Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:14

Тўражонзоданинг заводига ўт кетди


Акбар Тўражонзоданинг ўзи ёнғин атайлаб уюштирилганини тахмин қилмоқда.
Акбар Тўражонзоданинг ўзи ёнғин атайлаб уюштирилганини тахмин қилмоқда.

Тожикистон бош вазири собиқ муовини Акбар Тўражонзодага қарашли пахта тайёрлаш заводида ёнғин чиқди. Ўт ўчирувчилар пахта тойларига қасддан ўт қўйилганини хулоса қилди. Собиқ муфтий Акбар Тўражонзоданинг ўзи бунинг ортида сиёсий рақибларининг қўли борлигини тахмин қилмоқда.


Бирлашган Тожик мухолифатининг собиқ етакчиси Акбар Тўражонзодага қарашли, Ваҳдат туманида жойлашган пахта заводида 24 октябр куни чиққан ёнғин оқибатида 220 тонна пахта куйиб кул бўлган.

Эрта тонгда пахта заводига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғин қасддан уюштирилган деган версияни илгари сурди.

- Заводга қасддан ўт қўйиб кетилган. Пахта кипларга ёпишиб қолган баклажкалар ёнғин қасддан уюштирилганини исботловчи ашёвий далилдир, деди Озодликка Ваҳдат туман ўт ўчирувчилар гуруҳи бошлиғи Нуриддин Султонов.

Унинг айтишича, ёнғинни ўчириш учун уч соат вақт кетган.

Акбар Тўражонзоданинг ўзи Озодлик билан суҳбатда шу кунда жаҳон бозорида бир тонна пахтанинг 1700 АҚШ доллари эканини қайд этиб, 200 минг АҚШ доллари атрофида иқтисодий зарар кўрганини таъкидлади. У ҳам ёнғин қасддан уюштирилган, деб ҳисоблайди.

- Аммо мен кимдан гумонсирашимни билмайман. Зеро менинг иқтисодий масалада бирорта ҳам рақибим йўқ. Аммо бордию сиёсий рақибларимиз шу йўл билан мендан қасд олаётган бўлсалар, бу жуда афсусланарли ҳолдир. Ҳар ҳолда, мен бу жиноятда қўли бор кишиларни ягона Оллоҳга топширдим,- дейди собиқ бош вазир ўринбосари.

Тўражонзоданинг сиёсий саҳнани тарк этганига беш йил бўлганига қарамасдан, кейинги беш ой ичида ҳукумат газеталарида унга нисбатан саккизта танқидий мақола эълон қилинди.

Мақолаларда асосан Тўражонзоданинг диний фаолияти ва иқтидордаги ҳукумат сиёсатига муносабати танқид қилинган.

- Агар уйимга ўт қўйсалар ҳам, ўзимни қамоққа ташласалар ҳам, мен дин ва шариатни ҳимоя қилишда давом этаман. Рақибларим бу билан мени қўрқита олмайдилар,- дейди Тўражонзода.

Аснода Ваҳдат туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ёнғин ҳолати юзасидан жиноий иши очиладими, йўқми аниқ бир гап айтганларича йўқ.

Туман ҳукумати расмийлари Тўражонзода иддаоларига муносабат билдиришдан тийилишди.

Душанбе шаҳридан 30 километр шарқроқда жойлашган Ваҳдат туманидаги пахта тайёрлаш заводи собиқ иттифоқ даврида давлат мулки саналарди. Ўша йиллар бу завод йилига 16 минг тонна пахтани қайта ишларди.

2000 йил кимошди савдосига қўйилган заводни бирлашган мухолифат собиқ етакчиси Акбар Тўражонзода хусусийлаштирди.

Тўражонзодага тегишли завод пахтани республиканинг бошқа пахта пунктларидагидан кўра қимматроқ сотиб олаётгани боис тожикистонлик пахта етиштирувчи оилалар ўз маҳсулотини бу ерга олиб келаётган эди.

Бироқ бундан икки ҳафта аввал Хатлон вилоят ҳукумати фуқароларга пахтасини Ваҳдат туманидаги пахта пунктига сотишни тақиқлаб қўйди.

Тожикистонда таниқли сиёсий ва диний арбоб Акбар Тўражонзода
Миллий ярашув тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бир неча йил Тожикистон Бош вазири муовини лавозимида ишлаган.

2005 йил парламент юқори палатасига саккиз вакилни тайинлаш ҳуқуқига эга президент Имомали Раҳмон уни Миллий мажлис сенатори этиб тайинлаган эди.

2010 йилда сенаторлик ваколати тугагач, ўз хоҳиши билан сиёсий саҳнани тарк этган Тўражонзода сўнгги йилларда Ваҳдат туманидаги пахта тайёрлаш заводида фаолият билан машғул бўлган.

Айтилишча, айни пайтда бу завод йилига 30 минг тонна пахтани қайта ишлайди.
XS
SM
MD
LG