Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:42

Россия Тожикистонга виза жорий қилиш билан таҳдид қилмоқда


Владимир Садовничий ва Алексей Руденко контрабанда ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда.
Владимир Садовничий ва Алексей Руденко контрабанда ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда.

Россия ўз фуқароси Владимир Садовничийнинг Тожикистонда 8,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганига жавобан бу мамлакатга нисбатан виза режимини жорий қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Тожик расмийлари ҳафта бошроғида қамоққа ҳукм қилинган рус учувчилари ишига сиёсий тус бермасликка чақирмоқда.


Москва Тожикистон ҳукуматидан россиялик учувчи Владимир Садовничий ва шериги Эстония фуқароси Алексей Руденкога берилган 8,5 йиллик қамоқ жазосини қайта кўриб чиқишни ва уларни Россияга қайтаришни талаб қилмоқда.

Рус учувчиларига чиқарилган ҳукмга Россия Президенти Дмитрий Медведев ҳам ўз муносабатини билдирди.

- Бу масала юзасидан чиқарилган қарор ҳам жиноят таркиби нуқтаи назаридан, ҳам маҳкаманинг олиб борилиши нуқтаи назаридан кўплаб саволларни туғдиради. Шу боис, биз билан иттифоқчилик муносабатларида бўлган мамлакатдан расмий жавобни кутамиз ва жавобга яраша қарор қабул қиламиз,- деди Россия президенти.

Дмитрий Медведев мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда Адлия вазирилигига Тожикистонда саккиз ярим йилга қамалган учувчиларининг ишини кўриб чиқишга топшириқ берди.

Расмий баёнотга кўра, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тожикистонлик ҳамкасби Ҳамрохон Зарифи билан телефон мулоқоти чоғида расмий Душанбени халқаро мажбуриятларни қўпол тарзда бузганликда айблаб, Россия фуқароси Владимир Садовничий ҳамда Эстония фуқароси Алексей Руденкога нисбатан чиқарилган суд қарорини “асоссиз” деб баҳолади.

Россия ТИВнинг расмий вакили Александр Лукашевич Озодлик билан суҳбатда Россияга қарашли авиакомпания учувчиларининг ҳимоячилари 11 ноябр куни ҳукм юзасидан шикоят топширишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

- Бизнинг ҳамюртимиз ва Эстония фуқаросига нисбатан Тожикистон қонунчилиги қатор моддалари асосида қўйилган айбловлар асоссиз ва ўринсиздир. Шунингдек суд қарори жиддий юридик асосга эга эмас. Биз Садовничий ва Руденко адвокатларининг аппеляциясини қўллаб-қувватлаймиз, иш қайта кўриб чиқилишини талаб қиламиз ва фуқаромизнинг ўз юртларига қайтарилишига барча имкониятларни ишга соламиз,- деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Александр Лукашевич.

Айни пайтда, Россия Давлат Думаси ва ҳукумат расмийлари Тожикистон ҳаракатларига жавобан бу мамлакат фуқароларига виза режимини жорий қилишни тавсия қилмоқда.

Жумладан, “Рус жамиятлари конгресси” раҳбари, Россиянинг НАТОдаги доимий вакили Дмитрий Рогозин Тожикистоннинг бу демаршига жавобан виза режимини жорий қилишни тавсия қилди.

Россияда ҳукмдор партия ҳисобланган “Единая Россия” Бош кенгаши котиби Юрий Шувалов рус-тожик можароси юзасидан “Биз ҳозирда “Рус жамиятлари конгресси”дан тушган таклифни бошқа ижтимоий-сиёсий ташкилотлар билан муҳокама этмоқдамиз”, дея баёнот берди.

Юзага келган вазият Тожикистон расмийларини ҳам жиддий саросимага тушириб қўйган кўринади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги юзага келадиган ҳар қандай масалани “дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ҳал этиш”га чақирди. Шунга қарамасдан, Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода журналистлар олдида қилган чиқишида Россия сиёсатчиларининг Садовничий ва Руденкога чиқарилган суд ҳукмига "сиёсий тус бераётганига" эътироз билдирди.

- Бу ҳолат оддий жиноят бўлиб, ҳеч бир сиёсий хусусиятга эга эмас. Қонунчилигимизга мувофиқ жиноят содир этган шахс қонун олдида жавоб бериши лозим,- деди Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода.

Рус учувчилари устидан чиқарилган ҳукм адолатли бўлганини таъкидлар экан, Салимзода улар Тожикистон аэронавигациясига бўйсинмасдан Қўрғонтепа шаҳар аэропортига ноқонуний тарзда қўнганларини қўшимча қилди.

Озодликка маълум бўлишича, Тожикистон билан боғлиқ вазият, жумладан бу мамлакатга нисбатан виза режимининг қўлланилиши масаласи, Россия Давлат Думасида ҳам жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Россия парламентининг Халқаро масалалар бўйича қўмита аъзоси Семен Багдасаров Озодликка 2000 йилда МДҲ давлатлари доирасида Визасиз зона ҳақида имзоланган ҳужжатда белгиланган шартларга биноан Россия бошқа мамлакатларга нисбатан бир тарафлама сунъий чеклов жорий қилишга ҳақлидир, деган фикрни билдирди.

- У ерда ёзилишича, агарда иттифоқ таркибидаги мамлакат аҳолисига ёки миллий хавфсизлигига хавф туғдирилаётган бўлса, бу мамлакат виза режимини жорий қилиши мумкин. Тожикистон билан бундай вазият анчадан бери юзага келган. Россияга келаётган наркотикларнинг асосий оқими Тожикистондан келаётгани, рус тилининг бу мамлакатда чекланаётгани, “РТР-Планета” телеканалининг ёпилиши, Тожикистонда россияликларга ўта салбий муносабатнинг билдирилаётгани ва шу каби қатор иқтисодий-сиёсий вазиятларни ҳисобга олиб айтинчи, нега Россия виза режимини жорий қилмаслиги керак?- дейди депутат Семен Багдасаров.

Депутат Багдасаров кейинги пайтларда нафақат Тожикистон, балки бошқа Марказий Осиё мамлакатларида ҳам Россияга қарши кайфиятнинг кучайиб бораётгани ортида АҚШнинг қўли борлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Бу уюштирилган акция ва унинг ортида АҚШ турганини таҳмин қиламан. Раҳмоновга улар нималарнидир ваъда қилган кўринади. Бошқа томондан, бу тожик мулозимларининг ўзини кимлигини намойиш қилиш усулидир. АҚШ 2014 йилда Афғонистондан чиқиб кетишини эълон қилди. Аммо мен бунга ишонмайман ва улар ўз базаларини қўшни мамлакатларга қўчиришга тайёргарлик кўрмоқда, деб ўйлайман. Шунинг учун Россия ҳам бунга жавоб қайтариши керак, деб ўйлайман,- деди Россия парламентининг Халқаро масалалар бўйича қўмита аъзоси Семен Багдасаров.

Шу билан бирга у қолган мамлакатларга нисбатан виза чеклови қўлланилиши мумкинлигини инкор этди.

8 ноябр куни Тожикистоннинг Қўрғонтеппа шаҳар суди россиялик Владимир Садовничий ва эстониялик Алексей Руденкони чегардан ноқонуний тарзда ўтиш, контрабанда ва халқаро ҳаво йўллари қоидаларни бузиш каби айбловлари билан саккиз ярим йилданга қамоққа ҳукм этган эди.

Россиялик учувчилар шу йилнинг баҳорида Қўрғонтепа шаҳри аэропортида ҳибсга олинган эди.

Тергов хулосасига кўра, улар Тожикистон ҳудудига ноқонуний ўтиб, нархи 225 минг доллар турадиган учқич двигателини Россияга хуфёна тарзда олиб кетмоқчи бўлишган.
XS
SM
MD
LG