Бу шовқин “Етенек сизсиниз” танлови томошабинлари шовқини.
Улар “Муҳаммад, Муҳаммад”, деб ҳайқирмоқда.
Нурмуҳаммаднинг рақсини, албатта, рақс санъати намунаси, дейиш қийин.
Лекин лаблари дўрдоқ бу ширин болачанинг ҳайқириқлари билан қулоқларни қоматга келтираётган минглаб томошабин олдида ўзини йўқотмагани, ҳакамлар саволларига бурро-бурро жавоблари завқингизни жўштиради. Беихтиёр чапак чалиб юборасиз.
Нурмуҳаммад рақсга тушиб бўлгач, завқлари тўлиб тошган ҳакамлар унинг ота-онаси билан танишди.
- Исмингиз нима?
- Нигора. Биз асли қирғизистонлик ўзбекмиз, деди 4 яшар раққоснинг онаси Нигорахон.
“Етенек сизсиниз” танлови саҳнасида Нурмуҳаммаднинг отаси Эркинжон ҳам кўринди.
Эркинжонни Истанбулдан, у ишлаётган босмахонадан топдик. У ўғилчасининг танловда қатнашиб қолиши тарихини айтиб бердики, бу ҳикояни Нурмуҳаммаднинг келажакдаги биографларига қолдирамиз.
Бизни Эркинжоннинг ўзи, Туркияга бориб қолиши сабаблари қизиқтирди.
Айтишича, Эркинжон оиласи билан бу мамлакатга 2009 йили келган.
- Урушдан бир йил олдин келган эдик. Ўзим ҳам ўқитувчи, аëлим ҳам ўқитувчи. Ўқитувчи ойлигини биласиз, паст. Бу билан кунимизни ўтказамизу, болаларимизнинг келажаги қийин эди. Kейин давлат томонидан ўша пайтлари ўзбекларни жиндай нима қилгандай, ҳар хил босқилар ...
Озодлик: Мактабда ўқитувчимидингиз?
- Мен университетда ўқитувчи. Экономика факултетида эди.
Озодлик: Келинчи?
- У инглиз тилидан ўқитувчи.
Озодлик: Мактабда.
- Ҳа, мактабда.
Озодлик: Демак, оғир иқтисодий аҳвол қайсидир мамлакатни излашга мажбур қилди.
- Ҳа, шунга мажбур қилиб келишимизга сабабчи бўлди.
Озодлик: Нима учун Туркияни танлагансизлар?
- Ундан олдин биз Россияга бордик. Шароити бизга жуда тўғри келмади. Чунки Россияниянг совуғи, яна бизларнинг Ўерта Осиëдан келган одамларга эътибори қандайдир иккинчи даражалида. Нимага деганда, қора ҳисобида кўришади. Нима бўлса ҳам Туркия ўзимизнинг туркийлар. Айирмовчилик йўқ бу ëқдан келгансан, ўзбексан деган айирмовчилик йўқ, деб тушунтирди Эркинжон Туркияга бориб қолиши сабабларини.
Университетда иқтисодиётдан дарс берган Эркинжон шу кунда босмахонада оддий ишчи. Турмуш ўртоғи уй бекаси. Оиланинг аҳволи, ҳозирча, юмшоқроқ айтганда, ҳавас қиладиган даражада эмас. Шунинг учун сўрадик:
Озодлик: Бу Туркиясига бекор келибман, деган нарса йўқми?
- Йўқ, у нарса йўқ, дейди Эркинжон.
Эркинжон она юрти Ўшни қанчалик соғинмасин, оиласининг келажагини Туркия билан боғламоқда.
- Нима бўлса ҳам ватан ватан эканда. Ватанни соғинамиз. Соғиниб яшаяпмиз. Борей,d деб кетворгинг келади. Шу босқиларни эшитиб яна кетгингиз келмай қолади. Чунки борганлардан эшитаяпмизда. Борганларни чақириб, йўқ жойдан қуруқ туҳмат билан пулларини олиб, қийнашгандан кейин кўпчилик кетгиси ҳам йўқ, дейди Эркинжон.
Ўқитувчи Эркинжон Нодиров ва унинг оиласи Туркияга Ўш қирғинигача бориб қолган ўшликлардан.
Қирғин ва ундан кейин бошланган зачисткалар оқибатида эса, ўн минглаб қирғизистонлик ўзбек ватанни тарк этишга мажбур бўлди. Улардан бир неча юз нафари Туркияга етиб олган.
Туркиянинг биргина Ғазантеп шаҳрида 50 дан зиёд ўшлик оила кун кечирмоқдаки, Озодлик радиоси бу ҳақда бир неча бор ҳикоя қилган эди.
Муҳожиратда яшаётган ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаров яқинда Ғазантеп шаҳрида бўлиб, ўшлик ўзбек қочқинлар ҳаёти тўғрисида телесюжет тайёрлади.
- Ҳозир бу шаҳарда Ўш ва Жалолободдан келган 60дан зиëд оила истиқомат қилади. Уларнинг ҳаммаси БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бўлимига мурожаат қилишган. Бироқ орадан бир йил ўтган бўлса-да, уларнинг бирортаси ҳали расман қочқин мақомини олганича йўқ. Ишсизлик туфайли Ғазантепда оғир иқтисодий шароитда яшаëтган Қирғизистон ўзбеклари бир бурда нонни ҳам ўртада баҳам кўришади, ҳар қандай муаммо юкини маслаҳат билан енгиллаштиришга ҳаракат қилишади, деб ҳикоя қилади Улуғбек Ҳайдаров ўз материалида.
Бош қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси Туркиядаги қирғизистонлик ўзбек қочқинлар ҳолидан мунтазам хабар олиб келаётган ташкилотдир.
Унинг раҳбари Надежда Атаева Озодлик билан суҳбатда “қирғизистонлик ўзбек қочқинлар тақдири нафақат бизнинг ташкилот, балки кўплаб халқаро кузатувчиларда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Чунки уларнинг халқаро ҳимоя сўраб қилган мурожаатлари мана бир йилдан ортдики, қондирилгани йўқ”, деди.
Атаеванинг айтишича, у бошқараётган ташкилот ва бошқа кўплаб туркиялик ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ўшликлар масаласи ижобий ҳал бўлиши учун курашмоқда.
Лекин, дейди Атаева, “улар муаммолари ҳал бўлишини кутиб ўтиравермасликлари, ўзларининг орасидан фаоллардан иборат бир гуруҳ тузиб, мавжуд барча ташкилотларга тинимсиз мурожаат қилишлари керак”.
Ҳа, Туркиядаги қирғизистонлик қочқинлар ҳаётига оид хушхабар ҳозирча йўқ.
Айни пайтда, ўшлик 4 яшар Нурмуҳаммад Туркиянинг “Етенек сизсиниз” танлови доирасида навбатдаги ғалабага тайёргарлик кўрмоқда.
- Иккинчи турга ўтдик. Иккинчи турда халқ овоз бериб, СМС жўнатиб нима қилса, кейин финалга ўтилади.
Озодлик: Финалга ўтсаю ютса нима бўлади?
- Агар финалдан ўтиб қолса, турк лираси бўйича 500 минг турк лираси беради.
Озодлик: Бу 400 минг доллар дегани-а?
- Ҳа, дейди Эркинжон.
Машаллоҳ!