Греция Бош вазири Георгиос Папандреу Европа Иттифоқи ишлаб чиққан қутқарув режасини халқ овозига қўйишни таклиф қилди ва вазирлар бу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Европа ичида мунозараларни келтириб чиқарган референдум чоршанба куни Европа Иттифоқи етакчилари йиғини кун тартибидаги асосий масала бўлади. ЕИ етакчилари Францияда Катта йигирмалик саммити олдидан фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда.
Папандреу сешанба куни ярим тунгача давом этган вазирлар маҳкамаси фавқулодда мажлисида референдум еврозонанинг бошқа давлатлари талаб қилаётган бюджет харажатларини қисқартириш чораларини амалга тадбиқ қилиш учун “аниқ мандат” беради, дея таъкидлади.
Келаси жума куни Греция парламентида ҳукуматга ишонч масаласи овозга қўйилади. Бу вазиятда Папандреу агар муддатидан аввал сайлов ўтказилиши эҳтиёжи пайдо бўладиган бўлса, Афина ҳукумати ўз қарзлари бўйича дефолтга учраши эҳтимолидан огоҳлантирди.
Папандреу шунингдек ўзининг реферндум тўғрисидаги таклифи боис қимматбаҳо қоғозлар бозорида кўтарилган саросим тез орада тинчишини ваъда қилди.
Ҳукумат мажлисидан кейин бош вазир матбуот вакили Элиас Массиалос референдум “қутқарув режасининг асосий шарт-шароитлари ишлаб чиқилиши биланоқ ўтказилади”, дея маълум қилди.
Папендреу томдан тараша тушгандек реферндум ўтказишни таклиф қилиши Европа етакчиларини саросимага солиб қўйди. Европа Иттифоқи Грецияни давлат қарзи билан боғлиқ бўҳрондан қутқаришга қаратилган 130 миллиард еврога тенг режа бўйича келишиб олганига атиги бир ҳафта бўлди. Бу режада Греция қарзининг ярмидан воз кечиш ҳам кўзда тутилган.
Бунинг эвазига Греция бюджет харажатларини кескин камайтириши, жумладан пенсия ва маошларни ҳамда минглаб бюджет химзатчиларини қисқартиши лозим.
Грецияни қутқариб 17 давлатни ўз ичига олувчи евро пул бирлиги ҳудудини инқироз ботқоғидан тортиб чиқаришга қаратилган чораларга грецияликлар кескин норозилик билдирмоқда.
Папндреу чоршанба куни катта йигирмалик саммити арафасида Франция Президенти Николя Саркози ва Германия Канцлери Ангела Меркел билан музокара қилади.
Бу учрашувда ЕИ ва Халқаро валюта жамҳармаси расмийларининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Франция ва Германия Афина ҳукуматидан қутқарув режаси шартларини “тез муддат ичида тўлиқ амалга оширилишини” талаб қилмоқда.
Саркози ва Меркел ўтган ҳафта қабул қилинган режани амалга ошириш “ҳар қачонгидан ҳам зарур” экани ва “Грецияни барқарор ўсиш изига қайтариш” имконини беришини таъкидламоқда.
Рефрендум тўғрисидаги хабар еврозона давлатларини ташвишга солди ва Саркози Греция ҳукуматини қутқарув режасини қабул қилишга чақирди.
- Халққа ўз фикрини билдириш имконини бериш ҳар доим тўғри қадамдир, лекин еврозона мамлакатлари вазият тақазо қилган чораларга рози бўлмас экан, бир ёқадан бош чиқариб иш кўришнинг иложи ҳам бўлмайди.
Люксембург Бош вазири ва еврозона раиси Жан-Клод Юнкер агар рефрендум натижасида қутқарув режаси рад этиладиган бўлса, Греция банкрот бўлишидан огоҳлантирди.
Айни пайтда рефрендум ҳақидаги хабар еврозона бўҳрон ёқасида қолмоқда, деган хавотирларни кучайтириб юборди ва натижада жаҳон биржаларида кўрсаткичлар тушиб кетди. Ўз навбатида евронинг долларга нисбатан қиймати ҳам пастга шўнғиди.
Греция расмийлари референдум январ ойида ўтказилиши мумкинлигини айтмоқда. Ички ишлар вазири эса қутқарув режаси жиҳатлари белгиланган муддатдан аввалроқ аниқлаштирилмаса қутқарув келишуви масаласи декабр ойида халқ овозига қўйилиши мумкинлигини баён қилди.
Бироқ Папандреу ҳукуматининг референдум ўтказилишига қадар иқтидорда қолиши ҳам савол остида қолмоқда.
Келаси жума куни ҳукуматга ишонч масаласи парламентда овозга қўйилади, иқтидордаги Социалистлар партиясидан бир депутат бошқа фракцияга ўтиб кетгани ҳукуматни қийин аҳволда қолдирди. Боз устига социалистларнинг яна бир аъзоси ҳам ҳукумат референдум ниятидан қайтмаса, партия сафидан чиқиш билан таҳдид қилди.
Греция мухолифати референдум Грециянинг ЕИга аъзолигини хавф остига қўйишини айтиб, муддатидан аввал сайлов ўтказишга чақирмоқда.
Парламент ҳукуматга ишончсизлик билдирса, референдум ўтказилмайди, лекин шу билан бирга қутқарув режаси бўйича кўзда тутилган ёрдам пули ҳам Грецияга вақтида берилмаслиги мумкин.
Агар референдум ўтказилиб, греклар қутқарув режасини рад этса, таҳлилчилар фикрича, Грециянинг еврозонада қолиши истиқболига путур етиши, Европадаги молиявий бўҳрон янада чуқурлашиши ва жаҳон банклари катта зарар кўриши эҳтимоли кучаяди.