Халқаро хабарлар
Қирғизистонда президентлик сайлови ўтмоқда
Сайловда 16 номзод беллашмоқда. Асосий кураш бош вазир Алмаз Атамбаев, Ата Журт етакчиси Қамчибек Ташиев ва парламентнинг собиқ раиси Адахан Мадумаровлар ўртасида кечиши айтилган.
Муваққат Президент Роза Ўтинбоева қайта сайланиш учун номзодини қўймаган.
МСК маълумотларига кўра, соат 12 гача сайловчиларнинг 584 899 нафари ёки 19,29 фоизи овоз бериб бўлган.
Ҳозирча Қирғизистон бўйича Чуй вилоятидан бўлган сайловчилар фаоллик кўрсатмоқда, Ўш шаҳри сайловчилари эса энг пассив иштирокчилар бўлиб қолаяпти.
Кун янгиликлари
Киевда қрим татарлари қатлиоми қурбонлари ёдгорлиги очилди
Украина пойтахти Киевда Қрим платформасининг дунёдаги қатор мамлакатлар юқори лавозимли вакиллари билан халқаро учрашуви бўлиб ўтди. Россия томонидан аннексия қилинган Қримни Украина назоратига қайтариш муаммосига бағишланган бу каби конференциянинг биринчиси 2019 йилда ўтказилган.
Украина президенти Владимир Зеленский ўз чиқишида Қрим учун курашишда давом этаётганини, бу ишни фақат ҳудудий яхлитликни тиклаш учунгина эмас, балки аннексия туфайли яриморолни тарк этишга мажбур бўлган қримликларга нисбатан адолат тикланиши учун ҳам қилаётганини таъкидлади.
Киевдаги Тинчлик хиёбонида 11 сентябрь куни Қрим татар халқи қатлиоми қурбонлари хотирасига ёдгорлик обидаси очилди. Зеленскийга кўра, ёдгорлик бу халқ ҳаётидаги учта фожиали воқеа — 1783 йилда Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши, 1944 йили СССРда қрим татарларининг бадарға қилиниши ва 2014 йилдаги аннексияни ёдга солади.
Украина Олий радаси 2015 йили 1944 йилдаги депортацияни қрим татар халқи геноциди ўлароқ тан олган, дунёдаги бошқа яна бир неча мамлакат ҳам бу воқеага шундай баҳо берган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон форум иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат қилган. Унга кўра, Анқара Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини дастаклайди.
“Эрдўғон Туркия “чин юракдан урушнинг адолатли ва барқарор тинчлик билан тугашини тилаши”ни, Қримнинг Украинага қайтарилиши эса халқаро ҳуқуқ талаби эканини урғулади”, деб ёзган Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги.
Россия Марказий Осиё ягона энерготизимига қўшилади
Ўзбекистон ва Россия Энергетика вазирликлари Россиянинг “Тизим оператори”ни Марказий Осиё ягона энерготизимига қўшиш ҳақида келишиб олишди. Бу ҳақда журналистларга Россия энергетика вазири Сергей Цивилёв маълум қилди, деб ёзган ТАСС ахборот агентлиги.
“Тизим оператори” Россиянинг Ягона энергетика тизими ҳудудларида марказлашган тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга оширишга ихтисослашган ташкилот бўлиб ҳисобланади.
“Бугун икки вазирликнинг муаммони тез ҳал қилиш илтимоси акс этган қўшма баёноти қабул қилинди. Марказий Осиёнинг алоҳида энерготизими мавжуд бўлиб, у ерга биз ҳозирча кирмаганмиз. Бироқ Марказий Осиё ягона энергетика тизимини биргаликда бошқариш учун [“Тизим оператори”] унга кириши керак, биз у билан боғланганмиз. Ўзбекистон томони буни тўлалигича қўллаб-қувватламоқда. Биз яқин орада бу ишни амалга оширамиз”, деган вазир Цивилёв 10 сентябрь куни РФ бош вазирининг Ўзбекистонга сафари доирасидаги музокаралар якунлари ҳақида сўзлар экан.
Сергей Цивилёв бу ташаббус фақат электр энергиясининг тижорий экспорти билангина боғлиқ бўлиб қолмай, мамлакатлар ўртасидаги оқимларни бошқариш билан ҳам боғлиқ эканини, улар электр энергияси танқислиги, табиий офатлар юзага келган ва юкламалар ошиб кетган пайтларда энерготизимни ошиғич мувозанатга келтириш имконини беришини қўшимча қилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиянинг Марказий Осиё ягона энерготизимига қўшилишини “мабодо кимдадир кутилмаганда нимадир содир бўлса, мамлакатлар эҳтиёжини оқимлар билан тезликда дастаклаш, вазиятни ўнглаш” зарурати билан изоҳлаган.
“Бу бизнинг тизим хавфсизлигини тўғри таъминлашимиз учун муҳим”, деган вазир Мирзамаҳмудов.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабарномасида мазкур келишув ҳақида бирор маълумот берилган эмас. Унда “икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш, ёқилғи-энергетика комплексига инвестицияларни жалб қилиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш” масалалари муҳокама қилингани айтилган, холос. Шунингдек, хабарномада икки мамлакат ўртасида “энергетика алоқаларини изчил мустаҳкамлаш борасида” таклифлар билдирилгани қўшимча қилинган.
Аввалроқ РФда электр энергияси экспорт-импорти билан шуғулланувчи ягона оператор бўлмиш “Интер РАО” вакиллари Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш эҳтимоли кўриб чиқилаётганини, бу мамлакатга электр энергияси етказиб бериш кузда бошланиши мумкинлигини билдиришган эди.
Ҳозирги пайтда Марказий Осиё энергетика тизимига Ўзбекистон, Қирғизистон, Жанубий Қозоғистон ва Туркманистон киради. Май ойида мазкур тизимга Тожикистон ҳам қўшилиши маълум бўлган.
Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энерготизми ўтган асрнинг 70-йилларида ташкил этилган. У Тошкентдаги мувофиқлашувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, электр энергиясига талаб ва суғориш даврида сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатга келтириш имконини беради.
Олмаотадаги фаоллар “АЭС керак эмас” платформасини тузишди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида экофаоллар гуруҳи “АЭС керак эмас” платформасини тузишганини эълон қилишди. Улар платформа орқали жамоатчиликка атом электр станцияси қурилишига қарши чиқаётган қозоғистонликларнинг далилларини етказишни ҳамда мазкур қурилиш хавфи ҳақида фуқароларни хабардор қилишни ният қилишган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
Ўнинчи сентябрь куни Олмаотада ўтказилган матбуот анжуманида фаоллар, олимлар ва экологлар Қозоғистон АЭС қурилиши учун технология етказиб бериши мумкин бўлган хорижий давлатга бевосита қарам бўлиб қолиши мумкинлигини билдиришган.
АЭС қурилишига қарши платформани биолог ва “Голдман” халқаро экология мукофоти лауреати Қайша Атаханова, энергетика бўйича эксперт Асет Науризбаев, экологик ҳуқуқ ва иқлим бўйича эксперт Вадим Ни, сиёсатшунос Асель Изтаева ва эколог Гулсум Какимжановалар тузишмоқда.
Вадим Ни АЭС қурилиши ғояси ортида фақатгина сиёсат кўраётганини билдирган. У референдумга “Аҳоли АЭС қурилишини дастаклайдими ёки йўқ?” деган масалагина олиб чиқилаётганини, қозоғистонликларга атом станцияси қурилишини кимга топширишни танлаш ҳуқуқи берилмаётганини қайд этган.
“Аввалроқ Россия, Хитой, Франция ва Жанубий Корея аризалари кўриб чиқилаётганини билдирган мамлакат расмийлари бу борада қозоғистонликлар фикрини сўрамасдан, ўзлари шартнома тузишади”, деган Вадим Ни.
Экологлар Балхаш кўли соҳилида АЭС қурилиши экотизимга тузатиб бўлмайдиган зарар етказишига шубҳа қилишмайди.
“Ҳатто референдум бизнинг фойдамизга ҳал бўлмаса ҳам, Қозоғистонда АЭС қурилиши тарафдорлари узоқ йўлни босиб ўтишлари керак бўлади ва бу йўлда биз мухолифларимиз устидан ғалаба қозониш ниятидамиз, чунки Балхаш кўлида Чернобил ва Фукусима фожиаси такрорланишига йўл қўёлмаймиз”, деган Вадим Ни.
Қайша Атаханова радиоактив чиқиндиларни сақлаш муаммоси ҳал этилмаганига эътибор қаратган.
Асет Науризбаев Қозоғистонда электр энергияси танқислигига оид иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслигига амин. У Энергетика вазирлигида Қозоғистон энерготизимини АЭСсиз ҳам ривожлантириш мумкинлигига оид сценарийлар борлигини қайд этган. Шамол ва қуёш дохил қайта тикланувчи тоза энергия манбалари муҳимлиги ҳақида гапирар экан, Науризбаев электр энергияси ишлаб чиқариш учун гидроресурслар мисолини келтирган.
“Бизнинг мамлакатда Бухтармин, Қапчиғай, Шулби ва Мўйноқ сув омборлари каби энергия йиғувчилар фаолият олиб бормоқда ва биз улар билан ишлашни биламиз. Шунинг учун ҳам биз яна 10-20 йил бу борада умуман муаммога дуч келмаймиз”, деб ҳисоблайди Науризбаев.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўтган ҳафта бошида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум 6 октябрь куни ўтказилишини эълон қилган. Парламентда қилган чиқишида у “глобал миқёсда энергия танқислиги ортиб бораётгани”ни айтиб, “Биз ишончли ва экологик жиҳатдан тоза энергия манбаларига ўта муҳтожмиз”, дея билдирган.
“Менинг фикримча, атом энергетикасини ривожлантиришга катта диққат-эътибор қаратиш зарур. Генерациянинг бу тури мамлакат иқтисодиётининг тез ўсиб бораётган эҳтиёжларини сезиларли даражада қондиришга қодир”, деган Тоқаев.
Ёзда Қозоғистон шаҳарларида расмийлар томонидан АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик тинглови шаклида учрашувлар ўтказилган, бу учрашувларда Энергетика вазирлиги ва таклиф қилинган экспертлар энергия танқислигининг олдини олиш зарурлиги ҳамда атом генерациясининг ижобий жиҳатларидан баҳс этишган.
АЭС қурилишига қарши бўлганлар эса атом электр станцияси мамлакатни улкан қарз ботқоғига ботириши, экологик хавфсизлик ва аҳоли саломатлиги учун хатар туғдириши ҳамда мамлакатни технология етказувчи давлатларга қарам қилиб қўйиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Татаристон муфтийси Украинадаги уруш қатнашчиларига шаҳидлик "мужда"сини берди
Татаристон муфтийси Комил Самигуллин Украинадаги уруш иштирокчилари муайян шароитда Аллоҳ томонидан дини учун қурбон бўлган шаҳид ўлароқ қабул қилиниб, жаннатга кириши мумкинлигини қайд этди.
“Агар аскар имонли бўлиб, ўз уйи, ўз оиласи ва Ватанини ҳимоя қилаётган бўлса, Аллоҳ уни шаҳид ўлароқ қабул қилади”, дея иқтибос келтирган Бизнес Online нашри Самигуллин сўзларидан.
Муфтийга кўра, россиялик ҳарбийлар “адолатли уруш” олиб боришмоқда, чунки бу билан улар Фаластинга ёрдам беришяпти.
“Нимага деганда, Украинага ёрдам туфайли АҚШ Исроилга камроқ пул сарфлашга мажбур бўлади”, дея қўшимча қилган Самигуллин.
Бу муфтий Комил Самигуллиннинг илк шов-шувли баёноти эмас. Аввалроқ Татаристон Мусулмонлар диний бошқармаси раиси дунёвий расмийлар томонидан ҳижобни тақиқлаш масаласи муҳокама этилаётганини кескин танқид қилган, Россия Конституциясига “давлатни шакллантирувчи миллат” тушунчаси киритилишига қарши чиққан ҳамда расмийларни Махачқалъа аэропортидаги яҳудийларга қарши тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан марҳаматли бўлишга чақирган эди.
Фаластинлик манбалар: Мувасийдаги лагерга зарбада 20 чоғли одам қурбон бўлди
Ғазо секторидаги Мувасий қочқинлар лагерига Исроил қўшинлари томонидан берилган зарба оқибатида камида 19 киши қурбон бўлган, 60 киши яраланди. Бу ҳақда 10 сентябрь куни Associated Press агентлиги фаластинлик расмийлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Ўз навбатида, Исроил расмийлари ҳарбийлар ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилот деб тан олинган) “асосий” жангарилари нишонга олинганини билдирди.
AP қайдича, Ғазодаги зарба берилган ҳудудда одам тўла лагерлар жойлашган бўлиб, аввалроқ Исроил бу жойни урушдан қочиб, бошпана излаган юз минглаб одам учун гуманитар ҳудуд деб эълон қилган эди.
ҲАМАС назорати остидаги маъмурият қошида фаолият юритувчи Фуқаровий мудофаа хизмати ўз ходимлари ҳужум содир этилган жойда ўнлаб жасад топганини иддао қилиб, у ерда қидирув ишлари давом этаётганини билдирган.
Исроил қўмондонлиги вакиллари армия жангариларнинг бошқарув-назорат марказига зарба бергани ва ЦАХАЛ кучлари тинч аҳоли ўртасида қурбон бўлмаслиги учун нишонга аниқ урадиган ўқ-дори ва бошқа воситалардан фойдаланилганини иддао қилмоқда.
Исроил армияси Ғазо секторида ўтган йил кузидан буён жанговар амалиёт ўтказмоқда. Мазкур амалиёт ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС жангариларининг Исроил жанубига ҳужумига жавобан бошлатилган. Ўша пайтда мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, 250 дан ортиқ одам гаровга олиниб, Ғазо ҳудудига олиб чиқиб кетилган.
Кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилмайди
VI Жаҳон кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов маълум қилди.
“Сизлар билан яхши янгиликни ўртоқлашмоқчиман. Жаҳон кўчманчи ўйинлари ватанига қайтади ва 2026 йилда Қирғизистонда ўтказилади”, дея билдирган вазир Мақсутов.
Мулозим айни пайтда Қирғизистон термаси Қозоғистондаги мусобақаларда яхши натижалар кўрсатаётганини қўшимча қилган.
Аввалроқ Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Жаҳон кўчманчи ўйинлари 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида маълум қилган эди. Қирғизистон Маданият вазирлиги бу қарор нима сабабдан ўзгарганини очиқлаган эмас.
V Жаҳон кўчманчи ўйинлари 8 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида очилган ва унинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашганди.
Бу йилги мусобақаларда 90 мамлакатдан 2,5 минг чоғли спортчи иштирок этаётгани хабар қилинган. Спортнинг 21 та тури бўйича мусобақалар Остонадаги олтита стадион ва мажмуаларда ўтказилмоқда.
Жаҳон кўчманчи ўйинларини ўтказиш ғояси Қирғизистонга тегишли бўлиб, илк уч мусобақа шу мамлакатда ўтказилган. IV ўйинлар бундан икки йил аввал Туркиянинг Изник шаҳрида ўтказилган эди.
Германиянинг қуруқликдаги чегараларида вақтинча назорат жорий этилмоқда
Германиянинг қуруқликдаги чегараларида миграция сиёсати кучайтирилиши доирасида 16 сентябрдан бошлаб назорат тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда ГФР Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатган.
Вазирлик баёнотига мувофиқ, Франция, Люксембург, Ҳолландия, Бельгия ва Дания билан чегаралардаги назорат ярим йилга киритиляпти. Чегара ҳудудларига полициянинг мобил ва стационар постлари ўрнатилади. Чора-тадбирлар орасида бирор кишини мамлакатга киритишдан бош тортилиши ҳам кўзда тутилган.
ИИВ Польша, Чехия, Австрия ва Швейцария билан чегараларда текширувлар ўтган йилнинг октябрь ойидан буён амал қилаётганини эслатган.
Вазирлик чегаралардаги назорат шу жумладан исломий гуруҳлар тарафдорларидан ҳам ҳимояни таъминлашини иддао қилган. ИИВ ўз қарорида бир миллиондан кўпроқ украиналик қочқин ва бошқа мамлакатлардан бўлган бошпана изловчилар интеграцияси зарурати дохил Германия зиммасига тушаётган умумий миграция юкини ҳам ҳисобга олган.
Берлин чегараларда назорат ўрнатилаётгани ҳақида Европа комиссиясини хабардор қилган.
Август ойи охирида Германиянинг Золинген шаҳрида бошпана изловчи суриялик шахс шаҳарда ўтказилаётган фестиваль ташрифчиларига пичоқ билан ҳужум қилган. Ўшанда уч киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг Германия расмийлари қонунларни кучайтириш ҳамда ноқонуний миграцияни қисқартириш зарурати туғилганини билдирганлар.
ГФР Жиноят полицияси федерал муассасасининг август ойи охиридаги маълумотига кўра, Шенген ҳудуди доирасида чегарадан ноқонуний ўтиш бўйича 380 минг ҳолатдан 266 мингтаси Германия ҳиссасига тўғри келади.
Германия ҳудудидан ноқонуний ўтиш бўйича энг кўп қонунбузарликларни Сурия фуқаролари (54 минг киши), Туркия фуқаролари (36 минг киши) ва Афғонистон фуқаролари (35 минг киши) содир этишган.
Apple ширкати iPhone 16 дохил янги маҳсулотларини тақдим этди
АҚШнинг Apple ширкати 9 сентябрь куни Купертино шаҳрида (Калифорния штати) сунъий интеллектли iPhone 16 смартфонларини тақдим қилди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
Мазкур тақдимот ширкатнинг Хитойдаги рақиби Huawei’нинг шу каби тақдимотидан бир неча соат кейин бўлиб ўтган.
“iPhone’нинг кейинги авлоди Apple Intelligence учун нулдан бошлаб ишлаб чиқилди. Бу янги жозиб даврнинг бошланишидир”, деди Apple ширкати бош директори Тим Кук тақдимот чоғида.
Apple ва бутун дунёдаги технологик ширкатлар ўз маҳсулотларига сунъий интеллект қўшишга шошилишяпти. Смартфонлар глобал миқёсда кучли рақобат учун майдонга айланиши кутилмоқда. Reuters қайдича, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги бу мусобақа дунё бўйлаб iPhone аппаратлари сотуви камайган бир шароитда авж оляпти.
Хитойнинг Huawei смартфоннинг iPhone’дан асосий фарқи унинг букланувчанлигидир.
Сурияда Исроилнинг муҳтамал зарбаларидан 16 киши қурбон бўлди
Сурия ғарбидаги қатор объектларга 9 сентябрга ўтар кечаси берилган зарбалар оқибатида камида 16 киши қурбон бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда хабар қилган Сурия давлат оммавий ахборот воситалари ҳужумда Исроилни айблаб чиқишди. Исроил ҳарбийлари бундай пайтларда одатан изоҳдан тийилишади.
Суриянинг давлатга қарашли SANA агентлиги армиядаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Исроил қатор ҳарбий объектларга зарба берганини иддао қилган. Reuters агентлиги эса минтақадаги қатор мамлакатлар разведкаларидаги манбаларга таяниб, зарбага кимёвий қурол муаммолари билан ҳам шуғулланувчи Масяфдаги ҳарбий илмий-тадқиқот институти нишон бўлганини иддао қилмоқда. Шунингдек, эронлик ҳарбий экспертлар томонидан фойдаланиб келинган объектларга зарба берилгани айтилмоқда.
Қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг маркази “эронпараст гуруҳлар ва қурол ишлаб чиқариш бўйича экспертлар бўлган Масяфдаги илмий-тадқиқот марказлари жойлашган ҳудудда” 13 та қаттиқ портлашлар бўлгани ҳақида маълумот тарқатган.
Бироқ Дамашқ ва Теҳрондагилар гап кимёвий қурол билан боғлиқ институт ҳақида кетаётганини инкор қилган, Эрон ТИВ вакили Носир Канъоний эса Сурия ҳудудига зарбалар берилганини тасдиқлар экан, зарбага нишон бўлган объектнинг Эронга алоқаси йўқлигини билдирган.
Исроил вақти-вақти билан Суриядаги ҳадафларни, айниқса эронпараст гуруҳларга алоқадор объектларни нишонга олиб келади, улар эса ўз навбатида Исроилнинг шимолий ҳудудларини ўққа тутиб туришади.
Жорий йилнинг 1 апрелида Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига зарба берган, бунинг натижасида эронлик юқори лавозимли зобитлар ҳалок бўлган эди. Апрель ойи ўрталарида Эрон Исроил ҳудуди бўйлаб мисли кўрилмаган зарбалар бериб, буни қасос амалиёти деб атаган эди. Ўша ҳужумда Эрон томонидан отилган ракета ва учирилган дронларнинг аксарияти уриб туширилган, ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмаганди.
Россияда мигрантларнинг болаларини бепул ўқитишни тақиқлашмоқчи
Россия Давлат думасига мамлакат боғчалари ва мактабларида мигрантлар фарзандларининг бепул ўқитилишини бекор қилиш таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси киритилмоқда.
ТАСС агентлигининг хабар қилишича, мазкур ғоя муаллифи Давлат думасининг меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов бўлиб ҳисобланади. Нилов фикрича, “хорижлик болаларни Россия бюджети ҳисобидан ўқитиш бўйича хайрия эпопеясини тугатиш” вақти етган.
“Агар хорижлик ота-оналар истаса, марҳамат қилиб ўз болаларимизни таълим муассасаларимизга тижорий асосда (яъни муайян ҳақ эвазига демоқчи — таҳр.) жойлаштиришлари мумкин. Бунинг учун алоҳида тижорат синфлари очаверишсин. Бизнинг россиялик болалар хорижлик ишчилар фарзандларининг бу қадар кўплигидан азият чекмаслиги лозим”, деган Ярослав Нилов Дума мажлисидаги чиқишида.
Нилов ташаббуси Россия ҳудудида хорижлик ишчиларнинг юриш-туриш тартиб-қоидаларини кучайтиришдаги галдаги қадамлардан бири бўлди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу қадамлар “тобора дискриминацион характерга эга бўлиб, Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларга қарши қаратилгани кундан-кунга аён бўлиб бормоқда”.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Россияда мигрантларнинг фарзандлари бепул таълим олишади.
ТАСС агентлиги қонунчилик ташаббусига илова қилинган тушунтириш хатига таянган ҳолда ғоя муаллифлари “сўнгги йилларда болалар боғчалари ва мактабларда МДҲнинг қатор мамлакатлари ва Ўрта Осиёдан бўлган мигрантларнинг фарзандлари сони кескин кўпайиб кетгани”дан хавотирда экани ҳақида ёзган.
“Россиянинг боғча ва мактабларида мигрантлар фарзандлари сонининг назоратсиз ошиб бораётгани уларда жой етишмаслигига олиб келмоқда… Айрим мактабларда ўнлаб 1-синфлар очилмоқда, айни пайтда иккинчи сменада ўқийдиганлар улуши ошиб боряпти. Ўқитувчиларнинг ҳам дарс юкламалари ошган, улар меъёрдан 1,5–2 баравар кўп ишлашга мажбур бўлишмоқда”, дейилган ҳужжатда.
Аввалроқ Россия Давлат думаси раҳбари Вячеслав Володин миграцияни тартибга солиш масаласи парламент ишидаги устувор йўналишлардан бири эканини ҳамда депутатлар Россия фуқароси бўлмаган мигрантларга оила аъзоларини олиб келишни тақиқлайдиган қонун қабул қилиши мумкинлигини билдирган эди.
Россия жамиятида мигрантларга қарши риторика ва ксенофобия кайфиятлари шу йилнинг март ойида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Мазкур ҳужумда гумонланиб камида 20 киши қўлга олинган. Асосан тожикистонликлардан иборат бўлган бу кишилар матбуот ва жамоатчилик учун ёпиқ тарзда ўтказилаётган судларда ўзларининг айбсизлигини билдиришмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги сўнгги етти ой ичида мамлакатдан 90 мингдан зиёд ноқонуний мигрант чиқариб юборилганини билдирган.
Илон Маск 2027 йилга бориб дунёдаги илк триллионерга айланиши мумкин
Tesla ва SpaceX ширкатлари асосчиси Илон Маск дунёдаги илк триллионерга айланиши мумкин. Жаҳондаги энг бой кишилар тасарруфида бўлган сарватни мониторинг қилиб борувчи Informa Connect Academy тадқиқот гуруҳи ана шундай хулосага келган.
Ҳозирда Маскнинг бойлиги 251 миллиард долларни ташкил қилади ва йилига тақрибан 110 фоизга ўсиб бормоқда. Шу тариқа, тадқиқотчилар қайдича, у 2027 йилга бориб 1 триллион долларга етиши мумкин.
Маскдан кейин триллионерликка номзод иккинчи шахс ўлароқ ҳиндистонлик Гаутам Адани кўрсатилган. У Adani Group концернининг ҳамраиси бўлиб, мазкур концерн бандаргоҳлар ва аэропортлар, энергетика ва тоғ-кон корхоналарини бошқариб келади. Агар унинг ширкатлари шу тезликда ривожланишда (ўсиш суръати – йилига 123 фоиз) давом этадиган бўлса, унинг бойлиги 2028 йилда 1 триллион долларга етади.
Informa Connect Academy тахминларига кўра, 2030 йилгача Nvidia ширкати ижрочи директори Женсен Хуанг, индонезиялик энергетика магнати Пражого Пангесту, LVMH холдинги раҳбари Бернар Арно ва Meta етакчиси Марк Цукерберглар ҳам триллионерга айланиши мумкин.
КВН бошловчиси Александр Масляков вафот этди
Россиянинг Биринчи каналида намойиш этиб келинаётган “Қувноқлар ва зукколар клуби” (КВН) кўрсатувининг кўп йиллик бошловчиси Александр Масляков 82 ёшида вафот этди.
КВН матбуот хизматининг 8 сентябрь оқшомида ёйинланган таъзияномасида “Қувноқлар ва зукколар клуби” кўрсатувига 1964 йилдан буён бошловчилик қилиб келган Масляков Россияда ва унинг хорижида юмор ва сатира рамзига айлангани айтилган.
Александр Масляков 1941 йилнинг 24 ноябрида Свердловскда ҳарбий учувчи оиласида туғилган. 1964 йили Москва транспорт муҳандислари институтининг тўртинчи босқич талабаси бўлган пайтда телевидениенинг Ёшлар учун дастурлар бош таҳририятида ишлай бошлаган. Ўша йилнинг ўзида у “КВН” теледастурини олиб бора бошлаган.
Ўтган асрнинг 70–80-йилларида у “Алло, биз талантларни қидиряпмиз”, “Балли, қизлар”, “Балли, йигитлар” ва бошқа теледастурларни олиб борган.
КВН дастури постсовет давлатларининг кўпида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам анча машҳур бўлган. Москвадаги бу кўрсатувдан илҳомланган ҳолда, ҳатто Тошкентда ҳам "Қувноқлар ва зукколар" дастури ташкил этилган. Бугунги кунда ўзбек ёшлари орасида машҳур бўлган "Миллион", "Браво" ва бошқа жамоаларини ҳам билвосита Масляковнинг шогирдлари деб аташ мумкин.
Масляков КВН дастурини 2022 йилгача олиб борган. Ўша пайтда коронавирус инфекциясини қайта юқтириб олган бошловчи мавсумнинг бир неча кўрсатувидагина иштирок этиб, кейин шоуни бутунлай тарк этган.
2018 ва 2024 йилларда Александр Масляков президент сайловларида Владимир Путиннинг ишончли вакили бўлган.
НАТОнинг стратегик алоқалар маркази 2017 йилдаги ўз ҳисоботида Масляков Кремль билан тиғиз алоқаларга эга эканини қайд этган. Россия расмийлари, хусусан, унга Москва марказида КВН концерт зали қурилишида ёрдам беришган, КВНнинг хориждаги мусобақаларига ҳомийлик қилишган, бошловчининг ўзи эса Путин томонидан III даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Россиядаги Forbes тадқиқотига мувофиқ, Масляковга тегишли бўлган ва Биринчи каналга КВН дастурини намойиш қилиш ҳуқуқини сотиб келган “АМиК” ширкатининг даромади йилига уч ярим миллион долларни ташкил қилади.
Тадқиқотда КВНнинг армия тузилмалари билан ҳам тиғиз алоқада экани қайд этилган.
Чехияда россияликларга фуқаролик олиш қийинлашиши мумкин
Чехиялик депутатлар Россия фуқаролигидан воз кечган россияликларгагина Чехия фуқаролигини бериш таклифи билан чиқишди. Ташаббус муаллифлари фикрича, Чехия фақат шу йўл билан Россия таъсирини чеклаши мумкин.
Таклифга мувофиқ, бу шарт, бошпана изловчи шахслар ва айрим ўзгача ҳолатларни истисно қилганда, барча россияликлар учун дахлдор бўлади.
Қонунчиликка бундай ўзгартиш киритиш бўйича таклифни Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан қўллаб-қувватлаган.
Чехия Украина ҳудудида уруш бошланганидан кейин Россия фуқароларига туристик Шенген визаси беришни биринчилардан бўлиб тўхтатган мамлакат бўлиб ҳисобланади.
2022 йил июнидан бошлаб мамлакат россиялик ва беларуслик фуқароларга яшаш учун рухсатнома бериш бўйича ҳам жиддий чекловлар жорий қилган. Айни пайтда Прага россияликларга гуманитар визалар беришда давом этишини таъкидлаган.
“Толибон” ҳаракати ўзини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарган Қирғизистонга миннатдорлик билдирди
Афғонистонда толиблар шакллантирган ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги “Толибон” ҳаракатини тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаргани учун Қирғизистонга миннатдорлик билдирган. Бунга доир баёнот вазирликнинг расмий сайтида 5 сентябрь куни ёйинланган.
“Толибон” дипломатлари қайдича, Қирғизистоннинг бу қарори бошқа мамлакатлар қарорлари билан бир қаторда “Афғонистон Ислом Амирлигини сиёсий жиҳатдан тан олиш минтақавий ва халқаро даражада ошиб бораётганини кўрсатади”.
“Шунингдек, у Афғонистон Ислом Амирлиги ва бошқа давлатлар ўртасидаги икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиши учун тўсиқларни бартараф қилади”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Айни баёнотни Афғонистон ТИВ вакили Абдул Қаҳҳор Балхий ҳам Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёйинлаган.
“Толибон” ҳаракати Қирғизистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида аввалроқ қатор нашрлар Қирғизистон Бош прокуратурасининг тегишли рўйхатига таянган ҳолда хабар қилишган – мазкур рўйхатда “Толибон” йўқ эди. Айни пайтда “Толибон” ҳаракати Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси сайтида ҳали ҳам тақиқланган ташкилотлар рўйхатида турибди.
Дин ишлар бўйича давлат комиссияси сайтида қайд этилишича, Бишкек шаҳри Биринчи май туман судининг 2006 йил 15 сентябридаги қарори билан “Толибон” ҳаракати террор ташкилоти деб топилган ва Қирғизистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.
Қирғизистон Бош прокуратураси Афғонистон ТИВ баёноти юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.
“Толибон” радикал ҳаракати АҚШ бошчилигидаги Халқаро коалиция қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейиноқ – 2021 йил августида ҳокимият тепасига келган. Қўшинлар чиқиб кетиши манзарасида толиблар ҳужумларини кучайтирган ва бу мамлакат пойтахти – Кобул шаҳрининг олиниши билан якунланган. Ўшандан буён толиблар Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатишган ва шу билан бирга халқаро миқёсда тан олиниш учун чоралар кўриб келишмоқда.
Ўзбекистон расмийлари ҳам қарийб уч йилдан буён Афғонистонда ҳукмронлик қилиб келаётган "Толибон" ҳаракати билан муносабатларни бузмасликка уриниб келишади. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.
Дуров Францияда ушланганидан кейин илк постини ёйинлади
Telegram асосчиси Павел Дуров ўз каналида Францияда қўлга олинганидан кейинги илк постини ёйинлади.
Ўз обуначиларига дастак учун ташаккур билдирган Дуров Франция полицияси уни 4 кун давомида сўроқ қилганини маълум қилди. Тадбиркорга кўра, полициячилар Дуровга бошқа одамлар Telegram’дан ноқонуний мақсадларда фойдалангани учун у жавобгар эканини ҳамда у яратган ижтимоий тармоқ маъмурияти расмийлар “сўровларига жавоб бермагани”ни айтишган.
Дуров ўзига билдирилган эътирозлар унинг учун “кутилмаган” бўлганини қайд этган. Тадбиркор постида ёзилишича, бу вазият “ажабланарли”дир, чунки “Telegram’нинг Европа Иттифоқида сўровларга жавоб берувчи расмий вакили бор”, ўзи эса “Францияда террорчилик таҳдидига қарши курашиш учун Telegram’нинг қайноқ линиясини яратишга шахсан ёрдам берган” ва ўтган вақт мобайнида франциялик расмийларда “ёрдам сўраш учун” у билан алоқа ўрнатишнинг кўплаб йўллари бўлган.
Дуров, агар бирор-бир мамлакат интернет-хизматдан норози бўлса, мавжуд амалиётга мувофиқ, учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятларда бош директорни айблаб ўтирмасдан, бутун бошли хизматга қарши судга ариза киритиши лозимлигини урғулаган.
“Биз баъзан мамлакатнинг назорат органи билан конфиденциаллик ва хавфсизлик ўртасида мувозанатни сақлаш бўйича келишолмай қоламиз. Бундай ҳолатларда биз бу мамлакатни тарк этишга тайёрмиз. Биз кўп марта шундай йўл тутганмиз. Россия кузатувни таъминлаш учун биздан “шифрлаш калитлари”ни топширишни сўраганида, биз бундан бош тортганмиз ва [пировардида] Telegram Россияда тақиқлаб қўйилган. Эрон биздан тинч намойишчилар каналларини блокировка қилишни талаб қилганида, биз бош тортганмиз ва [пировардида] Telegram Эронда тақиқланган. Биз ўз принципларимизга тўғри келмайдиган бозорларни тарк этишга тайёрмиз, чунки биз бу ишни пул учун қилаётганимиз йўқ”, дея таъкидлаган Дуров.
Айни пайтда тадбиркор Telegram’да жиноятчиларга қарши курашиш бўйича чоралар кўришни ваъда қилган.
“Мен бу борадаги вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришишни ўз олдимга шахсий мақсад қилиб қўйди. Биз ширкат ичида бу жараённи аллақачон бошладик ва тез орада мен бу борадаги олға силжишларимиз ҳақидаги тафсилотли маълумот билан ўртоқлашаман”, дея хулоса қилган Дуров.
Telegram асосчиси Павел Дуров 25 августга ўтар кечаси Озарбайжондан Францияга хусусий учоқ билан учиб келган пайтда Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган эди. 26 август куни Париж прокуратураси июль ойида Telegram платформаси ёрдамида амалга оширилган муҳтамал жиноятлар билан боғлиқ равишда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилган. Дуров ана шу иш тергови доирасида қўлга олинган. У ерда 12 хил жиноят ҳақида гап борган.
Бир неча кун давом этган сўроқ ортидан Павел Дуров Францияда суд назорати остига олинган. Унга мамлакат ҳудудини тарк этиш тақиқланган. Париж прокуратураси томонидан ўтган ҳафта тарқатилган баёнотда Дуров беш миллион евро миқдорида гаров пули тўлаши ҳамда ҳафтасига икки марта полицияда қайддан ўтиши лозимлиги айтилган.