Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:02

Ўзбек лидерларнинг адвокатлари далил талаб қилмоқда


Қирғизистон Олий суди Қодиржон Ботировнинг ўзига нисбатан суд жараёни тўхтатилиб туришига оид илтимосини қаноатлантирмади.
Қирғизистон Олий суди Қодиржон Ботировнинг ўзига нисбатан суд жараёни тўхтатилиб туришига оид илтимосини қаноатлантирмади.

2010 йилги Ўш қирғини айбдорлари сифатида айбланиб, сиртдан судланаётган қирғизистонлик ўзбек лидерларининг адвокатлари ўз ҳимоясидаги одамларга нисбатан очилган жиноят ишларини қайта терговга юборилишини талаб қилишмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ўтаётган суд жараёнининг 12 октябрда бўлиб ўтган мажлисида 2010 йилда содир этилган Ўш қирғини айбдорлари сифатида сиртдан судланаётган Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Маҳамадрасул Абоқжонов, Абдураҳмон Абдуллаев, Халилжон Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевларнинг адвокатлари ўз ҳимоясидаги одамларнинг жиноят ишлари қайта терговга жўнатилишини талаб қилишди.

Ўшдаги “Мезон ТВ” телеканали хўжайини Жавлон Мирзахўжаевнинг адвокати Назгул Суюнбаеванинг айтишича, жиноят ишларининг бирортасида айбланувчилар айбдорлигини исботловчи бирорта далил ва исбот келтирилмаган. Айблов фақат қуруқ сўзлар асосига қурилган.

- Тергов жараёнида жуда кўп хатоликларга йўл қўйилган. Менинг ҳимоямдаги одам терговга бор-йўғи бир марта чақирилган. Мирзахўжаевга нисбатан жиноят ишини унинг ва адвокатнинг иштирокисиз якунлаб, судга жўнатиб юборишган. Масалан, айбловда Ботиров “Мезон ТВ” орқали миллатлараро низога чақирган, деб айтилади. Бироқ бирорта ҳам исбот ёки далил келтирилмайди. Мирзахўжаев Ботиров билан тил бириктирган ҳолда ишлаган, деб айб қўйилган. Лекин бирорта гувоҳ, далил, исбот йўқ. Айблов қуруқ гапдан иборат, - деди адвокат Суюнбаева.

Айни пайтда Қирғизистон Олий суди Қодиржон Ботиров ҳам ўз адвокати орқали Жалолобод шаҳар судига ўзига нисбатан суд жараёнини тўхтатиб туриш илтимоси билан мурожаат қилганини билдирди. Олий суд матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, Қодиржон Ботиров ҳали суд ҳукми чиқмай туриб, Қирғизистон парламенти уни Ўш воқеаларининг асосий айбдори сифатида кўрсатиб қарор қабул қилгани учун парламент раиси Ақматбек Келдибековни судга берган. Қодиржон Ботиров мазкур даъво аризаси кўриб чиқилгунига қадар ўзига нисбатан суд жараёни тўхтатилиб туришини илтимос қилган.

“Бироқ Жалолобод шаҳар суди бу илтимосни ва адвокатларнинг жиноят ишларини қайта терговга юбориш талабини қаноатлантирмади”, деб айтилади Олий суд тарқатган баёнотда.

Адвокат Назгул Суюнбаева ҳам бу баёнотни тасдиқлаган ҳолда, сиртдан судланувчиларнинг адвокатлари ўз илтимослари қондирилишини талаб қилиб, юқори суд инстанциясига мурожаат қилганликларини билдирди:

- Суд бизнинг барча илтимосларимизни қаноатлантиришдан бош тортганидан сўнг айбланувчиларнинг барча адвокатлари бирлашиб, Жалолобод вилоят судига аппеляция аризасини топширдик. Энди бизнинг илтимосимиз вилоят суди даражасида кўриб чиқилади, - деди Назгул Суюнбаева.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида айбланаётган бир қатор ўзбек лидерларига нисбатан сиртдан ўтказилаётган суд жараёни бир неча ой ичида 10 марта қолдирилган. Суд жараёнига фақат сентябр ойи охирларидагина гувоҳлар, жабрланувчилар ва адвокатларни олиб келиш имкони бўлган.

Бироқ Қирғизистон парламенти депутатларидан бир гуруҳи октябр ойи бошида ўтган парламент мажлисларидан бирида Қодиржон Ботировга нисбатан ўтказилаётган суд жараёни сиёсий сабаблар билан ортга сурилаётганини иддао қилди. Уларга кўра, ҳукуматдаги айрим амалдорлар Қодиржон Ботировнинг судланишидан ва унга нисбатан жазо белгиланишидан манфаатдор эмаслар.

Қирғизистон парламентида чиқиш қилган мамлакат Бош прокурори Аида Салянова эса депутатларнинг бундай иддаолари ҳақиқатдан узоқ эканини билдирган эди.

- Бу жиноят ишининг кўриб чиқилишида ҳеч қандай сиёсат йўқ.. Мураккаб ишлар кўриладиган суд жараёнлари жуда кўп ҳолатларда бошқа кунларга қолдирилади. Мазкур суд жараёнига ҳам гувоҳлар, жабрланувчилар ва адвокатлар келмай қўйишаяпти. Шунинг учун ҳам суд бир неча ойдан бери қолдирилиб келинмоқда, - деди Аида Салянова.

Айтиб ўтиш лозимки, ҳали суд ҳукми чиқмай турибоқ, 2010 йилда Ўш воқеларини ўрганган Миллий ва парламент комиссиялари Қодиржон Ботировни Ўш қирғини айбдори сифатида қарор чиқарган эдилар. Бироқ Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссия Қодиржон Ботировнинг миллатлараро низо айбдори эканини тасдиқловчи фактлар йўқлигини, Ўш қирғини Қирғизистон ҳукуматининг “этномиллатчиликка асосланган сиёсати оқибатида содир бўлган”ини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG