн кўрган одамлар тарафидан. Қиëматгача шундай бўлади, - дейди Ўзбекистондан Киевга қочиб келган Абдураҳмон.


“Москва полицияси жуда бездириб юборди”

дейди Москвадан скайп орқали боғланган қирғизистонлик Фарҳод Усмонов.

- Мен ўзим Қирғизистонданман. Россия фуқаролигини олганман. Тожикистонлик, ўзбекистонлик болалар билан яшаймиз. Москва шаҳри Митише районида ишлайман. Ëнимдаги болаларни милициялар умуман безитиб юборди-да. Эрта билан ишга кетаяптими - ушлайди. Олиб бориб ишлатади. Соат 7 дан 8 гача йўлда туради. Документ бўлса-бўлмаса ушлайди. Масалан, буларни ишлаëтган жойида ушласа, иш берувчисига жалоба қилса бўлади, тўғрими? Кўчада кетаëтган оддий одамни ушлаб туриб, пропискаси бўлса, иш жойини сўрайди. Унга, масалан, ҳаққи йўқ. Тўхтатиб, “патентинг қани, разрешение на работу қани?” дейди. Мен билан бирга кетаëтган болаларни ушлаганида “Қанақа разрешение на работу? Сен буни ишлаëтган жойида ушламаган бўлсанг, сен қаердан биласан?” десам, “Йўқ, олиб кетаман, акт тузаман, протокол қиламан” дейди. Олиб бориб, милицияхонасини тозалатади, ишлатади, пули бўлса пулини олади, - дейди Фарҳод Усмонов.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG