Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2024, Тошкент вақти: 17:38

Халқаро хабарлар

Сурия Араб давлатлари лигаси қарорини қоралади

Сурия Ташқи ишлар вазири Волид ал-Муаллим.
Сурия Ташқи ишлар вазири Волид ал-Муаллим.
Сурия ҳукумати Араб давлатлари лигасининг аъзоликни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қарорини “ғоятда хатарли қадам”, деб баҳолади.

Ташқи ишлар вазири Волид ал-Муллим Дамашқдаги матбуот анжуманида бундай қадам Америка қутқуси билан қабул қилинган, мазмунида баёнот берди.

- Афсуски, Араб давлатлари лигаси Американинг лига тўхтатишга уринаётган зўравонликларни авж олдирадиган баёнотларини беэътибор қолдирди ва буни АҚШнинг лигага расман аъзо эмаслиги ҳақидаги важ билан изоҳлади. Ҳақиқатда ҳам АҚШ расмий аъзо эмас, бироқ кўплаб аъзо делегатлар бу давлатнинг норасмий аъзо эканини тан олади, - деди вазир жаноблари.

Араб давлатлари лигаси шанба куни Сурия ҳукумати намойшларни қонли бостиришни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бажаришга киришгунига қадар бу давлат аъзолигини вақтинча тўхтатиш қарорини қабул қилди.

Бундай қарор Россия Ташқи ишлар вазири томонидан ҳам “нотўғри”, дея танқид қилинди.

БМТ тарқатган маълумотга кўра, камида 3 ярим минг одам президент Башар ал-Ассад режимига қарши март ойида бошланган намойишларнинг ҳукумат қўшинлари томонидан қонли бостирилиши натижасида қурбон бўлган.

Кун янгиликлари

Қирғизистон: “Кампиробод иши” бўйича айбланганларнинг барчаси оқланди

"Кампиробод иши" бўйича судланувчиларнинг тарафдорлари Бишкекнинг Биринчи май туман суди биноси олдида, 2024 йил 13 июни
"Кампиробод иши" бўйича судланувчиларнинг тарафдорлари Бишкекнинг Биринчи май туман суди биноси олдида, 2024 йил 13 июни

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 14 май куни “Кампиробод иши” бўйича айбланаётганларнинг барчасига нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири суд залидан хабар қилди.

Суд айбланувчилар хатти-ҳаракатида жиноят унсурини топмаган ва уларнинг барчасини уйдан чиқмаслик ҳақидаги тилхат асосида озод қилган.

Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилган ва ОАВ вакиллари суд залига қўйилмаган, ҳукм ўқилаётган пайтда судланувчиларнинг яқинлари ҳам суд залидан чиқариб юборилган - улар ҳукм эълон қилиб бўлингунига қадар йўлакда кутиб турганлар.

Ишни кўриб чиққан суд коллегиясига судья Марат Сидиқов раислик қилган. Суд оқлов ҳукмини чиқаргунига қадар Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларига айбланувчиларни озод қилиш ва улар зиммасидаги барча айбловларни олиб ташлаш чақириғи билан чиққан эди.

Бундан ташқари, AI “инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажаришлари учун Қирғизистон расмийларига босим ўтказиш” чақириғи билан халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилганди.

Кампиробод сув омбори ерларининг Ўзбекистонга бериб юборилишига норозилик билдирган қатор фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқбонлар 2022 йил октябрида қўлга олинган эди. Мазкур иш бўйича жами 27 киши ушланган. ИИВ уларга “оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганлик” моддаси бўйича айблов эълон қилган. Бироқ айрим фигурантларга “ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш”га ҳозирлик кўрганлик айблови ҳам қўйилган.

Орадан бир неча ой ўтиб, суд айбланувчиларнинг бир қисмини озод қилиб, уй қамоғига чиқарган. Бироқ Равшан Жеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Мўлдўқматов, Айданбек Ақматов, Марат Баязов, Айбек Бузурманқулов, Ильгиз Шаменов ва Темир Махмудовлар ҳали ҳам тергов ҳибсхонасида қолаётган эди.

Шунингдек, аввалроқ Ўрўзайим Нурматова ва Талантбек Эшалиев иши алоҳида кўрилиши айтилган. Шу билан бирга, сиёсатчилар Кенешбек Дуйшебаев, Бектур Асанов ва Кубаничбек Қадиров ишлари ҳам уларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолда алоҳида кўриб чиқиладиган бўлган.

Путин Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўз шартларини очиқлади

Владимир Путин
Владимир Путин

Украина ўз қўшинларини Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларидан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиб, НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиши билан Россия ўт очишни тўхтатиб, тинчлик музокараларига киришишга тайёр бўлади. Бу баёнот Россия президент Владимир Путин томонидан Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан 14 июнь куни ўтказилган учрашувда берилди.

Путинга кўра, уруш тўхташи учун аннексия қилинган Қрим Россияники деб тан олиниши, Украина нейтрал ва ядросиз мақомда бўлиши, Россияга нисбатан киритилган халқаро санкциялар бекор қилишини лозим.

Бу шартлар қабул қилинган тақдирда, Путиннинг айтишича, Россия ўт очишни “зудлик билан” тўхтатади. Буни айтар экан, Путин Россия “яна бир конкрет, том маънода тинчлик таклифи”ни ўртага ташлаётганини иддао қилди.

Агар Киев ва Ғарб пойтахтларида бу таклифдан бош тортишса, бу уларнинг иши, қон тўкилиши давом этиши учун уларнинг сиёсий ва ахлоқий масъулиятидир”, дея қўшимча қилган Путин.

Россия президентининг бу баёноти Швейцарияда тинчлик саммити очилиши арафасида янгради. Мазкур саммитда Украина томонидан таклиф этилган тинчлик формуласи муҳокама қилинади. Унда Россия қўшинларини Украинанинг 1991 йилдаги чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетиш кўзда тутилган.

Байден фаолиятини ёритувчи журналистлар унга исталган саволни беришга ҳақли эканларини эслатишди

Зеленский (ч) ва Байден (ў) Савеллетридаги қўшма матбуот анжуманида, 2024 йил 13 июни
Зеленский (ч) ва Байден (ў) Савеллетридаги қўшма матбуот анжуманида, 2024 йил 13 июни

Оқ уй мухбирлари ассоциацияси (ОУМА) президент маъмурияти ва Байденнинг ўзи уларга қандай савол берилишини танлай олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Deadline нашри хабар қилди. Мазкур баёнот Жо Байденнинг Италиядаги матбуот анжуманидаги сўзлари ортидан берилди.

Жорий йилнинг 13 июнида “G7” саммитида АҚШ президенти Жо Байден ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг матбуот анжуманида бўлиб ўтган. Bloomberg агентлиги журналисти Байденга АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи ҳақида савол берган.

“Болалар, сизлардан озроқ ўйин қоидаларига риоя қилишларингизни истардик. Мен Украинадаги аянчли вазият ҳақида гаплашиш учун бу ердаман, сиз эса мендан бошқа нарса ҳақида сўраяпсиз”, деган Байден.

Бу саволдан олдин АҚШ президентидан қамалиб кетиши мумкин бўлган Хантер ҳақида сўралган эди. Ҳар ҳолда, Байден журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берган.

Оқ уй мухбирлари ассоциацияси Байден матбуот анжуманларида саволлар мавзуси бўйича журналистларга ҳеч қанақа шарт қўйилмаслигини аниқлаб олиш “жамоатчилик манфаати”га мос, деган қарорга келган.

Оқ уй президент мулоқот қилиши мумкин бўлган мухбирлар сонини белгилайди, қандай саволлар беришни эса мухбирларнинг ўзлари ҳал қилишади. Ҳар бир лидер журналист унга фақат битта савол беришини ҳамда ўзини энг кўп қизиқтирган саволни беришини маъқул кўриши мумкин, бироқ эркин матбуот мустақил равишда фаолият юритади”, дейилган ассоциация баёнотида матбуот анжуманларида президентга кўпроқ савол бериш имконияти яратилишининг олқишланиши қайд этилган.

Қирғизистон: Айрим тижорат банклари Россия билан пул жўнатмаларини тўхтатди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистондаги “Мбанк” ва “Элдик Банк” (РСК банк) тижорат банклари Россиядан рублдаги пул жўнатмалари тўхтатилганини маълум қилишди. Банклар бу қарорни АҚШ Молия вазирлиги томонидан Москва биржаси, Россия Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан киритилган санкциялар манзарасида қабул қилишган.

“Мбанк” вакиллари “курс волатиллиги ва валюта бозоридаги кескин тебранишлар эҳтимоли туфайли” рублдаги ҳисобрақамлари ва карталар бўйича ҳисобни тўлдириш, пул жўнатмалари ва конвертация тўхтатилганини маълум қилишган. Банк қайдича, мижозларнинг рубль ҳисобрақамларидаги барча маблағлари тўлиқ сақланиб турибди. “Мбанк” Қирғизистоннинг Россия банклари билан фаол ҳамкорлик қилувчи тижорат банкларидан бири бўлиб ҳисобланади.

“Банк мижозлари банк филиалларида пулларини ечиб олишлари мумкин, кассаларда Россия рубли ечиб олинишига чеклов йўқ”, дея қўшимча қилинган банк хабарномасида.

Ўз навбатида “Элдик Банк” вакиллари техник ишлар амалга оширилаётгани муносабати билан Astrasend, “Юнистрим”, Contact, “Золотая Корона” ва “Сбербанк Онлайн” тизимлари орқали пул жўнатмалари тўхтатилганини маълум қилган. Бунга оид бошқа тафсилот келтирилган эмас.

Бундан ташқари, АҚШ санкциялари киритилгани манзарасида Қирғизистон Миллий банкида МБ раиси ўринбосари Қайип Куленбековнинг тижорат банклари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтган, унда валюта бозоридаги жорий вазият муҳокама қилинган.

Қирғизистон Миллий банки маълумотига кўра, 2023 йилда халқаро пул жўнатмалари тизимлари орқали Қирғизистонга 165 миллиард сўмдан кўпроқ (1,9 млрд АҚШ доллари атрофида) пул ўтказилган. Бу маблағнинг 125,5 миллиард сўми (тақрибан 1,44 млрд доллар) Қирғизистонга келиб тушган, 39,8 миллиард сўми (қарийб 475 млн доллар) эса хорижга йўлланган.

Пул жўнатмалари тизимлари орасида мижозлар энг кўп “Золотая Корона” ва “Юнистрим” операторлари хизматларидан фойдаланишган.

АҚШ ва Украина хавфсизликка оид шартномани имзолашди

Украина президенти Владимир Зеленский (ч) ва АҚШ президенти Жо Байден
Украина президенти Владимир Зеленский (ч) ва АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден билан Украина президенти Владимир Зеленский икки мамлакат ўртасида 10 йиллик хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид шартномани имзолашди.

Шартномани имзолаш маросими Италияда бўлиб ўтаётган “Катта еттилик” (G7) саммити теграсида ўтказилди. Зеленский дунёдаги етти етакчи демократик мамлакат лидерлари мажлисига таклиф қилинган бўлиб, бу ерда бошқа масалалар қатори Россия билан урушда Украинани дастаклаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Reuters агентлиги қайдича, шартнома матнида тўғридан-тўғри ҳужжат НАТОга кириш томон илгарилашда Украинага кўмаклашишга йўналтирилгани эслатилган.

Ҳужжатда, Шимолий Атлантика шартномасида кўзда тутилганидек, Украинага қарши уруш бошланганида уни ҳарбий жиҳатдан дастаклашга оид мажбурият йўқ. Унда бу каби уруш ёки тажовуз таҳдиди туғилган тақдирда, Украинанинг мудофаа салоҳиятини кучайтириш мақсадида қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини белгилаш учун 24 соат ичида консультациялар бериш механизми кўзда тутилган.

Шартномада АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлиги ҳам яна бир бор тасдиқланган. Қўшма Штатлар Украинага узоқ муддатли қурол-аслаҳа етказиб бериш, унинг ҳарбийларини ўқитиш ва маслаҳатлар билан ёрдам бериш мажбуриятини зиммасига олган.

The Washington Post нашри шартноманинг Конгресс томонидан маъқулланиши кўзда тутилмагани учун у исталган пайт АҚШнинг исталган кейинги президенти томонидан бекор қилишини мумкинлигини эслатган.

Шартнома имзоланиши ортидан сўзга чиққан Жо Байден Украинада тинчликка эришиш унинг тажовуздан ўзини ҳимоя қила олиш салоҳиятига боғлиқ эканини, тинчликнинг ўзи эса суверенитет ва БМТ низомини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланиши лозимлигини билдирган. Байденга кўра, G7 мамлакатлари аввалда бўлгани каби Украинани дастаклаш фикрида собитдир, Италиядаги саммит қарорлари эса Украина муваффақияти учун мустаҳкам тамал барпо этади.

Ўз навбатида Зеленский шартнома имзоланган кунни “тарихий” кун деб атаган ҳамда АҚШ билан тузилган битим Украина мустақилликка эришганидан буён тузилган энг муҳим икки томонлама шартнома бўлганини қайд этган.

ИҲЕС Озодликнинг озарбайжон хизмати фойдасига қарор чиқарди

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси
Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди биноси

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Озарбайжон ҳукуматининг Озодлик озарбайжон хизмати (“Азадлиқ радиосу”) сайтини блокировка қилиш қарорини Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги конвенциянинг бузилиши бўлиб ҳисобланади, деб топди.

Суд қарорига мувофиқ, Озарбайжон ҳукумати кўрилган зарар учун товон пули ва бошқа харажатларни қоплаш учун ҳар бир аризачига умумий ҳисобда 6000 евродан (6500 АҚШ доллари) тўлаши лозим.

Озодликнинг озарбайжон хизмати сайти Бокудаги суд қарор билан 2017 йилда блокировка қилинган эди. Ўша пайтда сайтда “зўравонлик ва диний экстремизмни тарғиб қилувчи ҳамда оммавий тартибсизликларга чақирувчи” контент жойлангани иддао қилинганди.

Озарбайжонга қарши даъво аризасига яна тўртта оммавий ахборот воситаси — “Азадлиқ” газетаси ва “Мейдан ТВ”, “Туран ТВ”, “Азербайжан саати” телеканаллари қўшилган. Уларга “кишини янглиштирувчи ёлғон ва бўҳтон ахборот” ёйинлаганлик айблови қўйилган.

Аризачилар сайтлар блокировка қилинишига асосан ҳукуматни танқид қилганлик ва коррупция тўғрисидаги хабарлар сабаб бўлганини иддао қилишган.

Озодликнинг озарбайжон хизмати сайти мамлакат президенти Илҳом Алиевнинг оиласи ва унинг ён-атрофидаги шахсларга алоқадор бўлган молиявий операциялар ҳақида журналистик суриштирув ёйинланиши ортидан блокировка қилинган эди.

Қозоғистон 150 дан зиёд хорижликни мамлакатга киритмади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) жорий йил бошидан буён мамлакатда битта террор хуружининг олди олинганини маълум қилди. 26 нафар киши “террорчилик ва экстремистик фаолият учун” судланган. Худди шундай рақамни МХҚ раиси Ермек Сагимбаев ўтган ой охирида Оқўрдада берган ҳисоботида тақдим этган, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

“Экстремизм ва террорчиликка алоқадор 151 нафар хорижлик фуқаро мамлакатга киритилмаган. Республикага тақиқланган диний адабиёт олиб киргани учун 19 нафар хорижлик жавобгарликка тортилган”, дейилган МХҚ матбуот хизмати хабарномасида.

Жорий йилнинг 12 июнь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси бошчилигида Қозоғистон аксилтеррор марказининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда “муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш доирасида давлат идораларининг ўзаро алоқасини кучайтириш тадбирлари” муҳокама қилинган.

ИИВ ва МХҚ кучлари ёрдамида одамлар кўп тўпланадиган жойлар дохил террор хуружи уюштирилиши эҳтимоли бўлган объектларда 3 мингдан зиёд текширув ўтказилган.

Биринчи апрель куни махсус хизматлар теракт олди олинганини маълум қилганлар. Ақтау шаҳрида маҳаллий турғунлардан бири террор хуружига ҳозирланганликда гумонланиб ушланган. Қўлга олинган шахс аввал қотиллик учун судланган “радикал диний мафкура тарафдори” экани айтилган. Унинг яшаш жойи тинтув қилинганида, махсус хизмат маълумотига кўра, портлаш мосламасини тайёрлаш учун компонентлар ҳамда “бошқа ашёвий далиллар” мусодара қилинган.

Еревандаги акцияларда 100 дан зиёд киши жароҳат олди

Еревандаги намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувидан лавҳа, 2024 йил 12 июни
Еревандаги намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувидан лавҳа, 2024 йил 12 июни

Ереванда 12 июнь куни бўлиб ўтган норозилик намойишлари чоғида 101 киши жароҳат олган, улар орасида намойишчилар ҳам, полициячилар ҳам бор. Бу ҳақда “Арманистон жамоатчилик радиоси” мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 85 кишига зарур тиббий ёрдам олганидан кейин уйига кетишга рухсат берилган, қолганлар муолажа олишда давом этмоқда – уларга енгил ва ўрта даражада жароҳат олганлик ташхиси қўйилган.

Armenia Today телеграм-каналининг ИИВ матбуот котибидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишича, норозилик чиқишлари чоғида 18 нафар полиция ходими тан жароҳати олган.

Арманистонда норозилик акциялари бир неча ҳафтадан буён тинмаяпти. 12 июнь куни Арманистон парламенти биноси олдидаги майдонга бир неча минг киши йиғилган. Намойишчилар амалдаги бош вазир Никол Пашинян ва унинг ҳукумати истеъфосини талаб қилишган. Уларнинг кўпчилигини “Тавуш ватан учун” ҳаракати тарафдорлари ташкил қилган. Улар ҳаракат лидери архиепископ Баграт Галстанянни янги бош вазир лавозимига номзод ўлароқ таклиф қилишмоқда.

Чоршанба оқшомида ҳукумат мажлиси кетаётган пайтда митингчилар парламент эшигига етиб олиш учун бино атрофидаги тўсиқларни олиб ташлай бошлаганлар. Бунга жавобан полиция намойишни тарқатишни бошлаган, полициячилар митингчиларга қарши шовқин чиқарувчи гранаталарни қўллаганлар. Ҳодиса чоғида ўнлаб одам қўлга олинган.

Арманистондаги митингларнинг бошланишига расмий Ереван томонидан Озарбайжонга чегараолди ҳудудида жойлашган бир неча қишлоқни топширишга ваъда берилгани сабаб бўлган.

Москва биржаси доллар ва евродаги савдони тўхтатди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

АҚШ Молия вазирлиги томонидан жорий этилган янги санкциялар туфайли Москва биржаси доллар ва евро савдоси тўхтатилганини эълон қилди. Биржа сайтида маълум қилинишича, савдолар жорий йилнинг 13 июнидан бошлаб тўхтатилади.

12 июнь куни Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси АҚШ Молия вазирлигининг Россия қўшинлари Украинага бостириб киргани муносабати билан жорий қилган санкция рўйхатига киритилган.

АҚШ Молия вазирлиги хабарномасида янги санкциялар Россия Мудофаа саноатига сармоя ётқизишга кўмаклашишга йўналтирилмиш “Россия молия тизими архитектураси”га қарши қаратилгани айтилган.

Санкциялар рубль конвертациясининг чекланиши, Россиядан валюта олиб чиқиш қимматлашиши, россиялик экспортерлар учун валютани манфаатли курсда сотиш қийинлашишига олиб келади”, деган CEPA илмий ходими Александр Коляндр The Bell нашрига.

Россия Марказий банки доллар ва евродаги савдолар биржадан ташқари майдонда амалга оширилишини билдирган. Рублга нисбатан расмий курсларни эса МБ банк ҳисоботи маълумотлари ҳамда биржадан ташқари савдо рақамли платформаларидан олинган маълумотлар асосида белгилайди.

“Банки.ру” сайти мониторинги натижаларига кўра, 12 июнь куни Россиядаги бир неча банк долларнинг сотилиш нархини кўтарган. Москвадаги валюта алмаштириш шохобчаларида 1 АҚШ доллари нархи 200 рублгача чиққан, Россия Марказий банки томонидан белгиланган расмий курс эса 89 рублдан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Бишкекда оммавий муштлашувда қатнашган хорижликлар қўлга олинди

Бишкекдаги Ички ишлар вазирлиги биноси
Бишкекдаги Ички ишлар вазирлиги биноси

Қирғизистон пойтахтида оммавий муштлашувда иштирок этган Покистон ва Бангладешнинг 36 нафар фуқароси милиция ходимлари томонидан тутиб кетилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Свердловск туман ИИБ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ИИБ қайдича, покистонликлар ва бангладешликлар ўртасида муштлашув 11 июнга ўтар кечаси бўлиб ўтган. Дастлабки маълумотларга кўра, даставвал чет элликлар ўртасида даҳанаки жанг чиқиб, кейин у муштлашувга айланиб кетган.

Милиция мазкур ҳолат юзасидан терговгача текширув бошлаган. Бундан ташқари, ИИБ маълумотига кўра, 16 кишига нисбатан мамлакат Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг “Хорижлик фуқаролар томонидан Қирғизистонда бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиб-қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича баённомалар тузилган.

ИИБ вакиллари Свердловск туман суди муштлашув иштирокчиларидан бирини “Майда безорилик” моддаси бўйича айбдор деб топиб, унга 5500 сўм (шу кундаги курс билан 63 АҚШ долларидан кўпроқ) миқдорида жарима солган, муштлашувнинг яна икки иштирокчисига эса уч суткалик қамоқ жазоси тайин қилган. Қолган хорижликлар билан милиция тушунтириш суҳбатларини олиб борган.

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистонда ҳужжатсиз ёки муддати ўтиб кетган рухсатномалар билан юрган чет элликларни аниқлаш бўйича рейдлар олиб боришмоқда.

Пашинян: Арманистон КХШТдан чиқишга тайёрланмоқда

Никол Пашинян
Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Миллий йиғинда (парламент) қилган чиқиши чоғида мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқишга ҳозирланаётганини маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг арман хизмати. Бу ҳақда ТАСС ва “Интерфакс” агентликлари ҳам хабар қилишган.

Сизлар нима деб ўйлайсизлар? Кейинги қадам қандай бўлиши лозим? Сиз ортга қайтамиз, деб ўйлайсизми? Йўқ, бошқа йўл йўқ. Хавотир олманг, ортга қайтмаймиз”, дея билдирган Пашинян.

У мамлакатнинг КХШТга киргани учун айбни мамлакатнинг аввалги расмийларига юклади. Пашинянга кўра, улар “аъзолари шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармайдиган пуфак-иттифоқни тузганлар”.

Жорий йилнинг февраль ойида Пашинян Арманистон КХШТдаги ўз аъзолигини “музлатиб қўйгани”ни билдирган эди. Баҳорда мамлакат ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиб қўйганди. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг КХШТ олдидаги молиявий мажбурияти сақланаётганини маълум қилган.

АҚШда ИДга алоқадорликда гумонланган тожикистонликлар ушланди

АҚШда “Ислом давлати” террор гуруҳига алоқадорликда гумонланган 8 нафар тожикистонлик қўлга олинди. Улар АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) томонидан “ФРБнинг террорчиликка қарши кураш бўйича тезкор гуруҳи билан тиғиз ҳамкорликда олиб борилган” амалиёт ортидан ушланган.

Бу ҳақда 11 июнь куни ABC News дохил АҚШдаги бир неча телеканал ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди. Бу манбалар қайдича, қўлга олинганларнинг ҳаммаси АҚШга жанубий чегара орқали киришган ва дастлабки текширув чоғида ҳеч қандай хавф-хатар аниқланмагани учун уларга АҚШда қолишга рухсат берилган.

Хабарларга мувофиқ, қўлга олинганларнинг олти нафарида Россия фуқаролиги бор.

Бу фуқаролар расман иммиграция қонунчилигини бузгани туфайли ушланган, теракт содир этишга тайёргарликка оид айбловлар қўлга олинганларга ҳали билдирилганича йўқ. Маълумотларга кўра, ҳозирда АҚШ расмийлари бу фуқароларни мамлакатдан депортация қилиш бўйича ҳужжатларни тайёрламоқда.

New York Post нашри маълумотига кўра, гумонланувчилар Иммиграция ва божхона назорати хизматида тутиб турилибди. Хизмат мулозимларига кўра, улар ичида камида икки эркак чегарадан 2023 йил баҳорида ўтган, бири эса Байден маъмурияти томонидан яратилган АҚШда бошпана тақдим этилишига оид ариза топшириш учун мигрантларга қабулга ёзилиш имконини берувчи CBP One иловасидан фойдаланган.

Уч нафар хабардор манба NBCга ФРБ Марказий Европадан келаётган террор хавфидан хабардор бўлгани, шунинг учун ҳам ФРБ ходимлари умумий хатар тергови доирасида бу одамларни кузата бошлаганини маълум қилган.

Америка ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозим сўзларига кўра, ФРБ агентлари бу одамлар ортидан бир неча ой кузатган: уларни тинглаб боришган ҳамда гўё “ҳибсга олинганлардан бирининг бомбалар ҳақида гапиргани”ни қайд этишган.

Озодлик тожик хизматининг ёзишича, сўнгги икки йил ичида тожикистонлик юзлаб мигрант Мексика орқали ноқонуний йўллар билан АҚШга кириб олган. Уларнинг кўпи АҚШдан бошпана сўрашган. АҚШ расмийлари яқинда мамлакатга кириш шартларини кучайтиришган.

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Жо Байден АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган мигрантларга АҚШда бошпана берилишига оид илтимоснома киритилишини тақиқловчи фармонни имзолаган эди. Мазкур қонунга мувофиқ, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Грузия, Молдова ва Россиядан келган ноқонуний мигрантларнинг ҳаммаси зудлик билан мамлакатдан бадарға қилиниши лозим.

Авваллари Иммиграция ва божхона назорати хизмати ходимлари мигрантларни мустақил равишда депортация қилиш ҳуқуқига эга эмасди, бу қарорни фақат судгина чиқариши мумкин эди. Бу буйруқ ҳозирча фақат Сан-Диего минтақасига дахлдордир. Мазкур минтақада бугунги кунда Мексика чегараси орқали ноқонуний мигрантларнинг АҚШга киришидаги энг муҳим йўллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Суд Германиядаги виллаларнинг Усмоновга нисбат берилишини тақиқлади

Алишер Усмонов (архив сурати)
Алишер Усмонов (архив сурати)

Ҳамбургдаги суд Tegernseer Stimme газетасига USM Holdings ширкати асосчиси, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Бавариядаги вилла эгаси экани ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур қарор 10 июнь куни қабул қилинган.

Тақиқ бузилишига оид ҳар бир ҳолат учун суд нашрга 250 минг еврогача жарима солади. Бу жаримани тўлай олмаган тақдирда, жавобгар ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолати учун олти ойгача маъмурий қамоққа тортилиши мумкин.

Усмоновнинг адвокатлари 2017 йилдаги мақола учун газетани судга беришган. Ўша мақолада тадбиркор “гап-сўзларга кўра” Тегернзе кўли яқинидаги “улкан виллага қарийб бир давомида эгалик қилган”и иддао қилинган.

2024 йил январида Ҳамбург суди Алишер Усмоновнинг Forbes журналига қарши киритган даъво аризасини қаноатлантирган. Нашр томонидан ёйинланган аноним экспертнинг тадбиркор Россия президенти Владимир Путиннинг “гумаштаси ўлароқ фаолият олиб борган”ига оид сўзлари ишончсиз деб топилган. Forbes журналининг Алишер Усмонов “Мюнхенда кўчмас мулкка эга”лигига оид иддаоси бўйича ҳам суд худди шундай қарор чиқарган. Суд нашрга ҳақиқатга тўғри келмайдиган иддаоларни ёйинлашни тақиқлаб, тақиқ бузилган тақдирда 250 минг еврогача жарима билан таҳдид қилган.

2023 йил августида Алишер Усмонов Австриянинг Kurier газетасига қарши судда ютиб чиққан эди. Даъво аризаси киритилишига нашрнинг тадбиркор ҳақида Владимир Путиннинг “севикли олигархи обрў-эътиборидан фойдаланмоқда” деб ёзгани сабаб бўлган эди.

Mtavari: Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни тикламоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Грузия ва Россия расмийлари дипломатик муносабатларни тиклаш жараёнини бошлашди, Тбилиси Грузиянинг Москвадаги элчихонаси учун ходим йиғишни бошлаб юборди, дея хабар қилди мухолифатдаги Mtavari Arkhi телеканали ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Телеканалнинг “Кремлга яқин” суҳбатдошлари “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси бу каби режаларни рад этаётганини билдиришган, Грузия ҳукумати вакиллари эса элчихонанинг очилишига оид хабарни асоссиз, деб аташмоқда.

Ҳаммаси Россия билан тўғридан-тўғри авиаалоқанинг тиклангани, Грузия фуқаролари учун виза тартиби бекор қилингани ва [“хорижий агентлар тўғрисида”ги] Россия қонунининг қабул қилганига ўхшаш сценарий бўйича кетмоқда”, дея қайд этган телеканал.

Учинчи июнь куни Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Эртаси куни ҳукмрон партия парламентга ЛГБТ ҳуқуқларини чекловчи қонун лойиҳалари пакетини киритган.

Грузия расмийларининг янги сиёсати ғарб сиёсатчилари томонидан фаол танқид қилиб келинган. АҚШ Грузиядаги айрим депутат ва мулозимларга қарши виза чеклови жорий қилган, Европа Иттифоқи эса Тбилиси ЕИга кириш учун номзод мақомини йўқотиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни 2008 йилда Россия-Грузия урушидан кейин узиб қўйган эди.

АҚШ Давлат котиби Блинкен: “ҲАМАС умидбахш белги берди”

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тель-Авивда журналистлар саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тель-Авивда журналистлар саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)

Фаластиннинг ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқида террор ташкилотлари рўйхатига киритилган) БМТ томонидан таклиф этилган Ғазо секторида Исроил билан урушни тугатиш режасига розилик билдирди. Reuters агентлигининг ҲАМАС юқори лавозимли вакили баёнотига таянган ҳолда хабар қилишича, жангарилар БМТ томонидан таклиф этилган режа тафсилотларини муҳокама қилишга ҳозир.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бу янгиликни “умид берувчи белги” деб атади.

Қатарлик ва мисрлик воситачилар БМТ дастаклаган тинчлик таклифига ҲАМАСдан расмий жавоб олганларини билдиришган. Воситачиларга кўра, ҲАМАС ва унинг “Исломий жиҳод” гуруҳидан бўлган фаластинлик иттифоқчилари 11 июндаги қўшма баёнотларида Ғазода урушни тугатишга оид “ижобий келишувларга эришиш учун тайёр” эканларини билдиришган.

Шунга қарамай, Исроил ҳам, ҲАМАС ҳам режа уларнинг “ўзаро тўқнаш келаётган” манфаатларига мос келишини қайд этган ҳолда, бу режа мақсадларига эришиш мумкинлиги юзасидан шубҳа билдирганлар.

“ҲАМАС баёнотида унинг позицияси Фаластин халқига қарши “сионистик агрессия”ни тугатиш ва Исроил кучларининг сектордан олиб чиқиб кетилишини таъминлаш, Ғазони қайта тиклаш ва жиддий асир алмашуви бўйича келишувга эришишга қаратилгани тасдиқлаган”, деган ҲАМАС расмий вакили Reuters агентлигига.

“Ғазони урушдан кейин тиклаш режалари бўйича муҳокама яна бир неча кун давом этади”, дея билдирган АҚШ Давлат котиби Блинкен Исроил раҳбарияти билан Тель-Авивда ўтказилган музокаралардан кейин.

11 июнь куни Блинкен Исроил расмийлари билан учрашган. Томонлар ҲАМАС гуруҳига қарата Исроил тарафидан берилаётган ҳаво ва ер зарбаларини тўхтатиш имкониятини муҳокама қилишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG