Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:08

Ўзбекистон хабарлари

ЎИҲ суиқасд учун маъсулиятни зиммасига олди

Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги ЎИҲ жанггарилари.
Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги ЎИҲ жанггарилари.
Ал-Қоидага алоқадор бўлган Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) Афғонистон шимолидаги Панжшир вилоятининг Раҳа (Rakha) туманида қайта қуриш лойиҳаларини амалга ошираётган халқаро гуруҳ базасига қарши амалга оширилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

ЎИҲ ўз сайтида маълум қилишича, 15 октябр кунги ҳужум натижасида Афғонистоннинг икки фуқароси ва икки нафар база қўриқчиси нобуд бўлган.

Яхши қуролланган беш жанггари иштирок этган ҳужум худкуш шахс портловчи моддалар жойланган автомобилни база дарвозаси олдида портлатгани билан бошланган.

Интернет нашрига кўра, Афғонистон ва АҚШ ҳарбийлари ҳужумни қайтариб, қолган тўрт жанггарини ҳам йўқ қилган.

Халқаро тинчликпарвар кучлар базага уюштирилган ҳужум муваффақиятсизликка учраганини билдирди.

Бу АҚШ кучлари 2001 йилда Афғонистонга бостириб кирганидан бери Панжшир вилоятида амалга оширилган биринчи ҳужум экани айтилмоқда.

ЎИҲ яқинда интернет орқали эълон қилган баёнотида Панжширдаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, тўрт жанггари ва худкушнинг иккита фотосуратини чоп қилган.

ЎИҲ иддаосига кўра, ҳужумни амалга оширган жанггарилар Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятилик афғонистонликлар бўлган.

Кун янгиликлари

Фарғонада хот-догдан заҳарланган 4 киши касалхонага ётқизилди

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 6 ноябрь куни хот-дог истеъмол қилгани ортидан заҳарланган тўрт киши касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмита ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Cанэпидқўмита вакиллари томонидан ўтказилган суриштирув давомида беморларнинг 2 нафари 2024 йил 5 ноябрь куни тушлик вақтида Ўзбекистон тумани "Яйпанбозорбош" МФЙ, Ибн Сино кўчасида фаолият олиб бораётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида, яна 2 нафар бемор эса мазкур туманнинг "Оқтепа" МФЙ, "Туркистон" кўчасида фаолият олиб бораётган “OQTEPA MINI FOOD” номли фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида хот-дог маҳсулотини истеъмол қилганлари маълум бўлган.

Врачлар кўригидан ўтган бу кишилар “ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши” ташхиси билан туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар бўлимига ётқизилгани, “беморларнинг умумий ҳолати қониқарли” экани айтилган.

Ҳолат ўз мутахассислари томонидан тўлиқ назоратга олингани ҳақида билдирган Санэпидқўмита заҳарланишга сабаб бўлгани айтилаётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчалари айни пайтда фаолият юритиб-юритмаётганига аниқлик киритган эмас.

Қўқонда террористик фаолиятда гумонланган 11 киши қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдори экани айтилган фарғоналик 11 кишига нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ва Қўқон шаҳрида яшаган бу одамлар ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида қўлга олинган.

Улар 2021-2023 йиллар давомида “Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда “шанбалик ошлар” ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яҳё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келишган”и иддао қилинмоқда.

Улар Ўзбекистонда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва “Халифалик” давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишгани айтилмоқда.

Судланувчилардан 2 нафари Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида 3000 АҚШ долларига яқин маблағ юборишганини эътироф этишган.

Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-3 (Терроризмни молиялаштириш), 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) , 244-1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-моддалари (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айблов билдирилган, суд эса уларни айбли деб топган.

Ўзбекистонда пропан ҳам, АИ-80 бензини ҳам қимматлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йил 5 июнидан 5 ноябригача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмга ёки 91,4 фоизга ошди.

1 август куни Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Ўтган давр мобайнида пропан нархи янада қимматлашди, қўмита эса ўрганиш ишларининг натижаси ҳақида маълумот бергани йўқ”, деб ёзди Kun.uz нашри.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов пропан нархи кескин қимматлаганини ишлаб чиқариш етарли даражада ошмагани ҳолда, пропанда ҳаракатланувчи автотранспортлар сони 1,57 баравар кўпайгани билан хаспўшлаганди.

Пропаннинг ошиши манзарасида харидоргир саналган АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилиб боряпти.

5 ноябрь куни ушбу маркадаги бензиннинг 1 тоннаси 9 миллион 998 минг сўмгача кўтарилди. Ўтган йилнинг ушбу даврида у 7 миллион 375 минг сўмдан сотилган. Шу тариқа йил давомида маҳсулотнинг биржа нархи 26,2 фоизга ошган.

Охирги ойларда ҳудудлардан пропан ва АИ-80 бензини тақчиллашгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ўзбекистон Европа Иттифоқининг сунъий йўлдош тармоғига уланади

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларига қадар замонавий рақамли алоқани етказиб бериш учун мамлакатни сунъий йўлдош тармоғига улаш устида ишламоқда. Бу ҳақда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Тошкентда 6 ноябрь куни бўлиб ўтган “Ўзбекистонда Европа иқтисодиёти кунлари” бизнес-форуми қатнашчиларига йўллаган видеомурожаатида гапирган.

Gazeta.uz нашри қайдича, Урсула фон дер Ляйен сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа “мисли кўрилмаган даражада бир-бирига яқинлашгани”ни урғулаган.

Сиз нафақат Осиёда, балки глобал савдо йўналишлари ва инвестиция оқимларида ҳам ўз марказий ўрнингизни қайтармоқчисиз. Европа эса Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихидаги ушбу янги бобда сизнинг ҳамкорингиз бўлишни истайди”, деган Еврокомиссия раҳбари.

Маълумотларга кўра, Европа 2021 йилдан ўзбек маҳсулотлари учун ўз бозорини очгач, тўқимачилик ва металлургия маҳсулотлари экспорти жадал суръатда ўсган.

Урсула фон дер Ляйен ЕИ “Глобал дарвоза” дастури орқали Ўзбекистонни дунё билан янада мустаҳкам боғланиш бўйича қўллаб-қувватлаётгани, хусусан, Европадан Шарқий Осиёга энг қисқа ва хавфсиз йўналиш бўлган Транскаспий йўлагига 10 миллиард еврогача инвестиция киритаётганини айтган. Ушбу йўлак Европа ва Марказий Осиёни 15 кундан камроқ вақт ичида боғлашга имкон беради.

2024 йилнинг апрель ойида муҳим минералларни етказиб бериш занжири тўғрисида битим имзоладик. Баъзи инвесторлар фақат хомашё қазиб олишдан манфаатдор эканини биламиз, лекин биз ундай эмасмиз. Биз энг юқори стандартлар асосида маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари ва қўшилган қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқаришни яратишни қўллаб-қувватламоқчимиз”, деган европалик юқори лавозимли мулозима.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил июль ойида Урсула фон дер Ляйенга Европа комиссияси президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўллаган табрик мактубида Ўзбекистон ЕИ билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори эканини маълум қилганди.

Қарзга ботган туман ҳокимлиги қимматбаҳо машина харид қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга қора рангли Captiva 5T Premler автомобилини харид қилди.

Daryo.uz нашрининг давлат харидлари портали маълумотларини ўрганган ҳолда ёзишича, ҳокимликнинг автомобиль сотиб олишга оид қарори Адлия вазирлигининг “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган. Шунингдек, ҳужжат ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) ёрлиғи билан махфийлаштирилган.

Ўрганишлар жараёнида бир неча юз миллионга автоулов сотиб олган Андижон тумани ҳокимлиги гарданида 68 та ижро ҳужжати бўйича жами 6 миллиард 680 миллион 575 минг сўм қарз мавжудлиги, уларнинг айримлари бир неча йиллардан буён тўланмай келаётгани, ҳокимликнинг айрим мулклари тақиқда экани ҳам ўртага чиққан.

Daryo.uz ҳокимликнинг автомобиль харидига оид қарорни яшириб қўйгани қонунчиликка нечоғли мувофиқ келишини савол остига олган.

Сўнгги вақтларда давлат идоралари амалдорларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларга қимматбаҳо машиналар сотиб олаётгани, вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.

Эрдўғон Ўзбекистонни ўртоқ туркий алифбога ўтишга чақирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Бишкек, 2024 йил 6 ноябри
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Бишкек, 2024 йил 6 ноябри

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитидаги нутқида ўртоқ туркий ёзувнинг аҳамиятини урғулади, дея хабар қилди Қирғизистоннинг 24.kg агентлиги.

“Бизнинг умумий алифбомиз келажакни биргаликда барпо этишимизнинг яна бир белгиси саналади. Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Кипр ўртоқ туркий алифбога ўтишга тайёр. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам янги алифбога ўтиш йўлини тутса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деган Туркия президенти.

Озодлик аввалроқ ТДТ мамлакатлари ҳарфлар ва диакритик белгилар борасидаги кўп йиллик келишмовчиликларни енгиб ўтиб, 34 ҳарфдан иборат ўртоқ лотин алифбосини қабул қилишга келишгани ҳақида хабар қилганди.

Ўртоқ алифбо бўйича мунозаралар 1990-йиллар бошларида, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Туркия Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби туркий давлатлар билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилган пайтда бошланган.

34 ҳарфли ўртоқ ёзувнинг якуний вариантини тайёрлаган олимлар бу алифбо ушбу мамлакатларда қўлланадиган туркий тилларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиришини таъкидлашади. Аммо таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари “Кремль омили” туфайли умумий алифбога ўтишга ҳассос масала сифатида қарашларини айтишади.

ТДТ таркибига Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон киради. Туркманистон, Венгрия ва тан олинмаган Шимолий Кипр давлати мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

“Тахтақорача” довонидаги фавқулодда ҳодиса туфайли уч киши нобуд бўлди

"Тахтақорача" довонида харсангтош босиб қолган Cobalt автомобили, 2024 йил 6 ноябри (Қашқадарё вилояти Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати фотоси)
"Тахтақорача" довонида харсангтош босиб қолган Cobalt автомобили, 2024 йил 6 ноябри (Қашқадарё вилояти Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати фотоси)

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган “Тахтақорача” довонида Cobalt автомобилини харсангтош босиб қолиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса 6 ноябрь куни соат 15:45 ларда Қайнар қишлоғининг М-39 Тошкент–Термиз автомобиль йўлида рўй берган.

Автомобиль Китоб туманидан Самарқанд шаҳри томон ҳаракатланаётган бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда тоғдан думалаб тушган катта тош машинани мажақлаб ташлаганини кўриш мумкин.

Ҳодиса ортидан “Тахтақорача” довонида ҳаракат вақтинча чекланган.

Маҳаллий блогерлар Cobalt машинасида ҳайдовчи билан бирга венгриялик уч нафар сайёҳ бўлгани, уларнинг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида ёзишди.

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони қиш мавсумида автомобиллар ҳаракати учун тез-тез ёпилиб қўйилади.

Болани камбағаллик сабабли Меҳрибонлик уйига бериш амалиёти бекор қилинади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинмоқда. Бу ҳақда 5 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинган.

Президент матбуот хизматига кўра, Болалар уйларида “Оналар маскани” ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади.

Шунингдек, эндиликда камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади.

Ўзбекистон президенти 23 сентябрь куни имзолаган фармон асосида қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ҳам ижтимоий етимликнинг олдини олишга доир вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ, мамлакатда болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.

Маълумот ўрнида: 2021 йилда мамлакатдаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилганди.

“100 мингта лайк учун отасини урмоқчи” бўлган блогер қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи блогер 15 суткага қамалди.

Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлагановга кўра, 2000 йилда туғилган фуқаро У. С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни майда безориликда айбдор деб топилган.

Мамлакатимизда ижод эркинлиги чекланмаган, аммо бу қонунбузарлик эвазига эмас. Унутманг, интернет тармоқлари орқали ҳам, содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят учун жавобгарлик ва жазо муқаррар!” дея огоҳлантирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерларни ИИББ матбуот котиби.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда блогернинг 100 мингта “лайк” учун отасини уриши, 200 мингта “лайк” учун эса отасини қариялар уйига топшириши баён қилинган видеоси тарқалганди.

Озодлик аввалроқ TikTok ва YouTube платформаларида Sardor gangster тахаллуси билан танилган блогер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Жиноят ишига блогернинг “хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлаши”ни айтгани сабаб бўлган.

Импорт машиналар учун яна бир талаб жорий қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда электромобилларни ўз номига олиб кирмоқчи бўлганлар ҳамда расмий дилер бўлмаган хусусий тадбиркорлар учун навбатдаги талаб жорий этилди.

Kun.uz нашрининг UzTest матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, энди мувофиқлик сертификати олиш жараёнида машинани электромагнит мослашувчанлиги бўйича ҳам текширувдан ўтказиш лозим бўлади.

Расмийлар бу чорани “бир транспорт воситаси бошқа автомобилга зиён етказишининг олдини олиш” мақсади билан асослаган.

Мамлакатдаги расмий дилерлар электромагнит мослашувчанлиги бўйича текширувдан ўтиб келган. Бундан кейин расмий дилер бўлмаган автосалонлар учун ҳам бу тартиб қўлланади.

Текширув нархи бензинда юрадиган машиналар учун 9 миллион 88 минг сўмни, электромобиллар учун эса 6 миллион 300 минг сўмни ташкил этади. Бу тариф 7 тагача ўриндиққа эга бўлган енгил машиналарга амал қилади. Транспорт воситаларининг тоифасига қараб нарх яна ўзгаради.

Таҳлилчилар янги жорий қилинган талабни электромобиллар импорти учун навбатдаги сунъий тўсиқ ўлароқ баҳолашмоқда.

Бу талаб мамлакатни электромобиллаштириш ва энергосамарадорликни ошириш йўлидаги ислоҳотларга зид экани ҳам айтиляпти.

Шу билан бирга, ҳукумат электромобиллар импорти учун бож жорий этиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар ҳам пайдо бўлган.

“Пахта қурбони”: Трактор тиркамаси ағдарилиши оқибатида ўқувчи нобуд бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманган вилояти Поп туманида 9-синф ўқувчиси пахта юкланган тиркамадан йиқилиши оқибатида ҳалок бўлди.

Болалар омбудсмани Daryo.uz нашрига ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган.

Аниқланишича, 3 ноябрь куни 2003 йилда туғилган А.А. (эркак) трактор ва унга уланган тиркамани зовур бўйидан ўтувчи ички йўлда бошқариб кетаётганда, тракторга уланган боғловчи тортқич узилиб кетиши оқибатида тиркама зовурга йиқилган. 2009 йилда туғилган Т.П. (ўғил бола) жароҳат натижасида вафот этган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик ёки техник ноқисликлар туфайли авариялар содир бўлади.

Озодлик аввалги йилларда ҳам “Пахта қурбонлари” туркумида инсоний талафотларга олиб келган ҳодисалар ҳақида хабар қилган.

Чирчиқ ҳокими муовини миллион доллар пора билан ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 миллион доллар олган вақтида ушланди, дея маълумот тарқатди ДХХ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳоким муовини кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 миллион доллар инвестиция киритиш шарти билан, ҳокимлик захирасидаги 20 гектар ер майдонини кимошди савдосида ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 миллион доллар талаб қилган.

У бўнак сифатида 1 миллион долларни ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланган.

Хизмат мавқеидан фойдаланиб, жуда кўп миқдорда пора олган ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

ДХХ матбуот хизмати 5 ноябрь куни Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари коррупцияга алоқадор жиноятлар ортидан 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида ҳам маълумот тарқатган.

Биринчи ноябрь куни эса маҳаллий матбуот Андижон вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Ботиржон Ҳамроев қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.

Бюджет маблағини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга доир жиноят иши доирасида терговга жалб этилган мулозимнинг уйидан 3 миллион доллар топилгани айтилган.

Ҳоким муовинлари коррупциявий жиноятларда айблангани ҳақида хабарлар тарқалиши манзарасида ижтимоий тармоқларда “фақат кичик балиқлар эмас, наҳанглар ҳам қўлга олиниши керак” деган фикр илгари сурилмоқда.

Фарғонада Россия армиясига ёлланган шахс 5 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятидаги жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани суди 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-модда 1-қисми (Ёлланиш), 223-модда 2-қисми а-банди, б-банди билан (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) айбланган Алишер Холиқовни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди маълумот тарқатди.

1-1512-2402/213-сонли жиноят иши материалларини ўрганган Озодликнинг мобиль мухбирига кўра, Ўзбекистоннинг 51 ёшли ватандоши Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган. У Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ва дрон орқали ташланган снаряд портлаши оқибатида жароҳат олган.

Иш материалларига мувофиқ, Алишер Холиқов ўтган йилнинг 26 майида “Дўстлик” божхона маскани орқали Қирғизистонга чиқиб, у ердан Ўш–Санкт-Петербург рейсида Россияга учиб кетган ва кейинчалик ҳарбий ҳаракатларга сафарбар қилинган.

Суд ҳукмида айтилишича, Холиқов 2023 йилнинг 24 ноябрида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан бир йил муддатга ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома имзолаган ва Украинадаги жанговар ҳаракатларга сафарбар қилинган.

У Россия армиясидаги 80 нафар шахс билан бирга Россия–Финляндия чегараси яқинидаги “Каминка” ҳарбий қисмидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. У Россия армиясидаги жанговар ҳаракатлари эвазига 500 минг рубль (64,6 миллион сўм) миқдорида рағбатлантириш олгани аниқланган.

Икки ой давомида Холиқов “Каминка” қисмида жанговар тайёргарликдан ўтиб, ўқотар қурол ва ўқ-дорилар билан ишлашни ўрганган. Кейин, 24 январь куни у Белгород вилоятининг Майский қишлоғидаги ҳарбий полигонга ўтказилган ва у ерда ўқишни давом эттирган”, дейилган айблов хулосасида.

Суд ҳукмида баён этилишича, унга Белгородда ҳарбий форма, гувоҳнома, жетон ва Калашников автомати берилган. У ерда уч кун давомида Холиқов бошқалар билан биргаликда ўқ отишни машқ қилган ва турли ҳарбий машқларни бажарган.

Мазкур ҳодисани ёритган Gazeta.uz нашрига кўра, Алишер Холиқов Россия Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан Ўзбекистоннинг биометрик паспортига эга бўлмаган яна 79 нафар шахс билан биргаликда Ўзбекистон қонунчилигини бузиб, ҳарбий хизматчилар кузатувида Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган Луганск халқ республикаси ҳудудидаги жангларда Алишер Холиқов дрондан туширилган снаряд портлаши оқибатида бошининг чап чакка қисмидан, чап қўли, чап елкаси ва ўнг оёғидан жароҳат олган. Яраланган Холиқов март ойида Москвадаги шифохонада ҳушига келган.

Шу йилнинг 4 июлида Санкт-Петербург — Тошкент рейсида Ўзбекистонга қайтиб келган Алишер Холиқов судда ўз айбига тўлиқ иқрор эканини билдирган.

Холиқов Россия томонида туриб Украинада жанг қилган ўзбекистонликларнинг биринчиси эмас. Озодлик сентябрь ойида Тошкентда суд “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатида хизмат қилган 48 ёшли ўзбекистонлик Б. З. нинг 4 йилга озодлигини чеклаш ҳақида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар қилган.

Шунингдек, июль ойи ўрталарида Қорақалпоғистоннинг Амударё туман суди Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган, бироқ жанговар тайёргарликни тамомлагач, ҳарбий лагердан қочиб, Ўзбекистонга қайтган фуқаронинг озодлигини 3 йилга чеклаш тўғрисида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар қилинганди.

Ундан аввал эса “Вагнер” ХҲШ сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошевга нисбатан Оҳангарон туман суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани очиқланган эди.

Ўзбекистон Хитойнинг АЭС бўйича тажрибасини ўрганмоқчи

Хитойдаги АЭСлардан бири (архив сурати)
Хитойдаги АЭСлардан бири (архив сурати)

Ўзбекистон Хитой билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилади.

Gazeta.uz нашри хабарига кўра, 4 ноябрь куни Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев Шанхайдаги ЭКСПО кўргазмаси доирасида China National Nuclear Corporation Overseas ширкати бош директори Веи Фуки билан учрашган.

Музокара якунида Хитойнинг АЭС қуриш тажрибасини ўзлаштириш, Ўзбекистонда Хитойнинг кичик модулли реакторларини (КМР) қўллашни ўрганиш ва потенциал лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.

Пекин ва Тошкент, шунингдек, уран рудасини қазиб олиш, қайта ишлаш, шунингдек, ишлаб чиқаришни кенгайтириш соҳасидаги ҳамкорлик ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда кейинчалик АЭСларда ёқилғидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилган.

“Ўзатом”га кўра, Хитой томони ядро технологияларининг барча йўналишларида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон жорий йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилоятида (Тузкон кўли) барпо этилади.

Расмий Тошкент Россия ширкати бош пудратчилигидаги КҚАЭС қурилишида хорижий компанияларни ҳам жалб этиш режасини маълум қилган.

“Ўзатом” делегацияси раҳбарияти жорий йил август ойида лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган, яъни турбина ускуналари, генераторлар ва қуруқ градирнялар (АЭС ускуналарини совитувчи қурилма) етказиб беришни режалаштирган Хитой компаниялари вакиллари билан учрашганди.

Тошкент Вашингтон билан ЖСТга аъзолик музокарасини якунлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов LinkedIn платформасидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

14 ойлик фаол музокаралар ўз мантиқий манзилига етди! Бу осон бўлмаган йўл, мураккаб, аммо мазмунли музокаралар, умр бўйи эсда қоладиган тажриба бўлди” , деб ёзди у.

Томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўраётгани айтилмоқда.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон бир қатор давлатлар билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади. Қўшма Штатлар бу борада 21-давлат бўлди.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошлаган. Расмий Тошкент аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини билдирган. Жумладан, жорий йил 5 июнь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда мазкур халқаро тузилмага аъзо бўлиш истагини урғулаган.

2023 йил август ойида мамлакат қонунчилигини ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган фармон қабул қилинган.

Ўзбекистон ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлатдир. Бу йил музокаралар бошланганига 30 йил тўлди.

ЖСТ аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот бўлиб ҳисобланади.

Ушбу тузилмага аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG