UNICEF вакиллари Ўзбекистон бўйлаб далаларга юборилгани ҳақида Озодлик радиосига ташкилотнинг Женевадаги минтақавий қарогоҳи вакили Жон Бадд маълум қилди.
- Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мандати доирасида UNICEF бу йил ҳам Ўзбекистондаги пахта мавсумида болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун мониторинг ўтказяпти. Кузатувчи гуруҳларимиз Ўзбекистоннинг турли минтақаларига жўнатилди. Мониторинг натижалари ҳақида ҳамкорларимиз, жумладан Ўзбекистон ҳукуматига лозим вақтда билдирамиз,- деди Жон Бадд.
Бундан аввал, UNICEF ташкилотининг Тошкентдаги вакили Жан-Мишел Делмот мониторинг ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукуматидан таклиф бўлгани, ўзбек расмийлари ташкилот ходимларига мамлакатда болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказишларига кўмак беришни ваъда қилгани ҳақида билдирган эди.
UNICEF ташкилотининг Женевадаги минтақавий қарогоҳи вакили Жон Бадд, шу ўринда, улар Ўзбекистонда ўтказаётган қисқа кузатувлар тўлақонли мониторинг ўрнини боса олмаслигини қўшимча қилди.
- Биз ўтказаётган бир лаҳзалик, қисқа кузатувлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан белгиланган мезонларга кўра амалга ошириладиган ҳер томонлама ва мустақил мониторинг ўрнини боса олмайди. Биз ана шундай мониторинг ўтказилиши тарафдоримиз, - деди Жон Бадд.
Тошкент ҳукумати эса Ўзбекистон пахта терим мавсумида мониторинг ўтказиш учун Халқаро меҳнат ташкилотининг мустақил мониторинг гуруҳини мамлакатга таклиф қилиш чақириқларини рад этиб келаётир.
Шунингдек, мамлакат ичкарисидаги ҳуқуқ фаолларига ҳам бу борада тўсқинлик қилинади.
Ўтган ой қашқадарёлик фаоллар Косон туманида болаларни пахта теримига сафарбарлигига оид мониторинг ўтказишаётган пайтда милиция томонидан ушлаб олиб кетилган эди.
Аввалроқ Wikileaks Интернет сайти орқали ошкор этилган махфий дипломатик ҳужжатларда UNICEF Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнати билан боғлиқ муаммо кўламини пасайтириб кўрсатишга урингани фош этилган эди.
"Афтидан, ташкилот Ўзбекистон ҳукумати билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун шундай қадамга борган", деб ёзган эди бу ҳақда Eurasianet нашри.
Wikileaks очиқлаган ҳужжатларга UNICEF ташкилоти муносабат билдирмади.
Кўплаб халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан фойдаланишда айблаб келади.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳар йили Ўзбекистон ҳукумати бутун мамлакатдаги мактаблардан икки миллионга яқин болаларни пахта далаларига сафарбар қилиб, уларни пахта теришга мажбурлайди.
Жиззаҳлик лицей ўқувчиси Жасурбекнинг айтишича, вилоятда бешинчи синф ўқувчилари ҳам эрталабдан кечгача пахта теримига жалб қилинган.
- Бешинчи синфдан юқориси чиқаяпти. 1 октябргача кичик синфлар тушгача ўқиб, тушдан кейин чиқарилаётган эди. Шу ой бошидан ҳозир мактаб ҳам ёпилган. Ўқувчилар кун бўйи теряпти,- дейди Жасур.
Сўнгги йилларда ўнлаб ғарб ширкатлари Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан воз кечишга кўндириш мақсадида ўзбек пахтасини сотиб олишдан бош тортмоқда.
Wall-Mart, Marks&Spencer, Gap, TESCO, Gymbory сингари кийим-кечак билан савдо қилувчи дунёдаги етакчи ширкатлар Ўзбекистонда етиштирилган пахтани бойкот қилганлар.
Ўзбек расмийлари дала ишларида болалар меҳнатидан фойдаланилишини рад этиб келади.