Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

Туркман президенти “туркманча тўй” тарҳини чизиб берди


Янги туркманлар тўйлари ўз ҳашамати билан эскиларини йўлда қолдиради.
Янги туркманлар тўйлари ўз ҳашамати билан эскиларини йўлда қолдиради.

Вазирлар кабинетининг навбатдаги йиғинида мамлакат ҳаëтининг устивор вазифалари қатори¸ тўйларни қандай ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Давлатга қарашли “Туркменистан сегодня” ахборот агентлигининг хабар қилишича¸ давлат ҳаëтининг муҳим масалаларига бағишланган сўнгги ҳукумат мажлиси Мари вилоятида ўтказилган ва “Руҳият” қасрида бўлиб ўтган машваратда туркман расмийлари президент олдида ўз ишлари ҳақида ҳисоб берганлар.

Хусусан¸ Туркманистон Вазирлар кабинети раиси ўринбосари Майса Язмуҳамедова хоним 28 октябр куни бутун мамлакат бўйлаб “Бахт кўшки” деб номланган тўй тантаналари марказларининг очилиши ҳақида ҳисоб берган.

Замонавий жамиятда оилавий қадриятлар аҳамиятини сақлаб қолиш¸ ўсиб келаëтган авлодни ўз халқи урф-одат ва анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашнинг нақадар муҳимлигини урғулаган давлат раҳбари¸ “Туркменистан сегодня” агентлигига кўра¸ мамлакат ҳукумати раҳбари ўринбосарига “Бахт кўшки” деб номланадиган янги тўй марказларида ўтказиладиган никоҳ маросимларининг аниқ-тиниқ дастурини ишлаб чиқиш вазифасини топширган.

“Бу саройларда никоҳдан ўтувчи ëшлар¸ тўй куни унинг ëн-атрофига дарахт ниҳоли экиб¸ уни кейин ҳам ўзлари парвариш қилсалар¸ мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари¸ айни шу саройларда бахт кунини қутлаган янги оилалар биргаликдаги турмушнинг қайсидир санасини нишонлаганда¸ ëки бошқа муҳим оилавий байрамларни тўйлаганда ўзлари барпо қилган боғларга келиб¸ яна янги дарахтлар ўтқазсалар яхши бўларди” деган янги ҳукумат дастурига оид маслаҳат берган янги туркманбоши.

Қурбонқули Бердимуҳамедов орзусича¸ бутун Туркманистон бўйлаб 28 октябр куни ўз эшикларини очадиган “Бахт кўшклари” вақт ўтиши билан қумлоқда жойлашган бу мамлакатда янги-янги яшил водийлар туғилишига хизмат қилади¸ бир кун келиб бу саройларда биринчилардан бўлиб никоҳдан ўтганларнинг болалари ўз ота-оналари ўтқизган дарахтлар соясида дам оладилар.

“Бунинг оқибатида¸ оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган гўзал анъана пайдо бўлади”¸ деди жумладан кейинги пайтларда ўзини ҳам шоир¸ ҳам қўшиқчи сифатида тақдим этишга ўтаëтган туркманларнинг романтик президенти.

Шунингдек¸ Қурбонқули Бердимуҳамедов никоҳ куни келин-куëвнинг халқ қаҳрамонлари хотирасига бағишланган ҳайкал ва хотира ëдгорликлари пойига гулчамбар қўйиши ҳам миллий анъанага айланмоғи лозимлигини урғулади.

Туркман президентига кўра¸ Конституция монументи¸ Мустақиллик ҳайкали¸ Ашхобод зилзиласи қурбонлари ва Улуғ ватан уруши қурбонлари хотирасига ўрнатилган ëдгорликлар ана шундай тўй куни тавоф қилинадиган обидалар бўлмоғи лозим.

Айрим манбаларга кўра¸ тўрталаси ҳам пойтахт Ашхободда жойлашган бу обидаларни зиëрат қилиш¸ тез кунларда ҳукумат расмий дастурига мувофиқ¸ ашхободлик келин-куëвлар учун¸ мажбурий тус касб этиши мумкин.

Туркманистонда “Бахт кўшклари” мамлакат ўз мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлайдиган 27 октябрнинг эртасига белгиланган.
XS
SM
MD
LG