Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:26

Жой номлари тўғрисидаги қонун кучга кирди


Топонимик номларни шахслардан тозалаш бир мунча аввал бошланган эди. Собир Раҳимов тумани ва метроси Олмазорга айланди.
Топонимик номларни шахслардан тозалаш бир мунча аввал бошланган эди. Собир Раҳимов тумани ва метроси Олмазорга айланди.

Ўзбекистонда бундан сўнг вилоят, шаҳар, посёлка, қишлоқ-овулларга шахс исмлари ва тарихий шахсларга бағишланган номлар қўйилмайди. Ўзбекистон президенти имзо чеккан қонунга кўра, фақат мустасно тарзда, кўчалар, маҳаллалар, майдон ва паркларга Ўзбекистон тарихида кучли из қолдирган шахсларнинг номи берилиши мумкин.


Ўзбекистон президенти имзо чеккан “Географик объектлар номланиши тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, вилоят, район, шаҳар, посëлка, қишлоқ, овулларга шахс исмлари ва тарихий воқеаларга бағишланган номлар берилмайди.

Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Геодезия ва картография миллий маркази бош илмий ходими, Тошкент ҳокимлиги қошидаги топонимик комиссия аъзоси, профессор Суюн Қораев Озодлик билан суҳбатда янги қонун ортида турган омилларни бундай изоҳлади:

- Биз мана шундай қонун қабул қилинишига кўп йилдан бери ҳаракат қилиб келдик. Жой номларига кишиларнинг исм-фамилияларини бериш мумкин эмас, чунки тарих ўзгариб туради. Бир одамнинг хизмати маълум вақтдан кейин эсдан чиқади. Шунинг учун одамларнинг фамилиясини беришга қарши биз кўп вақтдан бери курашиб келардик. Шу нарса фармонда ўз аксини топган. Демак, айтайлик ўзбек халқининг, умуман инсониятнинг тарихида ўчмас из қолдирган буюк кишиларнинг номлари, масалан Абу Али ибн Сино, Навоий, Форобий, Беруний каби буюк кишиларнинг номларини бериш мумкин. Оддий кишиларнинг масалан совет даврида ëки ундан кейинги даврларда давлат арбоби бўлиб ишласа ëки меҳнат қаҳрамони, бошқалар бўлса, уларнинг номини қўймаслик қонун тусини олди. Буям мафкурада. Мафкурадан воз кечиш керак. Деидеологизация дейишади. Сиëсатдан холи қилиш керак жой номларини,- дейди профессор Суюн Қораев.

Янги қонунга кўра, кўчалар, проспект ва маҳаллалар, майдон ва паркларга Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган буюк сиймоларни мустасно қилганда, алоҳида шахслар, ижтимоий-сиëсий арбоблар номини бериш тақиқланади. Профессор Суюн Қораевнинг айтишича, топоним олимлар жойлар номини шахслар амалига қараб эмас, балки халққа қилган хизматига қараб қўйиш керак:

- Умуман кишиларнинг исмини жойларга, қишлоқ, кўприкларга қўйиш қадимдан бор. Гап шундаки, илгари одамларнинг амалига қараб эмас хизматига қараб қўйилган. Масалан, бир киши кўприк солган бўлса, шунинг номига қўйилган. Бир киши бир қишлоқни обод қилган бўлса, ўшанинг номига қўйиб келинган. У вақтда сиëсат эмас эди бу. Ҳеч қанақа буйруқ, ҳужжатларсиз одамларнинг ўзи оғзидан оғизга ўтиб келган. Лекин кейинги пайтларда, айниқса совет пайтларида сиëсат мафкуравий тус олгандан кейин шундай бўлди, масалан Лениннинг номи Ўзбекистонда 400 марта такрорланарди. Ленин, Ильич, Улянов ва ҳоказо,- дейди профессор Суюн Қораев.

Қонунда айтилишича, Ўзбекистондаги маъмурий-ҳудудий бирликлар номи улар мансуб маъмурий марказлар, жуғрофий ëхуд тарихий номлардан олинган бўлиши, aэропорт, вокзал, порт, темир йўл бекатлари номлари ҳам улар жойлашган жуғровий объектлар номига уйқаш бўлиши лозим.

Профессор Суюн Қораев қонуннинг бу бандига тўла қўшилишини айтар экан, жой номлари тўқиб чиқарилган чиройли номлар билан аталмаслиги, балки, номлар жой хусусиятига мос бўлиши кераклигини таъкидлайди:

- Чиройли бўлиши учун қилаëтганимиз йўқ. Тарихда қолсин, шу ернинг тарихини, экономикасини акс эттирсин. Жойига алоқаси йўқ номлар борда. Жой номида албатта жойнинг бирор хислати акс этиши керак. Бўлмаса у жой номи бу ерга ëт бўлади. Бунга сиғмайди. Бошқа ном қўйиш керак,- дейди профессор Суюн Қораев.

Олимнинг айтишича, Ўзбекистон ҳудудида бир хил номлар билан аталган жойлар жуда кўп. “Географик объектлар номланиши тўғрисида”ги қонун эса жойлар номига тарихий номларини қайтаришга, халққа хизмати учун эмас, балки амали учун қўйилган тарихий шахслар номларини ўзгартириш учун қонуний асос бўлади:

- Ëппасига давом этаверади бу иш. Масалан изи қолган бўлса эски сиëсатнинг, қизил топонимлар бўлса, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам бунга қарши курашилаверади. Уларни йўқотиш керак. Унинг ўрнига халқона, халқ оғзидаги номлар бўлиши керак,- дейди Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг бош илмий ходими, Тошкент ҳокимлиги қошидаги топонимик комиссия аъзоси, профессор Суюн Қораев.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг, коммунистик партияга алоқаси бор номларнинг деярли ҳаммаси ўзгартирилди.

Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Собир Раҳимов туманларидан ҳам уларнинг номлари коммунистик партияга хизмат қилганлиги учун олиб ташланган эди.
XS
SM
MD
LG