Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

ЕХҲТ вакили Ўзбекистон ҳукуматидан мамнун


ЕХҲТ матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович.
ЕХҲТ матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович Ўзбекистон расмийларининг матбуотга оид қонунчиликни ислоҳ қилишга тайёрлигини олқишлади. Миятович пайшанба куни Тошкентга келиб, у ерда электрон ОАВни тартибга солиш мавзусда ўтказилган давра суҳбатида қатнашди. ЕХҲТ вакили фикрича, Ўзбекистонда жамоатчилик орасида бундай ислоҳотлар эҳтиёжи туғилгани тўғрисида очиқ баҳс давом этаётгани ўта ижобий ҳолдир.


ЕХҲТ матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович Тошкентда электрон ОАВни тартибга солиш мавзусида ўтказилган давра суҳбатида матбуотнинг хилма-хиллигини таъминлаш учун зарур ислоҳотларни ўтказиш иштиёқини кўрсатаётган Ўзбекистон ҳукуматини олқишлади.

ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси тарқатган расмий хабарномада Миятовичнинг “Матбуотга оид самарали қонунчилик матбуот эркинлиги таъминланиши учун асосий шарт-шароитлардан биридир” деган сўзларидан иқтибос берилган.

ЕХҲТ матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакилининг Венадаги идораси ходимлари Дуня Миятовичнинг Тошкентга сафари хусусида изоҳ бермади ва бугун у кишининг ўзи билан боғланишнинг иложи ҳам бўлмаслигини айтишди. Миятович хоним Тошкентдан қайтганларича йўқ, деди ЕХҲТ ходими.

Миятович Тошкентдаги давра суҳбатида қилган чиқишида Тошкентга “матбуотга оид қонунчилиги ислоҳотлари жараёнини қўллаб-қувватлагани келганини” таъкидлади. Унинг фикрича, жамоатчилик орасида “мазкур ислоҳотлар” хусусида очиқ баҳс давом этаётгани ўта ижобий ҳолдир.

ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги масалалри бўйича мулозими қайд этган Ўзбекистонда матбуот эркинлигини таъминлаш бўйича ижобий қадамларни матбуот эркинлигини таъминлаш бўйича халқаро ташкилотлар шу пайтгача кўрмаган.

Чегара билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House (Озодлик уйи) ва бошқа халқаро ташкилотлар узоқ йиллардан бери Ўзбекистонни матбуот эркинлиги мутлақ бўғилган мамлакатлар қаторига қўшиб келади. Ўзбекистон шунингдек “Интрент душманлари” рўйхатидан ҳам ўрин олган.

Дарвоқе Миятович ўз чиқишида “Интернет эркин бўлиши керак” деган фикрларни илгари сурди ва баъзи хабарларга кўра, ЕХҲТ вакилининг Тошкентга сафари кунлари Ўзбекистон пойтахтида одатда тўсиб қўйиладиган мустақил хабар агентликларининг Интернет сайтларига бемалол кириш имкони пайдо бўлган.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ЕХҲТ ҳар доим ҳам расмий Тошкентга нисбатан юмшоқ позицияни тутиб келган ва Миятовчининг бу баёнотларини ҳам “ҳолва деган билан оғиз чучимайди” қабилида қабул қилиш керак, дейди.

- Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистонда сўз эркинлигига нисбатан шу пайтгача ҳам анча мулойим муносабатда бўлиб келган. Кўп ҳолларда ҳуқуқий асослар яратилганлигини олқишлаб келган. Лекин ҳуқуқий асос яратилган билан ҳамма нарса жойида бўлмайди, матбуотда эркинлик бўлишини кутиш қийин. Чунки шу пайтгача Ўзбекистонда амалда сўз эркинлиги масаласи ҳеч қачон яхши томонга силжимаган ва йилдан йилга пасайиб бораяпти ҳуқуқий асослар яратилганига қарамасдан.

Афсус, дея қўшимча қилади журналист, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш уринишлари бир қисми ўлароқ қилинган бундай баёнотлар матбуот эркинлигига оид вазиятни яхшилашга ҳисса қўшмайди.

- Энди бу ерда жуда мураккаб жараëн. Менимча, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ҳали айтганимдай узоқ йиллардан бери ўзгаргани йўқ. Барибир ëмонлигича қолаяпти. Лекин ўша халқаро ташкилот вакилининг Ўзбекистондаги сўз эркинлигига мулойим муносабатда бўлиши бу сиëсий қадам. ЕИ билан, ЕХҲТ билан ҳамкорликлар кучайиб, қанақадир қадамлар қўйилиб, мамлакатдаги сиëсий вазият ўнглансагина, сўз эркинлиги ўз ўзидан яхшиланади. Қанча қонун қабул қилган билан, қанча ҳуқуқий асослар яратилган билан амалда Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсати ўзгармайдиган бўлса, сўз эркинлиги ëмонлигича қолаверади. Демак, ЕХҲТ мулозимининг ҳозирги мулойим гапларини фақат сиëсий қадам сифатида баҳолаш мумкин, дейди А. Ташанов.

ЕХҲТ тарқатган расмий хабарномада айтилишича, ЕХҲТ вакили Дуня Миятович Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатаси раиси ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев билан ҳам учрашиб, Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларини юқори баҳолаган.
XS
SM
MD
LG