Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Ўзбекистонда 2012 йилда бир миллионга яқин янги иш ўрни яратилади


Ўзбекистонда яратилгани айтилаётган иш ўринлари сони мамлакат ташқарисида мардикорлик қилаётган миллионлаб ўзбекистонликлардан кўпроқ бўлса ажабмас.
Ўзбекистонда яратилгани айтилаётган иш ўринлари сони мамлакат ташқарисида мардикорлик қилаётган миллионлаб ўзбекистонликлардан кўпроқ бўлса ажабмас.

Ўзбекистон ҳукумати маъқуллаган ва тасдиқлаш учун парламентга киритган дастур лойиҳасида келгуси йилда кичик бизнес ва тадбиркорликни, саноатни, бозор инфраструктурасини ривожлантириш ҳамда тўхтаб қолган корхоналарни қайта ишга тушириш ҳисобидан янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.


Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси тасдиқлаган “2012 йилда иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури лойиҳаси”да келгуси йилда Ўзбекистонда 967,5 мингта янги иш ўринлари яратиш назарда тутилади.

Расмий ҳисоботга кўра, шу йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида Ўзбекистонда 815,5 минг янги иш ўринлари яратилди. Йил охиригача эса бу рақамни 950 мингга етказиш кўзда тутилган.

Иш ўринларининг ярмидан кўпи қишлоқ ҳудудларида яратилаётгани алоҳида қайд этилади.

Ҳисоб-китобни оддий арифметика даражасида билган ҳар қандай одам, агар ҳукумат ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўринлари яратиб келаётган экан, демак Ўзбекистонда келгуси бир-икки йилда ишсизлар сони умуман қолмас экан, мамлакатдан ташқарида юрган миллионлаб меҳнат муҳожирлари ўз ватанида ишлик бўлар экан, деган хулосага келиши табиий.

Бироқ ҳукумат бераётган рақамларнинг ҳақиқий ҳаётдан анча узоқ эканлиги шу соҳада ишлаётган мутахассислар ҳам айтиб келишади.

Суҳбатдошимиз, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш туман бўлимларидан бирида оддий инспектор вазифасида ишлайди. У хавфсизлик нуқтаи назаридан иш жойини ҳам, исмини ҳам ошкор этмаслигимизни илтимос қилди.

Суҳбатдошга кўра, аслида ҳар йили фалонча миқдорда янги иш ўринлари яратилди, деган ҳисоботларнинг асосий қисми "приписка", яъни қўшиб ёзишлар ҳисобидан бўлади:

– Бу юқоридан берилган топшириқ. Мана бу кварталга шунча иш ўрни “яратиб” берасан, деб. Ҳар бир туманда аҳолининг бандлиги билан шуғулландиган марказлар ва уларнинг инспекторлари бор. Уларга топшириқ берилади, масалан шу ойда касаначилик бўйича 240 одам “ишли” бўлиши керак ёки қурилишда 100 одам ишли бўлиши керак”, дейилади. Кейин инспекторлар ўша рақамли тўғирлаб, ҳисобот беради,- дейди инспектор.

Мутахассис бу ҳисоботлар қандай тайёрланиши механизмини ҳам тушунтириб берди:

– Масалан, 30 та янги иш ўринлари топилган бўлса, шунга яна 20 та қўшиб ёзилади. Бу 20 та одам йўқ эмас, бор одамлар. Фақат уларнинг паспортлари копиялари олинади, ҳужжатлар тўлдирилади ва ҳисоботга шу одам ишли бўлди деб, ҳисоботга тиркалади.

Бу инспекторларнинг “ижоди”. Айтайлик ҳозир Россиядан жуда кўп меҳнат муҳожирлари қайтиб келмоқда. Улар маҳалла қўмитасига чақиртирилиб, паспорт копиялари олинади ва гўёки улар иш билан таъминлангандай бўлади. Аслида бу ишларининг шунчаки кўзбўямачилик учун қилинаётганини маҳаллий ҳокимлар ҳам, аҳолини бандлиги шуғулланувчи идоралар ҳам жуда яхши билади,- дейди бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш туман бўлимларидан бирида ишлаётган инспектор.

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган бўш иш ўринлари ярмаркаларини шахсан кузатиб келаётган Шавкат Бадалов ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўринлари яратилаётгани ҳақидаги ҳукумат ҳисоботини “сафсата” деб атайди:

– Менимча бу сафсатадан бошқа нарса эмас. Бу кўзбўямачиликнинг энг оригинал кўриниши. Давлат таклиф этаётган ишларда яхши ишлар йўқ. Агар яхши иш бўлса, ўша ташкилот раҳбарларининг қариндошлари ва танишларидан ортмайди. Миллионга яқин иш жойи яратиш, бу афсонанинг ўзику. Ярмаркаларда иш ўринлари бор, эълонлар бор. Лекин унга кириб ишлайдиган одамга бериладиган маош унинг йўлкираси билан обед пулидан ортмайди,- дейди тошкентлик Шавкат Бадалов.
XS
SM
MD
LG