Линклар

Шошилинч хабар
29 май 2024, Тошкент вақти: 01:08

Ўзбекистон хабарлари

И.Каримов Истамбул ва Бонндаги халқаро анжуманга боради

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2 ноябр куни Истамбул, 5 ноябр куни Боннда бўладиган Афғонистон хавфсизлигига оид икки халқаро анжуманда иштирок этади.

Германиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Михаил Штайнер президент Каримов билан ўтган музокараларидан сўнг буни маълум қилди.

АҚШ ва Покистон расмийлари ҳам иштирок этган бу музокаралардан сўнг матбуотга сўзлаган Германия расмийси Афғонистон хавфсизлиги борасида АҚШ ҳамда Германия ҳукуматлари ўз умумий позициясини президент Каримовга баён этганидан сўнг Ўзбекистон раҳбари бу масалага янгича ёндошувни намойиш қилганини айтди.

Германия расмийси бундай ёндошув ифодаси ўлароқ президент Каримовнинг кутилаётган икки йирик анжуманда иштирок этиш ниятини билдирганини яхши ишорат, деб баҳолади.

Кун янгиликлари

Турк расмийлари рухсатномали ўзбек блогерини депортация қилмоқда

Ўзбекистонлик тадбиркор ва блогер Бекназар Раҳматов Истанбул аэропортида, 2024 йил 28 майи
Ўзбекистонлик тадбиркор ва блогер Бекназар Раҳматов Истанбул аэропортида, 2024 йил 28 майи

Туркияда тўрт йилдан буён ишлаш рухсатномаси билан яшаб ва ишлаб келаётган ўзбекистонлик тадбиркор ва блогер Бекназар Раҳматов 28 май куни Туркияга киритилмади. Бу ҳақда блогернинг ўзи Озодликка маълум қилди.

Сешанба кунги рейс билан Тошкентдан учиб келган Раҳматов, ўзининг айтишича, Истанбул аэропортида тўрт нафар маҳаллий хавфсизлик ходими томонидан чақириб олинган.

Тадбиркор 200 нафар одам ичидан бир ўзи чақириб олинганидан унинг Туркия ҳудудига қўймаслик учун алоҳида тараддуд кўрилган, дея тахмин қилмоқда.

Ҳужжатларим ҳаммаси жойида бўлишига қарамай, ҳеч қандай сабабсиз ортга қайтариб юборишмоқда”, деган 34 ёшли блогер турк расмийлари Ўзбекистонга депортация учун унга бирор асос кўрсатишмаганини қўшимча қилди.

“Туркиядаги ўзбеклар” телеграм-канали асосчиси Бекназар Раҳматов шу кунгача Туркия қонунларини бузмай яшаб ва ишлаб келганини урғулайди.

Мен бир қонунбузар бўлмасам, экстремист бўлмасам… Хуллас, нима учун ортга қайтариб юбораётганларини тушунолмаяпман”, деди у.

Бекназар Раҳматов 2021 йилда ҳам Истанбулда яшаётган уйидан бир гуруҳ полиция ходими томонидан ушлаб кетилиб, 35 кун давомида депортация марказида тутиб турилган эди. Ўша пайтда судда айбсиз экани исботланган блогерни маҳаллий расмийлар узр сўраб, қўйиб юборишга мажбур бўлишганди.

Аввалроқ миграция масалаларини ёритиб келган қатор нашрларда Истанбулга учиб келган 20-35 ёшлардаги ўзбекистонлик йигитларнинг бир қанчаси турк расмийлари томонидан Тошкентга қайтариб юборилаётгани, бу ҳолат март ойи бошидан буён давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқаган. Бу каби хабарларни блогер Бекназар Раҳматов ҳам ўз телеграм-канали орқали ёйинлаган.

Мазкур хабарлар ортидан Туркияга келаётган ўзбекистонликларда мамлакатга киритилиш-киритилмаслик юзасидан хавотир уйғонган, ўзбек журналистлари эса хавотир акс этган бу саволларни май ойи бошида Тошкентга ташриф буюрган Туркия вице-президенти Жевдет Йилмазга йўналтирган эдилар.

Жаноб Йилмаз бу саволга жавоб бераркан, ўзбекистонликларнинг Туркиядан изоҳсиз депортация қилинаётгани масаласи Тошкентдаги масъуллар билан ҳам муҳокама қилинганини, бу муаммо яқинда икки давлат мутасаддилари томонидан биргаликда кўриб чиқилишини билдирган эди. Аммо ўша ташрифдан буён қарийб тўрт ҳафта ўтган бўлганига қарамай, ўзбекистонликларни Туркиядан изоҳсиз депортация қилиш давом этмоқда ва блогер Бекназар Раҳматов билан бугун кузатилаётган ҳолат ҳам бунинг яққол мисолидир.

Россия Ўзбекистонда кам қувватли АЭСлар қурмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) Россия президенти Владимир Путин билан, Тошкент, 2024 йил 27 майи
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) Россия президенти Владимир Путин билан, Тошкент, 2024 йил 27 майи

Россия Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияларини қуришни режалаяпти. Бунга оид келишув Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида 27 май куни Тошкентда имзоланган қатор шартномаларнинг бири бўлган.

Мирзиёев кичик АЭСлар қурилишини “муҳим келишув” деб атаб, Ўзбекистон “ўзининг йирик уран захираларига эга” эканини таъкидлаган.

Айни пайтда Путин Ўзбекистон атом энергетикаси бозорида “самарали ишлаш учун” қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берган.

Лойиҳа амалга ошса, бу атом электр станцияси Марказий Осиёдаги илк АЭС бўлади, бу эса Россиянинг минтақага таъсирини янада мустаҳкамлайди.

Аввалроқ Россия Ўзбекистонда нафақат 2,4 ГВт қувватга эга юқори қувватли атом электр станциясини қуришда, балки “ҳар бири 55 МВтгача бўлган, Россия дизайни бўйича босимли сув реакторига асосланган ва ҳар бири 6 тагача энергия блокидан иборат атом электр станциялари” қурилишида ҳам ҳамкорлик қилишига оид хабарлар чиққан эди.

Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Путин Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 500 миллион долларлик қўшма инвестиция фондига Россия 400 миллион доллар ётқизишини билдирган.

Мирзиёев Тошкент Россиядан катта миқдорда нефть ва газ сотиб олишдан манфаатдор эканини айтган. Бу Москва Марказий Осиёдан нефть ва газ импорт қилган кўп йиллик тажрибага зиддир.

Россия президенти Ўзбекистонга етказиб берилажак газ ҳажмини оширишга ваъда берган.

Тошкентдаги саммитда Путин ва Мирзиёев миграция масалаларини ҳам муҳокама қилишган. Россия президенти мезбон президентга ўз ҳукумати ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига яхши меҳнат шароити яратиб бериш ва ижтимоий ҳимоя билан таъминлашни ваъда қилган.

Владимир Путин икки кунлик давлат ташрифи билан 26 май оқшомида Ўзбекистонга келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Халқаро тадқиқотларда урғуланишича, Ўзбекистон Россияга кетаётган санкция остидаги товарларнинг асосий йўлланиш нуқталаридан биридир. Россия шу кунда ташқи савдо айланмасида Ўзбекистоннинг Хитойдан кейинги иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Путин Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён хорижий ўлкаларга кам чиқадиган бўлган.

Май ойининг илк ҳафтасида бешинчи марта президент ўлароқ қасамёдга келтирилган Путин Ўзбекистонга Хитой ва Беларусга сафари ортидан келган.

Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар қарз беради

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жаҳон банки “Аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳлари интеграцияси учун ижтимоий ҳимоянинг инновацион тизими” лойиҳасини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратади.

Жаҳон банки матбуот хизмати қайдича, лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан бўлган одамлар учун ижтимоий хизмат сифатини яхшилашга қаратилган.

Лойиҳа қўшимча 2 миллион долларлик грант билан ҳам молиялаштирилиши айтилган.

Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги турли давлат идоралари, ноҳукумат ташкилотлари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланади.

Лойиҳани амалга ошириш орқали бутун мамлакат бўйлаб маҳаллалар даражасида фаолият юритувчи 50 дан зиёд ижтимоий хизмат кўрсатиш марказларини (уларнинг хизматлари аҳолининг энг ночор қатламига йўналтири) барпо қилиш; қариялар, ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар дохил аҳолининг ночор қатламидан бўлган 50 мингдан зиёд фуқаронинг ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича юқорида зикр этилган марказлар базасида сифатли ижтимоий ва реабилитацион хизматларга эришишини яхшилаш ҳамда бошқалар кўрсаткичларга эришиш кўзланган.

Мазкур дастур иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлардан хабардорликни ошириш учун қишлоқ жойлардаги 100 минг нафар муҳтож фуқарони қамраб олиши айтилган.

Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Жаҳон банки Ўзбекистонда 27 та лойиҳани амалга оширмоқда. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 6,07 миллиард долларга тенг бўлиб, ундан 2,4 миллиарди ҳали ўзлаштирилган эмас.

Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланган 2024 йил бюджети қонунида жорий йилда мамлакатнинг қарз олиш лимити 5 миллиард доллар даражасида белгиланган эди. Бундан 2,5 миллиард доллар бюджет камомадини ёпишга, 2,5 миллиард доллари эса инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланиши айтилган.

Фирибгарликда гумонланган ўзбекистонлик Туркиядан депортация қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фирибгарлик ва одам савдосида гумонланиб, халқаро қидирувга берилган 45 ёшли Озод Раҳимов 23 май куни Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.

Самарқанд вилоятида туғилган О. Раҳимов жорий йилнинг 6 май куни Туркия ва Ўзбекистон ИИВ вакиллари ҳамкорлигида Истанбул шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир чоғида қўлга олинган эди.

Ўша пайтда унинг Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек 2022-2023 йиллар мобайнида Истанбулда бир қанча ўзбекистонлик ва тожикистонликни Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10-15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатлари учун сарфлаб юборганликда айбланаётгани маълум қилинган.

Бу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ўзбекистонликлардан Истанбулдаги бош консулхонага ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига хабар бериш сўралган.

Озодлик радиоси ўтган йил август ойининг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг АҚШга Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.

Суриштирув қаҳрамонларининг катта қисми Қўшма Штатларга О. Раҳимов сингари воситачиларга минглаб доллар маблағ тутқазган ҳолда Туркия орқали Мексика-АҚШ чегарасигача етиб боргани маълум.

Кейинги пайтларда АҚШга ноқонуний мигрантлар оқимини тўхтатиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар доирасида Туркияда ҳам айрим чеклов чоралари кўрила бошлаган, хусусан Мексика ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларига учаётган марказий осиёлик, кавказлик ва россиялик ўнлаб йўловчи “Турк ҳаво йўллари” авиаширкати учоқларидан тушириб қолинган.

Путин 26-27 май кунлари Ўзбекистонда бўлади

Владимир Путин (ч) ва Шавкат Мирзиёев (ў), Тошкент, 2018 йил 19 октябри
Владимир Путин (ч) ва Шавкат Мирзиёев (ў), Тошкент, 2018 йил 19 октябри

Россия президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаковдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳозирча бугун-эрта Беларусга, якшанба-душанба кунлари эса Ўзбекистонга сафар қилинишини айтишим мумкин”, дея иқтибос келтирган агентлик Ушаков сўзларидан.

Владимир Путин яқин кунларда Ўзбекистонга келиши кутилаётгани ҳақида Озодлик икки кун муқаддам хабар қилган эди. Ўшанда Кремль матбуот хизмати Россия ва Ўзбекистон президентлари ўртасида 21 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Путиннинг Тошкентга ташрифига ҳозирлик масаласи муҳокама қилинганини қайд этган, бироқ сафар кунига аниқлик киритган эмасди.

Ташриф мавзусига тўхталмаган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати эса Путин билан Мирзиёев ўртасидаги телефон мулоқотида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқилгани, олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар ижросининг бориши ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилинганига урғу берган.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бергани ортидан Россиянинг амалдаги президенти Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилмаётган эди.

Ўзбекистон Рим статутини ратификация қилган эмас. Бу Ҳаага суди ордер чиқарганидан буён Путиннинг Ўзбекистонга илк сафари бўлади. У Ўзбекистонга сўнгги ор 2022 йил сентябрида — ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун келганди.

АҚШ Давлат котиби муовини ўзбек расмийлари билан учрашди

АҚШ давлат котибининг фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан, Тошкент, 2024 йил 22 майи (Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати фотоси)
АҚШ давлат котибининг фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан, Тошкент, 2024 йил 22 майи (Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати фотоси)

АҚШ давлат котибининг фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея хоним Тошкент сафари доирасида 22 май куни Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси маълумот тарқатди.

Тадбир жараёнида иштирокчилар икки томонлама амалий ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, хусусан, Ўзбекистон ва АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан кибержиноятлар, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва одам савдосига қарши курашиш йўналишларида ижобий тажриба алмашиш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалаларни муҳокама қилдилар”, дейилган ИИВ хабарномасида.

АҚШ Давлат департаменти мулозимаси Узра Зея хонимнинг вазир Бобожонов билан учрашуви давомида Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар ҳуқуқлари бузилаётганига оид айрим ҳолатлар, хусусан ИИОга тегишли бино ва ҳибсхоналардан ҳануз ўликлар чиқаётгани ҳамда тизимда инсонларга нисбатан қийноқ ва ғайриинсоний муносабатлар давом этаётгани каби масалалар ҳам муҳокама этиб-этилмагани ҳақида маълумот йўқ.

ИИВ раҳбари Бобожоновдан ташқари америкалик мулозима Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи ва бош ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан ҳам учрашган.

Америка томони хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ ва сўз эркинлигини таъминлаш, шунингдек, фуқаролик жамияти ҳамда ННТ фаолияти самарадорлигини ошириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди”, деб ёзган Саида Мирзиёева 22 май куни ўз Телеграм-каналида.

Раисий билан видолашувда ўзбек делегацияси ҳам иштирок этади

Эроннинг марҳум президенти Иброҳим Раисий тобутини кўтариб кетаётган фахрий қоровул вакиллари, Табриз, 2024 йил 21 майи
Эроннинг марҳум президенти Иброҳим Раисий тобутини кўтариб кетаётган фахрий қоровул вакиллари, Табриз, 2024 йил 21 майи

Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти ҳудудидаги авиаҳалокатда вафот этган президент Иброҳим Раисий билан 22 май куни Теҳронда ўтказилажак видолашув маросимида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълумотига кўра, маросимда иштирок этадиган делегацияга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилик қилади.

Эронда жорий йилнинг 19 май куни вертолёт қулаши чоғида президент Раисий ва унинг саккиз нафар ҳамроҳининг нобуд бўлиши ортидан эълон қилинган беш кунлик мотам тадбирлари давом этмоқда.

Авиаҳалокат қурбонлари жасадлари солинган тобутлар 21 май куни Табриздан пойтахт Теҳронга олиб келинган. Чоршанба куни бу ерда марҳум Раисий ва ҳамроҳлари билан видолашув маросими ўтказилиши кўзда тутилган. Теҳрондан сўнг жасадлар шиа мазҳабидаги мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Қум шаҳрига, кейин эса Раисийнинг туғилган шаҳри бўлмиш Машҳадга олиб кетилиши айтилган.

Аввалроқ Эрон вице-президенти Муҳсин Мансурий марҳум президент Иброҳим Раисий 23 май куни Машҳад шаҳрида дафн этилишини маълум қилган эди.

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси бу йил ўзгаришсиз қолди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий мавсумда ҳам 15 минг нафар ўзбекистонлик Ҳаж сафарига бориши мумкин. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов 21 май куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилган.

Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида ҳамда Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк йилларида ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси ўртача 5 минг 200 нафардан оширилган эмас. Мамлакатда яшовчи мусулмонлар учун Ҳаж квотасининг оширилиши бундан беш йил муқаддам бошланган.

Маърупов қайдича, ўзбекистонлик зиёратчилар учун квота 2019 йилда 7200 нафарни, 2022 йилда 12 минг нафарни, 2023 йилда эса 15 минг нафарни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари учун йиллик Ҳаж квотаси 24 мингтагача ошириш кўзда тутилгани хабар қилинган. Бунга оид келишувга Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегациянинг 2022 йил сентябрида президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган пайтда эришилган эди.

Одатда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги бирор мамлакат учун Ҳаж квотасини “ҳар минг мусулмонга бир зиёратчи” формуласидан келиб чиққан ҳолда белгилаб келади. Ўзбекистонда, ўртача ҳисоб-китобларга кўра, 34 миллиондан зиёд мусулмон яшаши эътиборга олинса, Ислом олами учун ўтмишда кўплаб машҳур дин олимларини етиштириб берган бу мамлакатга шу кунда лозим бўлганининг ярмича ҳам квота ажратилмаётганини қайд этиш мумкин.

Маълумотларга кўра, жорий йилдаги Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар 23 майдан 7 июнгача мамлакатнинг ўнта халқаро аэропортидан Мадинаи Мунаввара шаҳрига учади. Ҳаж ибодатини адо этажак зиёратчиларни 22 июндан 12 июлга қадар ватанига қайтариш режаланган.

Кремль: Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга боради

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистонда Россия президенти томонидан амалга оширилажак давлат ташрифига ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур ҳозирликнинг бориши, Кремль матбуот хизматига кўра, Россия президенти Владимир Путин билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида 21 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилинган. Кремль хабарномасида Путиннинг Ўзбекистонга сафари қайси санага белгиланганига аниқлик киритилган эмас.

Шу контекстда савдо-иқтисодий соҳаси дохил икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг қатор амалий масалалари тилга олинди”, дейилган хабарномада.

Сешанба куни Мирзиёев билан Путин телефон орқали мулоқот қилганини Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган. Бироқ мазкур хабарномада икки президент орасида Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи муҳокама қилингани мутлақо эслатилган эмас.

Унда Мирзиёев ва Путин Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқишгани, олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар ижросининг бориши ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилишгани қайд этилган, холос.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилган эмас ва бундай мамлакатлар орасида Россия учун “дўст” ўлкалар ҳам бор.

Ўзбекистон Рим статутини ратификация қилган эмас. Бу Ҳаага суди ордер чиқарганидан буён Путиннинг Ўзбекистонга илк сафари бўлади. Россия президенти Ўзбекистонга сўнгги бор 2022 йил сентябрида — ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун келган эди.

Қозоғистон Ўзбекистон билан иттифоқчилик шартномасини имзолади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг 20 май куни “Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий сайтида маълумот тарқатилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари томонидан 2022 йил 22 декабрида Тошкентда имзоланган иттифоқчилик шартномаси жорий йилнинг 25 апрель куни Қозоғистон Сенати депутатлари томонидан ратификация қилинган эди.

Шу тариқа шартномани кучга киритиш бўйича Қозоғистон томони ҳам барча юридик процедураларни бажариб бўлди.

Икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик шартномасига оид қонун 2023 йил 22 ноябрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, 25 ноябрида Сенат томонидан маъқулланган, 30 ноябрь куни эса у президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган эди.

Ҳужжат Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар, фуқаровий мудофаа соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган бўлиб, унда халқаро майдонда ҳам ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Шартнома моддаларига мувофиқ, томонлар икки мамлакат парламентлари, сиёсий партиялари ва жамоатчилик ташкилотлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига кўмаклашишади, шу билан бирга, ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида, халқаро террорчилик, диний экстремизм ва айирмачилик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, ноқонуний қурол, наркотик ва психотроп моддалар савдоси дохил хавфсизлик учун янги хатар ва таҳдидларга қарши кураш масалаларида тиғиз ҳамкорлик қилишади.

Россияда қонунбузарлик содир этган ўзбекистонликларга Қозоғистонга бормаслик тавсия қилинди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири (архив сурати)
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этиб, ватанига қайтган ўзбекистонликларга Қозоғистонга бормасликни тавсия қилмоқда.

Агентлик Қозоғистон ва Россия ҳукуматларининг маъмурий ва жиноий ишлари бўйича қарорларни тан олиш ва ижро этишга оид икки томонлама келишувлари асосида Қозоғистон чегара ва ички ишлар тизимида янги тизим жорий этилганини эслатиб, бунинг натижасида сўнгги вақтларда Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиш вақтида ҳибсга олиниш ҳолатлари кузатилаётганини қайд этган.

Ҳибсга олинган шахслар Россия томони мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда”, дея огоҳлантирган агентлик Россияда қонунбузарлик содир этган ўзбекистонлик мигрантларга Қозоғистонга бормай туришни маслаҳат берган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўзбекистонликларга Қозоғистонга кириш ва чиқишда барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилган эди.

“Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россия Федерациясига ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим, чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказадилар”, дейилганди ТИВ мурожаатида.

Агар Россия Федерациясида бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, вазирлик қайдича, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

АҚШда болалар устидан жинсий зўравонлик материалларини ташиган ўзбекистонлик 19 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШнинг Флорида штатида вояга етмаган болалар устидан жинсий зўравонликка оид материалларни ташиган ўзбекистонлик устидан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Флорида ўрта округи прокуратураси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2022 йил январида 39 ёшли Султон Нуриев Орландодан Тошкентга чиқиб кетган, ўша йил февралида у АҚШга қайтган. Қайтиш чоғида божхона-чегара хизмати ходими ўзбекистонликнинг телефонини текшириб, ундан болалар устидан жинсий зўравонлик тасвирларини топган.

Аниқланишича, у Ўзбекистонда ўзини 12 ёшли болакай ўлароқ кўрсатиб, интернетда вояга етмаган қизларни йўлдан уриш билан шуғулланиб келган. У қизчаларни шаҳвоний характердаги суратларни олиб, ўзига йўллашга мажбур қилган.

Хабарномада Нуриев 2023 йилнинг 26 сентябрида ўз айбига иқрор бўлгани қўшимча қилинган. Унинг АҚШга қай асосда ва қандай мақсадда борганига аниқлик киритилган эмас.

Суд ҳукмига кўра, ўзбекистонлик кейинчалик умрбод назорат остида бўлиш шарти билан 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

OCCRP: Алишер Қодиров Дубайда 8 млн долларлик мулкка эга

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) экспертлари Dubai Unlocked лойиҳаси доирасида Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров Дубайда умумий қиймайти қарийб 8 миллион АҚШ долларига тенг кўчмас мулкка эгалик қилишига оид ҳужжатларни қўлга киритишган.

OCCRP ҳужжатларига мувофиқ, Алишер Қодировнинг “Марина Плаза”да тўртта офиси бор. Улардан ҳар бири 1,9 миллион доллардан 2,1 миллион долларгача баҳоланган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2018 йили таъмагирлик ва товламачиликда гумонланаётган Алишер Қодировга нисбатан қидирув эълон қилган эди.

Каримов даврида 15 йил давомида Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Рашиджон Қодиров 2018 йил 22 февралида ҳибсга олиниб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди қарори билан 2019 йил 26 июнида 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У порахўрлик, пора беришда воситачилик қилганлик, товламачилик, солиқ тўлашдан бош тортганлик ва жиноий даромадларни машрулаштириш каби жиноятларда айбдор деб топилган.

OCCRPнинг Dubai Unlocked лойиҳаси Дубайдаги қимматбаҳо кўчмас мулк соҳиблари тўғрисидаги маълумотларни очиқлаб келади. 70 дан ортиқ мамлакат журналистлари Дубайдаги минглаб кўчмас мулк объекти ҳақида сизган маълумотларни таҳлил қилиб чиқишган. Ҳужжатлар кўпроқ 2020 ва 2022 йиллардаги олди-сотдиларга алоқадор.

Умуман олганда, бу тадқиқот Бирлашган Араб Амирликларидаги бу йирик шаҳар қандай қилиб ҳукуматлар, давлат корпорациялари ва жиноят оламига алоқадор одамлар дохил юзлаб кишининг пул ётқизиши учун қулай жойга айланганини кўрсатиб берган.

“Тадқиқот “қаҳрамонлар”и шахсини тасдиқлатиш учун бир неча ой кетди”, дея урғулашган лойиҳа муаллифлари.

Малайзия бош вазири уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Малайзиялик сиёсатчи Анвар Иброҳим узоқ йиллар давомида мухолифат лидерлардан бири бўлиб ҳисобланган (архив сурати)
Малайзиялик сиёсатчи Анвар Иброҳим узоқ йиллар давомида мухолифат лидерлардан бири бўлиб ҳисобланган (архив сурати)

Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим 17-19 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати Анвар Иброҳим Тошкентга Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келаётганини қайд этган.

“Ташрифнинг биринчи кунида Тошкент шаҳрида олий даражадаги тадбирлар ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган”, дейилган хабарномада.

Саммит кун тартибидан тизимли сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, савдо, инновациялар, энергетика, нефть-кимё, саноат, электротехника ва электроника, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида аниқ кооперация дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш масалалари ўрин олган.

Анвар Иброҳимнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам бориши, шунингдек, қўшма бизнес форумида иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳаж мавсумига кейинги ҳафта якунида старт берилади — ЎМИ

Ўзбекистонда бу йилги ҳаж мавсуми 23 майдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада кейинги ҳафта охиридан 7 июнга қадар Ўзбекистондан Саудия Арабистонига ҳар куни авиақатновлар амалга оширилиши айтилган

Қайд этилишича, Саудия Арабистонининг Мадинаи Мунаввара шаҳрига учадиган Uzbekistan Airways учоқлари Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоий аэропортларидан парвоз қилади.

ЎМИ вакиллари “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши жорий мавсумга тайёргарлик ишларини давом эттираётгани, жумладан зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, гуруҳ раҳбарларини бириктириш, сафар олди машғулотлар ўтказиш, шифокорлар ва ошпазлар гуруҳини жалб этиш ҳамда сафар ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари якунига етказилаётганини қўшимча қилишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG