Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Ҳиллари Клинтон Тошкентга халқаро ташкилотларни қайтармоқчи


Ҳиллари Клинтон Душанбеда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди.
Ҳиллари Клинтон Душанбеда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тошкентда халқаро ташкилотлар ваколатхоналарини Ўзбекистонга киртиш масаласини муҳокама қилмоқчи.

Клинтон журналистлар билан учрашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 23 октябр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашувида 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг мамлакатдан қувилган хорижий ахборот воситалари, жумладан, Озодлик ва Би-би-си радиоси ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор ташкилотларнинг Тошкентда фаолият юритиши масаласини кўтармоқчи. АҚШ расмийси бу ҳақда 22 октябр куни Душанбеда фуқаровий жамият вакиллари билан учрашуви чоғида маълум қилди.

- Аммо Ўзбекистонда бу масалада яқин келажакда бирор ўзгариш бўлишига ваъда бера олмайман. Лекин ҳар ҳолда мен бу масаласини кўтараман. Мен аввал ҳам Ўзбекистон билан музокараларда бу масалага эътибор қаратганман, - деди АҚШ расмийси Клинтон хоним, мухбирингизнинг бу борадаги саволига жавоб берар экан.

Икки кунлик сафар билан Тожикистонга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, шунингдек, ўз давлати Андижонда бўлиб ўтган воқеаларни қоралаганини эслатиб: “Биз ҳар қандай зўравонликларга қаршимиз”, дея қўшимча қилди.

Бугун куннинг биринчи қисмида Душанбе шаҳрида фуқаровий жамият вакиллари билан учрашган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтондан Роғун лойиҳаси атрофида Ўзбекистон билан можараларга муносабати ҳақида ҳам сўралди.

АҚШ Давлат котиби Клинтон хоним Тожикистон бу йирик лойиҳани амалга оширишда, албатта, Жаҳон банки экспертлари хулосасини кутиши лозимлигини тавсия қилди.

- Роғун СССРнинг 70 - йиллардаги йирик лойиҳаси эканидан хабарим бор. Лекин 70 - йилларда оммавий бўлган лойиҳалар бугун унчалик оммавий бўлмаслиги мумкинлигини унутмайлик. Сизларнинг (тожикистонликлар назарда тутилмоқда,таҳр,.) қишда электрсиз қийналаётганингизни ҳис қиламан. Лекин ҳар ҳолда бундай йирик лойиҳани амалга ошириш учун, менимча, албатта Жаҳон банки экспертлари хулосасини кутиш лозимдир, - деди АҚШ мулозими Клинтон хоним.

Афғонистон ва Покистон сафарларидан сўнг Тожикистонга келган Клинтон хоним Тожикистон АҚШнинг яхши дўст бўлишини исташини таъкидлади.

Клинтон хоним АҚШ 1992 йилдан шу кунгача Тожикистонда 1 миллиард доллар миқдоридаги турли дастурларни амалга оширганини билдирди. У Америка Тожикистонга ёрдам беришда давом этишини айтди.

АҚШ мулозими Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига ҳам тўхталар экан, ўз давлати тинчлик тарафдори бўлган жангариларни ҳам бу жараёнга жалб этажагини маълум қилди.

АҚШнинг Душанбедаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Тожикистондан сўнг Ўзбекистонга сафар қилади.

Айтилишича, у Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва республика Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан музокара қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, элчихона маълумотларига кўра, Ҳиллари Клинтон Тошкентдаги General Motors ширкатида бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG