Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:16

"Қирғизистон ҳокимиятида миллатчилар кўп"


Равшан Жээнбеков ислоҳотчи "Ата мекен" партиясидан парламент депутатлигига сайланган.
Равшан Жээнбеков ислоҳотчи "Ата мекен" партиясидан парламент депутатлигига сайланган.

“Авторитар режимга хизмат қилиб келган қирғиз милицияси халқ манфаати, жумладан, этник ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қила олишига ишонмайман”.

Қирғиз парламентининг депутати, "Ата мекен" сиёсий партияси раиси ўринбосари Равшанбек Жээнбеков Озодлик мухбири билан суҳбати чоғида шу гапни айтди.

Равшанбек Жээнбеков Ўшда этник ўзбеклар ҳуқуқлари милиция томонидан аёвсиз топталганини танқид қилиб, бундай кўринишга барҳам бериш талаби билан чиққан биринчи қирғиз депутатидир.

У билан Қирғизистонда авж олгани айтилаётган миллатчилик муаммоси ҳақида суҳбатлашдик.

- Равшанбек, сиз қирғиз депутатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўшда милиция томонидан этник ўзбекларга кўрсатилаётган зўравонликлар, ноқонуний ҳаракатлар масаласини кўтариб чиққан эдингиз. Бугунги кунда сизнинг ҳаракатларингиз самара берганига, Ўшда этник ўзбеклар ҳуқуқлари масаласи яхшиланганига бир оз бўлса ҳам ишончингиз борми?

- Биз мамлакатда бир кунда ўзгаришлар бўлади, деган тушунчадан олис бўлишимиз керак. Мен ўзим жанублик бўлмаганим учун у ердаги муаммони билмайман. Аммо халқаро ташкилотлар ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари вакиллари билан учрашиб, ўзбекларга бўлаётган ноқонуний ҳаракатлар масаласини ўрганиб, бу муаммони парламентда кўтарган эдим. Бугунги кунда ҳам аваторитар режимга хизмат қилган милиция инсон манфаатлари учун хизмат қилаяпти, деб ҳисобламайман. Аммо сиёсатчи қаторида мамлакат жанубида этник ўзбекларга нисбатан қилинаётган ноқонуний ҳаракатлар мени шу кунгача безовта қилиб келмоқда.

- Ўш воқеасидан сўнг янги парламентга кўпроқ миллатчилик ғоясини тарғиб қилаётган партия вакиллари сайланиб қолди. Қирғизистонда миллатлараро муносабатларнинг ёмонлашувига қандай омиллар таъсир қилмоқда деб ўйлайсиз?

- Қирғизистондаги миллатлараро муносабатлардаги салбий кўринишлар ва бошқа муаммолар давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ожизлиги белгисидир. Қирғиз ва ўзбеклар орасида бўлиб ўтган низонинг томирлари ҳам айнан иқтисодий-ижтимоий муаммоларга бориб тақалади.

Иккинчидан, бугунги кунда қирғиз тили масаласи кўндаланг қўйилмоқда. Албатта, Қирғизистонда давлат тили рус тили эмас, қирғиз тили бўлиши табиий ҳолат. Барча миллатлар бу тилни ўзлаштирсалар яхши бўлади. Аммо мен қирғиз тилининг бошқа миллат вакилларига мажбурлаб ўргатилишига қаршиман. Энг аввало Қирғизистонни бошқараётган давлат амалдорларининг ўзлари қирғизча сўзлашни ўрганишлари керак. Бугунги кунда Қирғизистондаги давлат амалдорларининг кўпчилиги қирғизча гапиришни билмаган ҳолда, бизнинг бошқа миллат вакилларига “Қирғизча гапир”, деб шарт қўйишга ҳаққимиз йўқ. Айни пайтда биз бошқа миллатлар қирғиз тилига қизиқишлари, уни ихтиёрий тарзда ўрганишлари учун энг яхши шароитларни яратиб беришимиз керак.

-Айни пайтда Ўш шаҳар мэри ўзбек мактабаларини қирғизчалаштириш ғоясини олға сурмоқда. Бу борада Ўшда хато махсус ишчи гуруҳи ҳам ташкил этилди. Ўш мэрининг бу ғояси қирғиз давлатчилиги учун нақадар манфаатли бўла олади?

- Куч билан бирон нарсага мажбурлаш яхши натижаларга олиб келмайди. Бу, аксинча, мажбурланаётган томоннинг нафратига сазовор бўлади. Яна қайтараман, биз мажбурлаш ўрнига тил ўрганиш учун энг яхши шароитларни яратиб беришимиз керак. Биз бундай қарорларни қабул қилаётганимизда куч билан эмас, ақл билан ишлашимиз керак.

-Қирғизистон парламентига, ҳукуматнинг айрим бутоқларига миллатчилик ғоясини олға сурган сиёсатчиларнинг келиб қолганини қандай изоҳлайсиз?

- Афсуски, Қирғизистон трайбалистик ва регоналистик давлат қаторида таниялапти. Биздаги сиёсий маданият яхши ривожлана олмади. Оқибатда ҳокимият тепасига миллатчилар ва регионалистик руҳдаги сиёсатчилар ўрнашиб олиб, улар ўз манфаатлари йўлидаги қарор ва қонунларни қабул қилишмоқда. Бу Қирғизистондаги шафқатсиз реаллик. Айни пайтда ҳокимиятда Қирғизистонни миллатчилик давлати сифатида эмас, мафкуравий давлат сифатида ривожлантириш истагида бўлган кучлар ҳам бор. Яъни Қирғизистон фуқаролари демократик мафкура йўлини танласа демократлар, сўл мафкура танланса сўлчилар ҳокимиятга келиши лозим.

Иккинчидан, жамиятда миллатчилик руҳини камайтириш учун парламентда паспортга миллат ва прописка ёзилмаслиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқаяпмиз. Қонун лойиҳасига кўра, истаган фуқаро паспортга миллатини ёздириши мумкин, лекин буни истамаса “миллати” деган жойга “Қирғизистон фуқароси”, деб ёзилади. Агар кўпчилик депутатлар қонун моҳиятини тушуниб етсалар, бу қонунни қабул қилиш учун овоз берадилар, деб ўйлайман.

- Қирғизистондаги вазият 30 октябрда ўтадиган президентлик сайловидан сўнг қандай ривожланиши юзасидан таҳминларингиз борми?

- Бу борада турли нуқтаи назарлар бор. Президентликка номзодлар орасида “президетлик ҳокимиятини тиклаймиз”, деган сиёсатчилар ҳам бор. Мен ўйлайманки, улар янглишадилар. Давлатда ҳокимиятни президент деб аталимиш бир шахс эмас, балки сиёсий система ва демократик институтлар бошқариши керак. Шунинг учун “Қирғизистонда президентлик ҳокимиятини тиклайман”, деган одам жуда қаттиқ янглишади, чунки уларга қарши биз-демократик кучлар қаттиқ қаршилик кўрсатамиз. Қирғизистоннинг келажаги парламент бошқарувидадир.
XS
SM
MD
LG